Линклар

САРСОНУ САРГАРДОН ҚИЛИНГАН ХАЛҚЛАР

  • Сарвар Усмон

Совет даврида ватанларидан мажбуран кўчирилган халқлар вакиллари ўтган ҳафтада Берлинда бўлиб ўтган конференцияда ўз халқлари дуч келаётган қатор муаммолар тўғрисида гапирдилар. Конференцияда Қрим татарлар мажлиси раиси Мустафо Жамилев ва бошқалар иштирок этдилар.

Халқаро ва хавфсизлик масалалари бўйича Германия институти (SWP) ҳамда Берлин Университети ҳомийлигидаги конференция ўтган ҳафтада, 24 май куни Германия пойтахтида бўлиб ўтди. Анжуманда собиқ Совет Иттифоқида ўз ватанларидан мажбуран кўчирилган халқлар ҳамда миллий озчиликларнинг бугунги муаммолари муҳокама қилинди.

Халқаро ва хавфсизлик масалалари бўйича Германия институти вакили доктор Юве Халбах конференция очилишида сўзлаган нутқида Россиянинг Чеченистонда олиб бораётган ҳарбий ҳаракатларига тўхталди. Доктор Халбахга кўра, чеченларнинг ҳаракати - миллий озодлик ҳаракатидир. Расмий Москва эса, Чеченистон Россиянинг ички иши, чеченларга ташқаридан исломий кучлар кўмак кўрсатаяпти, деган даъволарни қилаяпти. Доктор Халбах бу даъволарни инкор этади.

Конференцияда Қрим татарлари мажлиси (парламенти) раиси, Украина парламенти аъзоси Мустафо Жамилев, балқарлар ва черкеслар, нўғайлар ва қарачайлар, ингушлар ва Месхети турклари ҳамда бошқа халқлар вакиллари чиқиш қилдилар.

Мустафо Жамилев ўз чиқишида Қрим татарлари 1944 йилнинг майида фашистлар Германияси билан ҳамкорлик қилганликда айбланиб, Сталин томонидан Марказий Осиёга кўчирилиши тафсилотларини айтиб берди.

Ўз ватанларидан мажбуран кўчирилган Қрим татарларининг 46 фоизи икки йил давомида - 1944 йилнинг майидан 1946 йилгача очликдан, касалликлардан нобуд бўлганлар, деди Жамилев.

Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг 1956 йили бўлиб ўтган 20-съездида Никита Хрушчев қалмиқлар, қарачайлар, ингушлар, балқарлар ҳамда чеченларга нисбатан адолатсизлик қилинганини қисман тан олди. Бироқ, у Қрим татарлари, Месхети турклари ёки Волгабўйи немисларини эсга олмади.

Депортация қилинган Қрим татарлари ўз ватанларига қайтиш учун 1960 йилларда ҳаракат бошлаганлар. Ўша пайтлардаёқ Қрим татарлари Совет Иттифоқи раҳбариятига Қримга қайтаришларини сўраб мактублар ёзгандилар.

1987 йили, Совет Иттифоқи лидери Михаил Горбачев бошлаб берган ошкоралик даврида Қрим татарлари вакиллари ватанларига қайтиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш йўлидаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида Тошкентда учрашдилар. Ўша йилнинг июлида Горбачев мурожаатларини эътиборсиз қолдиргач, Қрим татарлари вакиллари Москвага йўл оладилар. Қизил майдонда оммавий митинг ўтказиб, Ғарб журналистларига ечилмаётган муаммолари тўғрисида малумот берадилар.

Ватанга қайтишнинг давлат томонидан уюштирилишига қилинган умидлар пучга чиққач, бу халқ вакиллари Қримга мустақил равишда кўча бошладилар. Аввалига улар маҳаллий расмийларнинг қаршилигига дуч келдилар, уларга ер бериш, қайддан ўтказиш масалалари ўта оғир кечди. Митинглар, норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бироқ, шунга қарамай, вазият вақт ўтган сайин ўзгара бошлади ва "Қримда татарлар сони ўса бошлади", - дейди Мустафо Жамилев.

Россия ва Ўзбекистонда яшаган минглаб Қрим татарлари, турли бюрократик тўсиқлар ва молиявий қийинчиликларга қарамай, Қримга кўчиб бора бошладилар.

Доктор Барбара Келлнер-Хейнкеле (Barbara Kellner-Heinkele) Берлин университетининг Туркшунослик институти вакили. Конференцияда чиқиш қилар экан, доктор Келлнер Хейнкеле Шимолий Кавказдаги туркий халқ – нўғайларнинг муаммоларига тўхталди. Умумий нуфузи 700 минг киши бўлган нўғайлар Шимолий Кавказнинг уч ҳудудида - Доғистон, Ставрополье ўлкаси ҳамда Қoрачoй - Черкес республикасида истиқомат қиладилар. Ўзларининг миллий ҳудудий давлат тузилмасига эга эмасликлари боис, нўғайлар ўз тилларини, миллий маданиятларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш имкониятидан маҳрумдирлар. Конференцияда чиқиш қилган нўғайлар вакили жаноб Керейтов:
- Нўғай халқи ўз номи билан юритиладиган давлат тузилмасига эга бўлиши керак, - деди.

Берлинда бўлиб ўтган конференцияда Месхети турклари вакиллари ҳам қатнашдилар. Бу халқ ҳам Қрим татарларидек, 1944 йили ўз ватанларидан мажбуран кўчирилгандилар. Месхети туркларининг Озарбайжондаги уюшмаси аъзоси Чингиз Нейманзода конференцияда қилган чиқишида:
- Халқимиз мажбуран кўчирилганиганидан буён 59 йил ўтди. Шу давр ичида у ўз тили, ўз маданиятини, миллат сифатида ўзлигини сақлаб қола олди, - деди.

Конференция ўз ишини Ғарб мамлакатлари ҳукуматларига мурожаатнома қабул қилиш билан якунлади. Анжуман иштирокчилари мазкур ҳужжатда, ҳукуматларни терроризмга қарши кураш билан бўлиб, Чеченистондаги вазиятни ҳамда Совет даврида ўз ватанларидан мажбуран кўчирилиб, ҳалигача ҳақ-ҳуқуқлари тўла тикланмаган халқларнинг муаммоларини унутмасликка чақирдилар.
XS
SM
MD
LG