Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:00

Шарон Исроилнинг Фаластин ерларида олиб бораётган амалиётларини ''оккупация" дея таърифлади


Исроил Бош вазири Ариэл Шарон партиядошларининг кескин эътирозларига қарамай Исроилнинг Фаластин худудларида олиб бораётган амалиётларини ''оккупация" дея таърифлади. Шарон ўзини ўнг қанот кучлари танқидларидан ҳимоялар экан, оккупация исроилликлар учун ҳам, фаластинликлар учун ҳам мудхиш оқибатлар келтиришини ва Фаластин ерларини босиб олиш харакатларига чек қўйиш кераклигини урғулади. "Уч ярим миллион фаластинликни босқин остида ушлаб туриш, менимча ақлга сиғмадиган нарса. Буни тўхтатиш керак. Женин, Наблус, Рамаллоҳ, Байтулҳамда абадий қолмоқчимисизлар? Менимча бу нотўғри", - деди Шарон.

Исроил Бош вазири бу ҳақда душанба куни, яъни унинг ҳукумати Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш янги режасини мақуллаганидан бир кун ўтиб баён қилди. Узоқ йиллар давомида мустақил Фаластин давлати барпо этилишига кескин қаршилик билдириб келган Шарон кутилмаганида фаластинликларга суверен давлат қуриш ҳуқуқини бериш кераклигини айтиб қолди. Ўзини "Ликуд" партияси қуршовида сезган Исроил бош вазири янги ташаббусларини оқлашга ҳаракат қилди.

"Бугунги кунда бир миллион саккиз юз минг фаластинлик халқаро ташкилотлар кўмагига мухтож. Энди бу юкни сиз кўтармоқчимисиз" – деди Шарон партиядошларига қарата қилган мурожаатида.

Исроил бош вазирининг душанба кунги чиқиши "Ликуд" партияси вакилларининг кескин эътирозига учради. Фаластинликларга нисбатан қаттиқ қўл сиёсати тарафдори бўлган бу ўнг қанот партия вакиллари назарида Шарон "оккупация" сўзини ноўрин қўллаган. Улар фикрича, хавфсизлик нуқтаи назаридан Исроилнинг Фаластин ерларида назорат ўрнатишга қонуний ҳаққи бор. Ариэл Шарон эса Фаластин-Исроил можаросини тинч йўллар билан ҳал бўлиши учун қатор масалаларда позициясини ўзгартиришга тайёрлигини маълум қилди. Исроил расмийларига кўра, яқин кунлар ичида Шароннинг Фаластин бош вазири Маҳмуд Аббос билан учрашуви бўлади. Дастлаб ушбу учрашув чоршанба куни ўтказилиши мумкинлиги айтилаётган эди, аммо кейинчалик Исроил расмийлари учрашув хафта оҳирига кўчирилганини маълум қилдилар.

Олий даражадаги Фаластин-Исроил музокаралари эса келаси хафта Иорданияда ўтказилади. Хабарларга кўра, учрашувда АҚШ президенти Жорж Буш ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Учрашув марказида Яқин Шарқда тинчлик режаси ва унинг шартлари бўлади. Эслатиб ўтамиз, уч босқичдан иборат бу режа Америка Қўшма Штатлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи ва Россия тарафидан олға сурилган бўлиб, у 2005 йилга қадар мустақил Фаластин давлати барпо этилишини назарда тутади.

Режанинг биринчи босқичида террорчилик ва зўравонликларга чек қўйилиши, Фаластин ерларида аҳолининг шароитлари яҳшиланиши ҳамда Фаластин худудларида хокимият тизими қарор топиши учун шароит яратилиши кўзда тутилади. Бу эса томонларнинг бир қатор мажбуриятларни бажаришларини талаб этади. Яъни, режага мувофиқ Фаластин террорчилик ҳаракатларини тўхтатиши, бунинг эвазига Исроил ўз қўшинларини Фаластин ерларидан чиқариши керак. Янги Яқин Шарқ тинчлик режасининг биринчи босқичи мустақил Фаластин давлатини қуриш учун пойдевор ясаши керак. Иккинчи босқичда эса, Фаластиннинг вақтинчалик чегаралари белгиланади. Араб давлатлари Исроил билан савдо-сотиқ алоқаларини йўлга қўядилар. Буларнинг бари халқаро ҳамжамият иштирокида амалга оширилади.

Учинчи босқич. Фаластин ва Исроил ўртасидаги чегараларни аниқлаш ва Қуддус шаҳри мақомини белгилаш учун халқаро анжуман чақирилади. Араб давлатлари эса Исроил билан дипломатик алоқаларни ўрнатишади. Яъни режанинг учинчи босқичи Исроил-Фаластин можаросига нуқта қўяди. Аммо, таҳлилчилар янги Яқин Шарқ тинчлик режаси бунчалик осон амалга ошмаслигини айтмоқдалар. Улар фикрича, Исроил ҳукуматида бунга самимий интилиш йўқ. Қолаверса, янги тинчлик режаси борасида Шароннинг "Ликуд" партиясида юзага келган бўлиниш тинчлик ташаббусларини мувофоқиятсизликларга учратиши мумкин. Ҳатто, айрим таҳлилчилар Шарон баёнотлари ортида катта сиёсий ҳийла туришини ҳам истисно қилишмаяпти.

Исроил Бош вазири ўз мамлакатининг Ғазо минтақасида олиб бораётган ҳатти-ҳаракатларини "оккупация" дея қанчалик қораламасин, Яқин Шарқда зўравонликлар тўхтамаяпти. Ассошиэйтед пресс хабарига кўра, душанба куни Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида бўлган тўқнашувда 11 яшар фаластинлик ўспирин Исроил аскари ўқидан ҳалок бўлди.
XS
SM
MD
LG