Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:45

ҚИРҒИЗИСТОН-ТУРКИЯ: ЎҚИШДА, ИШДА ҲАМ ҲАРБИЙ ЮМУШДА...


21 май куни Қирғизистон республикаси Мудофаа вазирлигида мамлакат Мудофаа вазири Эсен Топоевнинг Туркия Мудофаа вазирлиги Ресурсларини бошқарув департаменти бошлиғи, генерал майор Жаҳонгир Думанли билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда муҳокама қилинган масалалар тўғрисида маълумот беришдан аввал, икки оғиз сўз Қирғизистон Туркия муносабатлари тадрижи тўғрисида. Бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан сўнг ўрнатилди ва минтақадаги бошқа баъзи мамлакатлардан фарқли ўлароқ, бу муносабатларда кескин бурилишлар кузатилгани йўқ. Қирғизистон ва Туркия ўртасида маданият ва маориф соҳасида ҳам тиғиз алоқалар ўрнатилган. Қирғизистонлик талабалар Туркия олий ўқув юртларида таҳсил олмоқдалар. Республика бўйлаб Туркиянинг ўрта таълим мактаблари, Бишкекда Қирғиз-Турк олий ўқув юрти ишлаб турибди.

Туркиялик давлат ва жамоат арбобларидан иборат делегациянинг 21 май куни Ўшга сафар қилгани ҳам қирғиз-турк алоқаларининг бир маромда давом этаётганидан далолатдир. Ўш шаҳар мэриясида бўлиб ўтган учрашувда икки давлат ҳамкорлигининг истиқболлари, Ўшнинг ривожига сармоя ётқазиш, шаҳарда ишлаётган икки турк лицейининг аҳволи каби масалалар муҳокама қилинди. Бу мактабларнинг ривожи учун Туркия томони шу кунгача 90 миллион қирғиз сўми
(1 АҚШ доллари - тахминан 43 қирғиз сўмига тенг) сарфлаган, деб хабар беради АКИпресс ахборот агентлиги.

Қирғизистон Туркия муносабатлари ҳарбий ҳамкорлик соҳасини ҳам қамраб олган. Қирғизистон Мудофаа вазирлигида туркиялик генерал билан ўтказилган музокаралар фикримиз далилидир.

Озодлик радиосининг Бишкекдаги мухбиридан олинган маълумотга қараганда, учрашув давомида "Беминнат ҳарбий ёрдам тўғрисида ҳукуматлараро келишув" ҳамда "Қирғизистон Мудофаа вазирлиги томонидан молиявий ёрдамни ўзлаштириш протоколи" имзоланди.

Қирғизистон Мудофаа вазири Эсен Топоевга кўра, Бишкекда имзоланган ҳужжатлар асосида Қирғизистон Қуролли кучларига Туркия томонидан бериладиган ҳарбий-техникавий ашёлар рўйхати тузиб чиқилади. Туркия Мудофаа вазирлиги вакили генерал Жаҳонгир Думанли Қирғизистон билан Туркия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик бу мамлакатга ҳарбий-техникавий ашёлар бериш билан чекланмайди, икки мамлакат ўртасида ҳарбий таълим ва ҳарбий мутахассислар тажрибасини айирбошлаш соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилинади, деди. Фикрини давом этар экан, туркиялик ҳарбий амалдор Қирғизистон халқаро терроризмга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшганини таъкидлади.
Имзоланган протоколга кўра, Қирғизистон томони ўз хавфсизлигига таҳдид пайдо бўлиши биланоқ истаган соҳасида ёрдам олиши мумкин, деди генерал Жаҳонгир Думанли.

Қирғизистон Мудофаа вазирлигидан олинган маълумотларга қараганда, Қирғизистон Туркия билан ҳарбий соҳада 1993 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. Бу алоқалар "Тинчлик учун ҳамкорлик" дастури доирасида давом этмоқда. 2000 йилнинг 15 июнида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида имзоланган таълим, фан ва техника соҳасида ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳам Қирғизистон билан Туркия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг бир маромда давом этишига қонуний асосдир.

Қирғизистонлик зобитлар Туркия республикасининг махсус мақсадли курсларида, Қуруқликдаги қўшинлар билим юртида ҳамда Ҳарбий-тиббий академиясида таҳсил олмоқдалар. Айни пайтда қирғизистонлик ҳарбийларнинг Туркияда таълим олишлари учун кетадиган сарф-ҳаражатларнинг ҳаммасини Туркия ўз зиммасига олган.

Шу кунда Туркия ҳарбийлари "Тинчлик учун ҳамкорлик" дастури доирасида Афғонистондаги Тинчлик ўрнатувчи кучлар сафида ҳам бор.
АКИпресс ахборот агентлигига кўра, Қирғизистон Мудофаа вазирлигида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Туркия Мудофаа вазирлиги вакили генерал Жаҳонгир Думанли Туркия ҳарбий контингенти Қирғизистондаги Ганси номидаги ҳарбий базага жойлаштирилиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Бироқ, турк ҳарбийларининг қачон келишини айтмади.
XS
SM
MD
LG