Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:29

Ироқ Коммунистик партияси ҳокимият учун курашмоқда.


Акрам Файзулло

Совет Иттифоқи парчалангандан бери, жаҳонда коммунистик партияларнинг таъсири камайган бир пайтда ироқлик коммунистлар ҳокимиятга қайтишга умид қилмоқдалар.

Саддам Ҳусайн режими ҳокимиятдан ағдарилгандан кейин, Ироқ Коммунистик партияси мамлакатдаги ўнлаб сиëсий, этник ва диний гуруҳлар сингари ҳокимият учун курашмоқда.

1934 йилда ташкил топган Ироқ Коммунистик партияси мамлакатнинг энг эски дунëвий партияларидан биридир. Партиянинг Бағдоддаги қароргоҳида коммунистик шиорлар ва қизил байроқлар илиб қўйилган. У ерда инқилобдан кейинги Россиядаги ҳаëт ҳақида ҳикоя қилувчи совет пропаганда ҳужжатли филмларини кўриш мумкин.

Сўнгги пайтларда Ироқ Коммунистик партияси оддий ишчилар ва ëшларни ўзига кўпроқ жалб этмоқда. Дурадгор Нух Иброҳим Коммунистик партия камбағалларга ëрдам бераëтгани учун бу партияга аъзо бўлганини гапиради:

- Ироқ Коммунистик партияси ишчи синфнинг мақсадлари, халқнинг талаблари бажарилиши учун курашади, - деди Нух Иброҳим.

19 ëшли талаба Нуаранинг қайд этишича, Ироқ Коммунистик партияси ким бўлишидан қатъий назар, барча одамларга тенг даражада муносабат қилади:

- Ироқ Коммунистик партияси эркинликни ва жамиятнинг барча қатламларини қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун мен бу партияга аъзо бўлдим. Коммунистик партия суннийлар ва шиалар ëки мусулмонлар ва насронийларни камситмайди, - деди талаба Нуара.

Аммо таҳлилчи Аҳмад Асаабнинг қайд этишича, сунний ва шиа руҳонийлари Ироқ Коммунистик партиясига қаттиқ қаршилик кўрсатмоқдалар. Унга кўра, партиянинг дунëвий принциплари Ироқдаги бугунги ҳаëтга тўғри келмайди.

- Нафақат Ироқда, балки ҳар қандай араб давлатида дунëвий принципларни ташвиқот қилган киши халқни ислом динидан оғдираëтган шахс сифатида кўрилади, - деди Аҳмад Асааб.

Айрим ироқликлар Коммунистик партияни сиëсий куч, деб ҳисобламайдилар. 50 ëшли Фауд Ироқ Коммунистик партиясига аъзо бўлиш нияти йўқлигини, лекин унинг баъзи дўстлари партия сафига кираëтганларини қайд этди. Унга кўра, Ироқ Коммунистик партияси нашри бўлган “Ториқ ал-Шааб” газетаси, айниқса, ëшлар орасида кўп ўқилади.

- Мен ҳар куни кўчаларда ëшларнинг “Ториқ ал-Шааб” газетасини ўқиб ўтиришганини кўраман. Ëшлар бошқа нашрларга қараганда, бу газетани кўпроқ ўқишади, - деди Фуад.

Ироқ Коммунистик партияси марказий қўмитасининг аъзоси Али Аодага кўра, унинг партияси хусусий сектор ривожлантирилишини қўллаб-қувватлайди. Аммо у қўшимча қилиб, Ироқ Коммунистик партияси халқ манфаати йўлида ишлаш учун ҳар қандай партия билан коалицияга қўшилишга тайëр эканини билдирди.
XS
SM
MD
LG