Линклар

АҚШнинг Эрон позицияси


А. Аррал

Кейинги пайтларда Америка Қўшма Штатлари Эрон Ислом республикасининг қаршилигига дуч келиши мумкинлигидан ташвишланиб, Эронга нисбатан дипломатик босим ўтказишни кучайтирмоқда.

Президент Жорж Буш маъмурияти Эронни ядровий қуроллар дастурига эга эканликда ва ўз ҳудудида Ал Қайда террор тармоғининг фаолият олиб боришига рухсат берганликда айблаб, Теҳрон билан олиб борилаëтган қўйи даражадаги бир неча йиллик музокаралардан воз кечди.

Ўтган бир неча кун ичида АҚШ Конгрессининг айрим демократ аъзолари республикачи Бушни Эронга нисбатан сиëсатини енгиллаштиришга, эронликларни йўлдан урмасликка ва мамлакатда барқарорсизликка йўл қўймасликка чақирдилар.

Куни-кеча демократ сенатор Жозеф Бойден Америкадаги НБС телеканалининг "Бугун" номли кўрсатувига берган интервюсида, Буш маъмуриятининг Эронга нисбатан позициясига қўшилган ҳолда, балки, Эрон ҳукумати ядровий қуроллар дастурига эгадир балки, Ал Қайда лидерлари Эрондан ўзларига бошпана топгандирлар ва ҳаттоки, қўшни Ироқда АҚШнинг урушдан кейинги ишларига халақит бераëтгандирлар, бироқ Америка расмийлари Эронда режим ўзгаришини – бу ўзгариш ҳарбий аралашув орқали бўладими ëки мамлакат ичидаги инқилобий кучларни ҳимоя қилиш йўли билан амалга ошадими, бу масалани муҳокама этишга эҳтиëткорлик билан ëндашиш керак, деб таъкидлади.

Маълумки, АҚШнинг 1979 йилдан буëн Эрон билан дипломатик муносабатлари йўқ. Чунки, Эронда Исломий инқилоб амалга ошган пайтида АҚШнинг Теҳрондаги элчихонаси босиб олинган ва унинг ходимлари 444 кун гаровда ушланиб турилганди.
Ўтган ўн йил ичида эса, мамлакатлар муносабатларида бир мунча ижобий ўзгаришлар пайдо бўла бошлади.

Мисол учун, Бушдан олдинги президент Билл Клинтон Эрондан гилам, қуруқ мева ва ëнғоқ каби айрим маҳсулотларини импорт қилишни йўлга қўйиш орқали Теҳрон учун катта ишни амалга оширди.

Аммо, президент Буш 2002 йилнинг январ ойида Конгресснинг ялпи мажлисида қилган нутқида Эронни Ироқ ва Шимолий Корея билан бир қаторга қўйиб, уларни зараркунанда давлатлар деб, номлади. Шундан буëн Буш маъмуриятининг бу хусусдаги гаплари камаймади ва Вашингтон муносабатларни яхшилашга қаратилган дастлабки музокараларни тўхтатиб қўйди.

Маъмурият юқори мартабали расмийларининг айтишларича, АҚШ нинг Эронга нисбатан сиëсатида ҳеч қандай ўзгариш юз бергани йўқ. Давлат котиби Колин Пауэлга кўра, Вашингтон ўз позициясидан оғишмайди:

"Бизнинг Эронга нисбатан сиëсатимиз ўзгармайди. Биз унинг террорчилар фаолиятини қўллаб-қувватлашини тасдиқламаймиз. Биз йиллар давомида унинг ядровий имкониятларини қабул қилмай келаëтганимиз ҳаммага аëн ва бизнинг сиëсатимиз ҳам барчага маълум. Менинг АҚШнинг Эронга нисбатан сиëсатидаги ўзгаришлар ҳақидаги миш-мишлардан хабарим йўқ".

Вашингтондаги мустақил сиëсий тадқиқотлар маркази мутахассиси Тед Гэлен Карпентернинг айтишича, Конгресснинг демократ аъзолари, айниқса, Эроннинг гумон этилаëтган ядровий қурллар дастурига эҳтиëткорлик билан ëндашув керак, деган масалада ҳақлидирлар:

"Бу кўп жиҳатдан Вашингтоннинг ўзи пайдо қилган этган муаммо. Чунки, АҚШнинг сиëсий рақиблари, Америка Сербия ва Ироқ билан қандай муомала қилганини кўриб қолдилар. Шу боис АҚШнинг уларга ҳам айни муносабатда бўлишини истамайдилар. Шунинг учун улар ядровий қуролларга эга бўлишга уринадилар", - деди Карпентер.

У сўзида давом этиб: "Менимча, Эрон ҳукуматини ағдариш устида гапира бошлаш расмий Вашингтон учун ўта хавфлидир. Чунки, бунинг натижасида биз янада кўпроқ ядровий қуроллар гирдобига тушиб қолишимиз мумкин", - дейди мутахассис.

Бошқа бир кузатувчи, собиқ президент Клинтоннинг Миллий Хавфсизлик Кенгаши аъзоси Жэймс Линдсэйга кўра, агарда Эрон халқи бирлашса, халқаро жамоатчилик диққат-эътиборини жалб этиши мумкин. Чунки, мамлакат ичкарисида ҳам матаассиб муллалар ҳокимиятидан норози шахс ва гуруҳлар талайгина.
XS
SM
MD
LG