Линклар

Қайта кўриб чиқилган резолюция лойиҳаси Хавфсизлик Кенгашида овозга қўйилади

  • Ҳурмат Бобожон

Ироқ бўйича янги резолюция лойиҳаси ва унга киритилган сўнгги ўзгартишлар Хавфсизлик Кенгашининг айрим аъзолари эътирозларига ўрин қолдирмади. Ироққа жорий этилган узоқ йиллик санкцияларнинг бекор қилиниши кўзда тутувчи ва Саддамдан кейинги Ироқ истиқболини белгиловчи резолюцияга Франция, Германия ва Россия эътироз билдириб келди. Аммо, сешанба куни Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ўртасида деярли тўрт соат давом этган сўзлашувлардан сўнг АҚШ ва Британия дипломатлари резолюция борасида эътирозларга ўрин қолмаганини ва унинг сўнгги лойиҳаси пайшанба куни овозга қўйилишини эълон қилдилар.


Агар резолюция Хавфсизлик Кенгашида қабул қилинадиган бўлса Кувайт урушидан сўнг Ироққа жорий этилган жазо санкциялари бекор қилинади ва Ироқ нефт заҳиралари коалиция кучлари, яъни АҚШ ва Британия назоратига ўтади. Шу билан бирга янги резолюция лойиҳасида Россия ва Франциянинг кескин талаблари эътиборга олиниб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ироқдаги махсус вакилига кенг ваколатлар берилиши назарда тутилади.

Резолюция лойиҳасига киритилган бундай ўзгартишлар Россия, Франция ва Германиянинг Ироқ келажаги борасидаги хавотирларига ўрин қолдирмади. АҚШнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги элчиси Жон Негропонте сешанба кунги учрашувдан сўнг шу ҳақда гапирар экан, - Менимча бу ерда энг муҳим масала амалиётларнинг шаффоф тарзда олиб борилиши. Ўйлайманки биз қурадиган ҳуқуқий механизм, яъни янги резолюция Ироқ нефт заҳираларини ўзлаштириш билан боғлиқ ишларнинг шаффофлигини таъминлайди, - деди.

Айни пайтда Россия ва Франция эътирозларига сабаб бўлиб келган яна бир масала резолюция лойиҳасига киритилган ўзгартишлар боис барҳам топган кўринади. У ҳам бўлса БМТ қурол-аслаҳа инспекторларининг Ироққа қайтарилишидир. Шу пайтгача Москва ҳамда Париж расмийлари Ироқда Саддам Хусайннинг оммавий-қирғин қуролларини қидириш ишлари оҳиригача олиб борилишини талаб этиб келдилар. Хавфсизлик Кенгашида янги резолюция борасида мухокамалар давом этаётган бир пайтда АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд инспекторларнинг Ироққа қайтишларига ҳеч қандай эътирози йўқлигини баён қилди. Рамсфелдга кўра, у айни масалани Ироқдаги АҚШ қўшинлари қўмондони Генерал Томми Френкс билан мухокама этган.

"Мен Ироқдаги қўшинларимиз қўмондони Генерал Френкс билан бу ҳақда суҳбатлашдим. У менга БМТ инспекторининг Ироққа қайтишларига ҳеч қандай муаммо йўқ деб айтди", - таъкидлади Рамсфелд.

Аммо, шу ўринда Франция эътирозларига сабаб бўлаётган бир масала ҳануз очиқ қолмоқда. Париж расмийлари коалиция кучларига Ироқни бошқариш ваколати муаян муддатга берилишини хоҳлаяпти. Вашингтон эса чекланмаган муддат тарафдори. АҚШнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги элчиси Жон Негропонте Ироқда халқаро ҳамжамият эътирофига молик ҳукумат тузилсагина у ердаги коалиция кучлари мандати тугашини ва бу ҳақда резолюцияда аниқ қилиб айтилган, деди.

Муддат чеклови билан боғлиқ талабларни Очиқ жамият институти ва унинг асосчиси Жорж Сорос ҳам олға сурмоқда. Сешанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳида бўлган матбуот анжумани чоғида Очиқ жамият институтининг Вашингтон бўлими раҳбари Мортон Хэлперин Ироқни қайта тиклашда БМТ ролига асосий эътибор қаратилишини урғулади. - Биз Ироқни қайта тиклаш, у ерда вакиллик ҳукуматини тузиш масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Хавфсизлик Кенгашига устивор ваколатлар берилиши керак деган фикрдамиз ва бу резолюцияда аниқ қилиб кўрсатилиши керак. Қолаверса бу ишга оккупация кучлари эмас айнан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти масъулдир, - деб таъкидлади Мортон Хэлперин.

Шу ўринда Очиқ жамият институти асосчиси Жорж Сорос резолюцияга киритилган янги ўзгартишларини, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ироқдаги махсус вакилига кенг ваколат берилганини олқишлади. Бироқ, Сорос айтдики, унинг ташкилоти Ироқдаги нефт заҳираларини ўзлаштириш ишларини яқиндан кузатиб боради. Айни пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Кофи Аннан ҳам бу ишлар халқаро ҳамжамият назорати остида бўлишига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG