Линклар

БМТ Бош котиби Коффи Аннан Инсон ҳуқуқлари комиссияси бошлиғини ўзининг Ироқдаги махсус вакили этиб танлади.

  • Ҳасанжон

Аввал хабар қилганимиздек, шу ҳафтада БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ироқ хусусида янги резолюция қабул қилди. Унда, БМТ Ироққа қарши жорий этилган барча иқтисодий санкцияларни бекор қилиши, Ироқнинг янги демократик ҳукуматини ташкил этишда етакчи рол ўйнаши, бунинг учун БМТнинг Ироқ бўйича махсус вакилини тайинланиши кўзда тутилган. Шунга мувофиқ, 23 май куни БМТ Бош Котиби Коффи Аннан Сержио Виера де Меллони ўзининг Ироқдаги махсус вакили лавозимига тайинламоқчи эканини маълум қилди.

Виера де Мелло сўнгги тўққиз ой давомида БМТ инсон ҳуқуқлари комиссияси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. У Ироқда янги ҳукумат ташкил этилиши жараёнида етакчи рол ўйнаши лозим. Виера де Меллонинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўрни аҳамиятли бўлгани учун у фақат қисқа муддат БМТ Бош котибининг Ироқдаги махсус вакили вазифасини бажаради. Виера де Мелло Бангладеш, Ливан, Шарқий Тимор ва бошқа можароли минтақаларда фаолият олиб бориш баробарида ижобий ном қозонган. Шу сабабли унинг мазкур лавозимга тайинланишида АҚШ воситачилик қилди. Виера де Меллони кўпгина Европа, Осиё, Африка ва Лотин Америкаси давлатлари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи гуруҳлар ҳурмат қилади. БМТ матбуот котиби Фред Экхардга кўра, БМТ Бош котиби Коффи Аннан Сержио Виера де Меллони ўзининг Ироқдаги махсус вакили этиб тайинлаганини 27 май куни бўлиб ўтадиган матбуот брифингида эълон қилади.

22 май куни Хавфсизлик Кенгаши қабул қилган резолюцияга мувофиқ, Виера де Мелло БМТнинг Ироққа инсонпарварлик ёрдамларини етказиш ҳамда мамлакатдаги қайта қуриш ишларини мувофиқлаштиради. Буларни амалга оширишда у АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари билан бирга ишлайди. Шунингдек, БМТ Бош котибининг махсус вакили янги демократик ҳукумат ташкил этишда ироқликларга ёрдам беради. Шу масалада гапирган БМТ Бош котиби Коффи Аннан: “Ироқликлар ўз тақдири учун масъул бўлишлари лозим. Улар ўзларининг сиёсий келажаклари ва мамлакатнинг табиий ресурслари учун ҳам жавобгардирлар. Ироқда ҳукумат ташкил этиш учун биз ироқликлар ва коалиция раҳбарлари билан бирга ишлашга умид қиламиз”,-деди.

Франция, Россия ва Германия Ироқда янги ҳукумат ташкил этилишида БМТ етакчи рол ўйнашини хоҳлади. Энди БМТ махсус вакили мустақил мажбуриятларга эга бўлиш билан бир қаторда, қайта қуриш ишлари ва янги маъмурият ташкил этишда АҚШ, Британия ва Ироқ расмийлари билан яқиндан ҳамкорликда ишлайди. Коффи Аннан БМТ Бош Ассамблеяси президенти Ян Каванга йўллаган мактубида, Виера де Мелло Ироқда бўлган пайтда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари комиссияси бошлиғи вазифасини унинг ўринбосари Гаяналик Берти Рамчаран вақтинча бажаришини маълум қилган.

Индонезия 1999 йилда Шарқий Тимордан ўз қўшинларини олиб чиққанидан сўнг, мустақилликка ўтиш даврини кузатиб бориш учун Виера де Мелло Шарқий Тиморга борди. Ўшанда у жамоатчилик орасида катта обрў қозонди. Ниҳоят, 2002 йил май ойида Шарқий Тимор ўз мустақиллигини эълон қилди. Шарқий Тимордан қайтганидан тўрт ой кейин Коффи Аннан Сержио Виера де Меллони БМТнинг Женевадаги Инсон ҳуқуқлари Олий комиссиясига раҳбар этиб тайинлади. Унгача мазкур лавозимда ишлаган Ирландиянинг собиқ президенти Мэри Робинсон хоним инсон ҳуқуқлари борасида АҚШ ва бошқа давлатларнинг ҳафсаласини пир қилган.

Рио де Жанейро шаҳрида дипломат оиласида туғилган Сержио Виера де Мелло фалсафа факултетини битириб, Парижда иккита мавзуда докторлик диссертациясини ёқлаган. У 1969 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясига ишга жойлашган.

1971 йилда Виера де Мелло мустақилликни эндигина қўлга киритганида Бангладешда ишлаган. 1974 йилда Туркия Қибрисни босиб олганидан сўнг, у ердаги қочқинлар масаласи билан шуғулланган. Маълумки, Мозамбик Португалиядан мустақиллигини қўлга киритганидан кейин мамлакатда фуқаролар уруши бошланган. Виера де Мелло 1975 йилда Мозамбикдаги БМТ операциялари бошлиғи лавозимида ишлаган.

БМТ Бош котиби Коффи Аннаннинг Ироқдаги махсус вакили этиб тайинланган Сержио Виера де Мелло 1981 - 1983 йилларда Перудаги ҳарбийлар бошқаруви ҳамда Исроил Ливанни босиб олганида, у ердаги БМТнинг муваққат кучлари сафида сиёсий маслаҳатчи бўлиб ишлаган. Бундан ташқари, Виера де Мелло 1996 йилда Югославия парчаланганда БМТнинг қочқинлар масалалари билан шуғулланувчи олий комиссарлигида раҳбар ёрдамчиси бўлиб ишлаган.
XS
SM
MD
LG