Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:16

Ироқда болалар миналардан нобуд бўлмоқдалар, яраланмоқдалар.


Акрам Файзулло

Саддам Ҳусайн режими ҳокимиятдан ағдарилгандан бир ҳафта ўтгач, пойтахт Бағдоднинг жанубий қисмида ўқ-дори омбори портлагани оқибатида камида олти одам нобуд бўлди ва 10 киши яраланди.
АҚШ ҳарбийларига кўра, номаълум шахслар омборни ўққа тутгани оқибатида портлаш юз берган. Аммо ироқликлар Америка аскарларини аҳоли пунктига яқин жойда очиқ ҳолда сақланган ўқ-дориларни ўз вақтида бошқа ерга кўчирмаганликда айбладилар.
Бағдодда юз берган мазкур портлаш – АҚШ ва Британия қўшинлари Ироқда назорат ўрнатгандан бери содир бўлган кўплаб ҳодисалардан биттаси холос.
Human Rights Watch ташкилотининг Ироқдаги турли манбаларга асосланиб маълум қилишича, уруш тамом бўлгандан буëн, мамлакатнинг шимолий вилоятларида нобуд бўлган ва яраланган фуқаролар сони уруш давомида ҳалок бўлган одамлар сонидан кўпдир.
Уруш бошланмасдан бурун Саддам Ҳусайн кучлари катта майдонларни миналаштирди ва коалиция қўшинлари мамлакатга киргандан сўнг, кўплаб оғир қуролларни ва ўқ-дори омборларини ташлаб қочди.
Британияда жойлашган халқаро нодавлат ташкилот Mines Advisory Group мина майдонларини тозалаш ишлари билан шуғулланади. Ҳозир ушбу ташкилот ходимларининг ëрдамида Киркўк ва Мосул минтақалари миналардан тозаланмоқда. Шу ташкилот вакили Шон Саттинга кўра, Ироқ кучлари ташлаб кетган портловчи моддалар маҳаллий фуқароларнинг ҳаëтига жиддий хавф солмоқда.
- Ироқ аскарлари шаҳарлардаги айрим мактаблар ва масжидларга, шунингдек шаҳарлар атрофида миналар, ракеталар бошқа кўплаб портловчи моддаларни кўмиб кетишган. Бу қуроллар оддий фуқароларнинг, айниқса, болаларнинг ҳаëтига хавф солмоқда, - деди Шон Саттин.
Мосул шаҳридаги шифокорларнинг айтишларича, бу ерда ҳар куни 3-5 бола турли портловчи моддалардан яраланмоқда. Уруш тамом бўлгандан бери, Ироқнинг Киркўк, Кифри Жалавлоҳ ҳудудларида 150дан ортиқ одам яраланган.
Киркўк ва Мосулда, ҳамда, Британия ва Ироқ аскарлари ўртасида шиддатли жанглар содир бўлган Басра шаҳри атрофларида яроқсиз ҳолга келтирилган кўплаб танк, замбарак, ўқ-дори ва портловчи моддаларни учратиш мумкин. Бундай жойларда хавф борлигини тушунмаган болалар ўйнаб юришибди.
- Бундай жойларда болалар портловчи моддалар билан ўйнаб, ўзларини майиб қилиб қўйишмоқда. Уруш тамом бўлгандан кейинги дастлабки икки ҳафта ичида Кифри, Киркўк ва Мосул минтақаларида 300дан ортиқ одам яраланди ва уларнинг аксариятини болалар ташкил қилади, - деди Шон Саттин.
Халқаро Қизил хоч ташкилоти ходимлари Ироқда аҳолини мина ва бошқа портловчи моддалардан огоҳ этиш учун махсус дастурларни амалга оширмоқдалар. Лекин мазкур ташкилот матбуот вакили Тамара ал-Рифаига кўра, асосий ишлар ҳали олдинда турибди.
- Биз Ироқда яқиндагина иш бошладик. Ҳозир миналаштирилган майдонлар борасида маълумот тўпламоқдамиз. Мамлакатда ҳар куни фожиали ҳодисалар юз бермоқда, кимдир ўзи ëки кимнингдир фарзанди миналардан нобуд бўлмоқда, яраланмоқда. Биз Ироқда миналаштирилган майдонлар ҳақида тўпланган ишончли маълумотларни коалиция кучларига берамиз, - деди Тамара ал-Рифаи.
Таҳлилчиларга кўра, Ироқнинг, айниқса, шимолий минтақаларини миналардан тозалаш узоқ вақт талаб этади. Чунки 1980 йилларнинг охири ва 1990 йилларнинг бошларида курд қуролли гуруҳларига қарши олиб борилган амалиëтлар давомида Ироқ аскарлари минглаб курд қишлоқларини миналаштирган.
XS
SM
MD
LG