Линклар

logo-print

ГУУАМ...

  • Абдулла Искандар

Ўтган ҳафта охирида Грузия пойтаҳти Тбилисида бўлиб ўтган ГУУАМ, яъни, Грузия,Украина, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Молдовани бирлаштирган халқаро ташкилот анжуманида, террорчиликка қарши виртуал марказ тузиш ғояси илгари сурилди.

Грузия, Украина, Озарбайжон ва Молдова ташқи ишлар вазирлари иштирокида ўтган бу анжуманда Ўзбекистон вакили сифатида мамлакатнинг Грузия ва Озарбайжондаги элчиси Абдуғафур Абдураҳмонов иштирок этди.

Кун тартибига қўйилган масалалардан бири, балки энг асосийси ,террорчилик ва наркотиклар билан боғлиқ жиноятларга қарши кураш виртуал марказини ташкил қилиш ғояси бўлди.

Грузия пойтахтида бўлиб ўтган ушбу тадбирда БМТ,Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти,Европа комиссияси,Жаҳон банки,Европа тикланиш ва тараққиëт банки ва АҚШ давлат депаратаменти вакиллари иштирок этган.

Грузия ташқи ишлар вазири Ираклий Менагаришивили анжуманда савдо,транспорт ва терроризмга қарши кураш борасида конкрет лойиҳалар муҳокама қилинганини айтади:

"Гап бу соҳалардаги ҳаракатларимизни мувофиқлаштириш ҳақида кетмоқда.Бу лойиҳалар АҚШ мутахассислари иштирокида тайëрланган.Мен фурсатдан фойдаланиб, америкалик дўстларимизга кўрсатилган ëрдам учун миннатдорчилик билдирмоқчиман".

Грузия Ташқи ишлар вазири америкалик мутахассислар нафақат лойиҳаларни тузиш, балки бу лойиҳаларнинг илк босқичини молиялаш юзасидан ҳам ëрдам кўрсатишганини таъкидлади.

АҚШ давлат котибининг Европа ва осиë масалалари бўйича ëрдамчиси Линн Паско ўз маърузасида ГУУАМ лойиҳаларига катта эътибор қаратилаëтганига тўхталди:

"Минтақадаги барқарорлик ва хавфсизлик ва савдо алоқаларининг ривожланиши ушбу лойиҳалар меваси сифатида намоëн бўлиши кутилмоқда."

Линн Паско фикрлари АҚШнинг ГУУАМ лойиҳаларига жиддий эътиборидан дарак бермоқда ,дейишмоқда кузатувчилар.

Бундан бир йил олдин Ўзбекистоннинг ГУУАМ ташкилотини тарк қилгани ҳақида гап сўзлар тарқалганди. Грузиядаги стратегик тадқиқотлар институти раҳбари Рондели:

"Ўзбекистоннинг ГУУАМдан чиқиши абадий бир нарса эмас,менимча яқин орада улар қайтиб эшик қоқишса керак "

деган тахминни билдирганди. Ҳақиқатан ҳам оз фурсат ўтмай расмий Тошкент ГУУАМга яна қайтиб кирганини билдирди Бу ўзига ҳос "кириб –чиқиш" ҳақида Грузиянинг "Рустави –2" телеканали журналисти берган саволга, жаноб Абдураҳмонов:

"Қайтиб кириш учун, аввал чиқиш керак, аммо биз ГУУАМдан чиққанимиз йўқ ва чиқишни хаëлимизга ҳам келтирмаяпмиз", - деб жавоб берган.

Матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берар экан Абдураҳмонов Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги 2002 йил 12 июн куни тарқатган баëнотини яна бир марта шарҳлади.Абдураҳмоновга кўра бу баëнотда расмий Тошкент ГУУАМ лойиҳаларининг Ўзбекистон учун манфаатли бўлган қисмидагина иштирок этиши билдирилган. Матбуот анжуманида Абдураҳмонов ГУУАМ ташкилотининг заифлашгани ҳақидаги миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини такидлаган. Биз Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига қўнғироқ қилганимизда вазирликнинг ўз овози ëзиб олинишини истамаган мулозими Ëқубжон Эргашев ГУУАМ даги Ўзбекистонннинг иштироки бундан бир йил аввалги ҳолатдан ўзгармаганлигини билдирди.

Тадбирда МДҲ доирасидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Грузия ташқи ишлар вазири Менагиришивили ўз вақтида ГУУАМ га аъзо бўлган учта давлат , айни вақтда МДХ коллектив ҳавфсизлик шартномасини ҳам имзолагани, аммо кейинчалик улар бу шартномадан чиққанлигини билдирди. МДҲ доирасидаги коллектив шартномани тарк қилган уч мамлакатнинг бири Ўзбекистондир. Анжуманда Ўзбекистон тарафидан вакил бўлган Абдуғафур Абдураҳмонов ГУУАМ доирасида террорчилик ва гиëҳванд моддаларга қарши виртуал кураш маркази тузилиши айни муддао эканлигини билдирган.
XS
SM
MD
LG