Линклар

ҚУРЪОНИ КАРИМНИ РОССИЯДА ҲУЖЖАТ СИФАТИДА ТАН ОЛДИЛАР. МАРКАЗИЙ ОСИЁДАЧИ?

  • Сарвар Усмон

Россия Федерацияси Олий судининг Кассация ҳайъати ўтган ҳафтада бир гуруҳ татаристонлик мусулмон аёлнинг шикоят аризасини кўриб чиқиб, уларни қаноатлантирадиган қарор қабул қилди. Демак, бундан буён россиялик муслималар, агар ҳоҳласалар, паспорт ва бошқа ҳужжатлар учун бошларида рўмол билан суратга тушишлари мумкин.

Охир-оқибат Олий судгача етиб борган можаро ўтган йили бошланган эди. Татаристонлик бир гуруҳ аёл паспорт учун яланг бош суратга тушишдан бош тортганди. Аёллар бу ҳақда маъмурлар билан баҳсга киришар эканлар, ўз хоҳишларининг Қуръон талабларига асосланганини, Қуръонга кўра эса, муслима номаҳрамга ҳижобсиз кўриниш бериши мумкин эмаслигини таъкидлаганлар. Бироқ, расмийлар Қуръонни ҳужжат сифатида тан олмаганлар ва шундан сўнг муслималар ўз ҳуқуқларини судлар ёрдамида ҳимоялашга ўтгандилар.

Ниҳоят... Келинг, шу ўринда "Независимая газета"дан бир кўчирма келтирайлик: "Энди эса, суд (Россия Олий суди – С.У.) Қуръонни ҳужжат, деб тан олди ва Ички ишлар вазирлигининг 1997 йил, 15 сентябридан бошлаб амал қилаётган "Россия фуқаросига паспорт бериш, алмаштириш ва қайд этиш тўғрисида"ги қўлланмасининг 14 бандини бекор қилди".

Бекор қилинган бандга биноан, Россия фуқаролари ҳужжат учун суратга, бош яланг тушишлари шарт эди.

Мана энди, ҳужжат учун бош яланг суратга тушишни талаб қилишга, Россияда ҳеч кимнинг қонуний ҳаққи қолмади.

Ўз ҳуқуқлари учун курашган татаристонлик муслималарнинг эришган ғалабаларидан қувончлари чексиз. Улардан бири Озодлик радиоси мухбирига берган интервьюсида, жумладан, шундай деди:
- Мен бу хабарни эшитиб жуда қувондим. Бу хабарни анчадан бери кутаётган эдик. Паспорт учун бошга рўмол ўраб суратга тушиш табиий ҳолатдир.

Россиялик муслималарга ҳужжат учун суратга бош кийим билан тушишга рухсат берилиши, табиийки, бу масала Марказий Осиё мамлакатларида қандай ҳал қилинмоқда, деган саволни пайдо қилди.

Озодлик радиосининг Душанбедаги мухбирларидан олган маълумотларимизга қараганда, Тожикистонда ҳужжат учун яланг бош тушилган сурат талаб қиладилар. Боз устига, республикадаги мактабларда ўқувчи қизларнинг бошидаги рўмолни зўрлик билан олиб қўйиш ҳоллари ҳам тез-тез учраб туради. Шундай воқеалардан бири ўтган йили Конибодом шаҳридаги мактаблардан бирида юз берган ва ўқувчи қизларнинг шикоятини республикадаги "Нажот" газетаси босган эди.

Бошда рўмоли билан тушган суратини кўтариб борса, қирғизистонлик аёлга ҳам паспорт бермайдилар. Ўшлик журналист Ҳулкар бу масалани ўрганиб кўрган. Унинг айтишича, Қирғизистонда паспорт учун фақат яланг бош тушилган суратни қабул қиладилар:
- Россиялик мусулмон аёллар суратга бош кийим билан тушсалар ҳам паспорт берилаверадиган бўлганидан кейин, биз ҳам бу масалани ўрганишга ҳаракат қилиб кўрдик. Ўшдаги паспорт бўлимидан олинган маълумотга қараганда, Қирғизистонда ҳужжат учун суратга бош кийимсиз тушиш керак. Россияда қабул қилинган қарордан руҳланган маҳаллий мусулмон аёллар ҳам бу масалани оммавий тарзда кўтариб чиқмоқчилар, - дейди
қирғизистонлик журналист Ҳулкар.

Демак, Тожикистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам хотин-қизларнинг бош кийим билан тушган суратларини паспорт берувчи идоралар қабул қилмайдилар.

Хўш, Ўзбекистондачи? Бу саволга жавоб топиб беришни Тошкентдаги ҳамкоримиз Хумоюндан илтимос қилдик. Ҳамкоримизнинг саволларига аввал Тошкент шаҳар Шайхантовур тумани паспорт бўлими катта нозири жаноб Ҳожиматов жавоб берди:

Мухбир: Муслима аёллар рўмолда суратга тушиб паспорт ола биладиларми?

Нозир: Йўқ.

Мухбир: Демак, Ўзбекистонда бунга рухсат йўқ?

Нозир: Йўқ.

Мухбир: Бу халқаро нормами ёки Ўзбекистоннинг қонуни рухсат бермайдими?

Нозир: Ўзбекистоннинг қонуни рухсат бермайди.
Шайхантовур тумани паспорт бўлими катта нозири жаноб Хожиматов билан ўтказилган қисқа суҳбат эди. Ҳамкоримиз Хумоюннинг саволларига Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани паспорт бўлими нозири жаноб Тўйчиев ҳам жавоб берди:

Мухбир: Ўзбекистонлик аёллар рўмол ўраб тушган суратлари билан паспорт ола биладиларми?

Нозир: Ҳижобда бўлсаларми?

Мухбир: Ҳа.

Нозир: Бўлмайди.

Мухбир: Сабаби нимада?

Нозир: Бош кийимсиз тушиш керак паспорт учун суратга. Бўйиннинг тепаси очиқ бўлиши керак. Каллада ҳеч нарса бўлмаслиги керак. Шапкаям, шляпаям.

Мирзо Улуғбек тумани паспорт бўлими нозири жаноб Тўйчиев билан ўтказилган суҳбат эди.

Демак, шу кунда, Россиядан фарқли ўлароқ, Марказий Осиё мамлакатларида, шу жумладан Ўзбекистонда, паспорт бўлими нозири жаноб Тўйчиевнинг таъбири билан айтганда, паспорт олиш учун суратга туширилган каллада ҳеч нарса бўлмаслиги керак.
XS
SM
MD
LG