Линклар

logo-print

Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти йиллик ҳисоботини эълон қилди.


Акрам Файзулло

28 май чоршанба куни Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг йиллик ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда ëзилишича, 2002 йил давомида жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида қотилликлар содир этилган, одамлар дараксиз йўқолган, ушланган кишилар қийноққа солинган, хотин-қизлар зўрланган ва инсон ҳуқуқлари поймол этилган.

Халқаро Амнистия ташкилоти Бош котиби Айрин Хонга кўра, Совуқ Уруш давридагига қараганда, ҳозир жаҳон хавфсизлиги янада заифлашган.

- Ўтган 12 ой мобайнида террорчиликка қарши кураш ва Ироқ уруши халқаро ҳамжамият диққат марказида бўлди. Аммо буни ниқоб қилиб олган кўплаб давлатлар сиëсий репрессияни кучайтирдилар. Оқибатда инсон ҳуқуқлари, гуманитар қонун принциплари оëқ-ости қилинди, - деди Айрин Хон.

Халқаро Амнистия ташкилоти ҳисоботида қайд этилишича, Афғонистон ва Ироқ истиқболлари номаълумлигича қолмоқда ва бу мамлакатларда хавфсизлик ва барқарорлик ҳамон қарор топмаган. Йиллик ҳисоботни тақдим этиш маросимида Айрин Хон Ироқ урушига соҳта сабаблар кўрсатилганини танқид этди:

- Ироққа қарши уруш қилиш учун ироқликларнинг инсон ҳуқуқлари масаласидан бир баҳона сифатида фойдаланилганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Ироқни оккупация қилиб турган томонлар мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга ва қайта қуриш ишларига жавобгардирлар, - деди Айрин Хон.

Халқаро Амнистия ўз ҳисоботида Россиянинг Чеченистонда олиб бораëтган ҳарбий амалиëтларини ҳам танқид этди. Ҳисоботда ëзилишича, чечен қуролли гуруҳлари ва Россия ҳарбий кучлари мунтазам равишда инсон ҳуқуқларини поймол этмоқдалар. Халқаро Амнистия ташкилоти Чеченистонда одамлар суд қилинмасдан қатл этилаëтгани, дараксиз йўқолаëтгани ва Чеченистондаги Россия ҳарбийлари хотин-қизларни зўрлаëтгани ҳақида маълумотларга эга эканини билдирди.

Ҳисоботда шунингдек, Қўшма Штатлар террорчиликка қарши кураш баҳонасида ҳибсга олинган одамлар ҳуқуқларини ҳурмат қилмаëтганликда айбланди. Ҳисоботда яна қайд этилишича, Афғонистондаги сўнгги уруш давомида халқаро гуманитар қонунга зид равишда минглаб одамлар ҳибсга олинган ва 600дан ортиқ киши суд қилинмасдан АҚШнинг Кубадаги ҳарбий базасида сақланмоқда.

Халқаро Амнистияга кўра, Қўшма Штатларда 2001 йил 11 сентябр воқеалари юзасидан 1 минг 200дан ортиқ киши қўлга олинган бўлиб, уларнинг аксариятини мусулмон араблар ëки жануб осиëликлар ташкил қилади. Бу одамлар ҳам халқаро қонун ҳимоясидан маҳрум этилганлар.

Халқаро Амнистия ташкилоти ҳисоботида шунингдек, Россия, Белорус, Молдова, Украина, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа бир неча мамлакатларда маҳбуслар қийноққа солинаëтгани танқид этилади. Ҳисоботда ноябр ойида Туркманистон президенти Сапармурод Ниëзовга қарши уюштирилган суиқасддан кейин, мамлакатда сиëсий репрессиялар кучайгани алоҳида тилга олинади.

Ҳисоботда ëзилишича, кўплаб Европа мамлакатларида лўлилар ва бошқа этник гуруҳлар, ҳамда чет элликлар камситилмоқда. Яқин Шарқда эса, Исроил ҳарбийлари ва фаластинлик худкуш-террорчилар аҳоли ҳуқуқларини поймол этмоқда.
XS
SM
MD
LG