Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:31

Америкалик олимга ўткир респиратор синдроми юққани гумон қилинмоқда.


Ўткир респиратор синдроми, деб аталаётган касаллик тарқалиши сабабларини ўрганиш учун шу ҳафтада АҚШ делегацияси Тайванга борди. Делегация аъзоларидан бирида ўткир респиратор синдроми аломатлари кузатилганидан сўнг улар ортга, яъни Атлантага қайтдилар.

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази директори доктор Жулие Гербердинг телефон орқали ўтказган матбуот брифингида, марказнинг исми ошкор этилмаган ходими айнан ўткир респиратор синдромига чалингани ҳозирча исботланмаганини маълум қилди.

АҚШлик мутахассислар Тайванда бўлган пайтда ўткир респиратор синдроми юққан одамларни даволаш билан шуғулланмаганлар. Улар доим юзларига ниқоб тақиб юрганлар. Шу сабабли, делегация аъзосига вирус кундалик ҳаётда юққан бўлиши мумкинлиги гумон қилинмоқда. Гуруҳнинг бошқа аъзолари ҳар куни у билан яқин мулоқотда бўлганлари сабабли, улар ҳам ҳар эҳтимолга қарши уйларига қайтганлар. Айни пайтда, америкалик шифокорлар гуруҳи яшаган меҳмонхона тозалаш учун вақтинча ёпилган. Америкалик олим билан яқин мулоқотда бўлган меҳмонхона ходимлари ҳам карантиндалар.

Тайвандаги вазият тобора ёмонлашиб бормоқда. Тайван президенти Чен Шуи-биан мамлакатда хукм сураётган вазиятни шундай баҳолади: “Ўткир респиратор синдроми касаллигига қарши барча бирдек курашиши лозим. Агар тиббиёт ходимларидан иборат мудофаа фронт жабҳаси ташкил этилмаса, касаллик бутун Тайванни ютиб юборади. Агар халқ қўллаб-қувватламаса, хатто энг қудратли тиббий муҳофаза ҳам муваффақиятсизликка учрайди”.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Тайван оролида фақат пайшанба кунининг ўзида ўткир респиратор синдромига чалинган 60 киши аниқланган ва яна саккиз одам мазкур касалликдан ўлган. Бу билан Тайванда ўткир респиратор синдромидан ўлганлар сони 480дан ошди. 22 май куни Хитойда 26 киши мазкур касаллик билан ҳасталангани ва яна тўрт одам ўлгани эълон қилинди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Гонгконг ва Хитойнинг жанубий минтақаларига саёҳат қилмаслик ҳақида эълон қилган огоҳлантиришини жума куни бекор қилди. Гонгконг ҳокими Танг Чи-хва шу ҳақида гапириб: “Ҳозирги шароитни яратиш осон бўлмади. Гонгконг фуқароларининг улкан ва машаққатли меҳнати эвазига касаллик тарқалишининг олди олинди. Мен уларга чуқур миннаддорлик изҳор қиламан”, - деди.

Жума куни Хитойда яна 20 киши ўткир респиратор синдромига чалингани аниқланди. Бу билан мамлакатда мазкур касаллик юққан фуқаролар сони 5.285га етди. Дунё мамлакатлари бўйлаб 8 мингдан ортиқ одам бу касалликка чалинди. Қурбонлар сони эса 680га етди.

Пайшанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Хейманн олимлар учун ёмон хабарни эълон қилди. Унга кўра, ўткир респиратор синдромига олиб келувчи коронавирус, бир одамдан бошқа одамга юққанидан сўнг ўз кучини йўқотмас экан. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ўн бешдан ортиқ одамга юққан айни вирус ўз кучини йўқотмаган. Хейманн, касалликлар юқтирувчи кўпгина вируслар бир одамдан бошқасига ўтган сари ўз кучини тобора йўқотишини алоҳида таъкидлади.

Ўткир респиратор синдроми дунё давлатларига таҳхдид солишни давом эттирар экан, Лансет номли халқаро тиббий журнал, Кардиф Астробиология Маркази астробиологи Чандри Викрамасингх йўллаган мактубини чоп этди. Мактубда астробиолог – ўткир респиратор синдроми касаллигини қўзғатувчи коронавирус ерга ўзга сайёраликлар томонидан олиб келинган бўлиши мумкин, деган фикрни билдирган.

АҚШдаги Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази директори доктор Жулие Гербердинг астробиолог даъволарига: “Ўткир респиратор синдроми метереоритлардан тарқалмаганини исботловчи анча далилларга эгамиз”,- деб жавоб берган.
XS
SM
MD
LG