Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:29

Пентагон кичикроқ ядровий қуроллар устида тадқиқот олиб боришни режалаштирмоқда.


Акрам Файзулло

Пентагон кичик атом бомбалари устида тадқиқот ишлари олиб боришини билдирди. Бундай бомбалар беш тоннадан кам портловчи кучга эга бўлади.

Янги ядровий қурол Хиросимага ташланган атом бомбасининг тахминан учдан бир қисмини ташкил қилади.

АҚШ Қуролли кучлари штабининг бошлиғи генерал Ричард Майерсга кўра, кичик атом бомбалари ëрдамида, айниқса, ер ости лабораторияларида ишлаб чиқарилаëтган кимëвий ва биологик қуролларни самарали равишда йўқ қилиш мумкин:

- Ядровий қуроллар кимëвий ва биологик қуролларни йўқ қилишда фойдали бўлиши мумкин. Шунинг учун биз кичик атом бомбалари устида тадқиқот олиб боришни хоҳлаймиз, - деди Ричард Майерс.

Номи ошкор этилишини истамаган айрим АҚШ ҳарбийлари ва расмийларининг қайд этишларича, Америка хавфли режимлар ëки террорчи гуруҳларга қарши йирик атом бомбаларини қўллай олмайди, чунки шундай қилинса кўп сонли одам қирилиб кетади ва буни душман яхши билади. Шунинг учун, - дейди улар, агар кам талафот етказувчи кичик атом бомбалари ишлаб чиқарилса, душман бундай қуроллар ўзига қарши ишлатилишига ишонади ва шу орқали Америка душманни ëвуз ниятларидан қайтариши мумкин.

АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд маъмурият фақат кичик атом бомбалари устида тадқиқот олиб боришини ва бундай қуроллар ишлаб чиқаришни режалаштирмаëтганини билдирди.

Аммо ҳарбий мутахассис Роберт Хеусон бундай тадқиқот иши янги қуролланиш пойгаси бошланишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирди:

- Ядровий қурол борасида бир қадам қўйилдими, тамом, бу ишни ниҳоясига етказмаслик жуда қийин бўлади, - деди Роберт Хеусон. У қўшимча қилиб, “бошқа йирик давлатларда, Америка ўзи хоҳлаган қуролни ишлаб чиқаради-ю, нега биз бундай қилолмас эканмиз, деган ҳақли савол туғилади”, - деди.

Мутахассисларнинг қайд этишларича, агар Қўшма Штатлар кичик атом бомбаларини ишлаб чиқариш ҳақида қарор берса, ҳеч қандай шартномани бузмаган бўлади. Чунки ядровий қуроллар тарқалишига йўл қўймаслик тўғрисидаги келишувда янги русумда қуроллар ишлаб чиқарилиши таъқиқланмаган.

Аммо шунга қарамай, дейди Лондондаги стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Герэ Самор, бу нарса қуролланиш пойгасига олиб келади:

- Янги русумда ядровий қурол ишлаб чиқариш ядровий синовлар ўтказилишини талаб этади. Агар Америка ядровий синовларни қайта бошласа, ҳеч қандай келишувни бузмаган бўлади. Чунки ядровий синовларни бутунлай таъқиқлаш ҳақидаги шартнома кучда эмас. Аммо ядровий қуролларга эга бўлган бошқа давлатлар, хусусан, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон ядровий синовларни қайта бошлашлари мумкин, - деди Герэ Самор.

Сешанба куни АҚШ Сенати кичик атом бомбалари устида тадқиқот олиб бориш ва бундай қуроллар ишлаб чиқарилишига қарши 10 йилдан бери жорий этиб келинаëтган чекловлар бекор қилинишини маъқуллади. АҚШ Конгрессининг Намоëндалар палатаси кичик атом бомбалари ишлаб чиқарилишини эмас, балки бундай қуроллар устида тадқиқот ишлари олиб борилишини тасдиқлаши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG