Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:56

Қирғизистон Хитой билан чегараларини очди


Абдуллоҳ Эргаш

Хитойда ўткир респиратор синдроми касаллигининг тарқалиши кучайгач, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари каби Қирғизистон ҳам Хитой билан чегараларини беркитди. Аммо бу ҳолат узоққа чўзилгани йўқ. Орадан бир ой ўтар - ўтмас Қирғизистон Бош вазири Николай Танаевнинг фармойиши билан Қирғизистон - Хитой чегараси қайта очилди.

Сўнгги хабарларга кўра, дунёда 8000 одам ўткир респиратор синдроми касаллигига чалинган. Бу касалликдан нобуд бўлганлар сони 600 дан ошиб кетган. Шундай бир вазиятда Қирғизистоннинг Хитой билан чегараларини очишга жазм қилиши, унга қўшни бўлган давлатларни хавотирга солмоқда. Озод Европа - Озодлик радиосининг Бишкекдаги мухбири Бурулкан Досалиева хабар беради:

- Хитойда ўткир респиратор синдроми касаллиги тарқалиши муносабати билан Қозоғистон Қирғизистон билан чегараларини ёпиши мумкин. Қирғизистондан Хитойга юк автомашиналари қатновининг тўхтатилмаётганлиги сабабли, Қозоғистон ҳукумати ана шундай қарорни қабул қилмоқчи. Чегаралар қайта очилгач, Қирғизистондан Хитойга бир неча кун мобайнида 312 фуқаро бориб келди. Уларнинг бирортасида ўткир респиратор синдроми касаллиги аниқланмади”.

Қозоғистондан кейин Ўзбекистон ҳам Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларда тиббий назоратни кучайтирди. Чегара - божхона пунктлари қошида тиббий постлар ташкил қилиниб, улар кучайтирилган тартибда фаолият кўрсатмоқдалар.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг чегараларни ёпиш ёки назоратни кучайтириш тўғрисидаги қарорлари, бу мамлакатлар ҳудудига ўткир респиратор синдроми касаллигининиг кириб келишига тўсқинлик қилиш мақсадида қабул қилинганлигини тушуниш мумкин. Лекин касалликнинг авжи кузатилаётган бир паллада, Қирғизистон ҳукуматини Хитой билан чегараларни очишга нима мажбур қилди?

Қирғизистондаги Хитой элчихонасининг иқтисодий масалалар бўйича атташеси Чин хоним бу саволга шундай жавоб беради:

- Ўтган йили Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги товар обороти 200 миллион АҚШ долларига тенг бўлди. Қирғизистонда кўплаб Хитой компаниялари фаолият кўрсатади. Бундан ташқари қирғизистонлик савдогарлар ва ишбилармонларнинг фаолияти бевосита Хитой билан боғлиқ. Чегаранинг вақтинчалик ёпиб қўйилиши, унингсиз ҳам унча ривожланмаган Қирғизистон иқтисодиётига катта зарар келтира бошлади. Шу боисдан Қирғизистон ҳукумати чегараларни қайта очишга жазм қилди,- дейди Хитой дипломати Чин хоним.

Қирғизистон расмийларига кўра, мамлакат ҳудудига ўткир респиратор синдроми касаллигининг кириб келишидан ташвишланмаса ҳам бўлади. АҚШ, Канада, Германия ва бошқа бир қатор мамлакатларнинг тиббиёт соҳасидаги етук мутахассислари, карантин ва тиббий назоратни кучайтириш орқали ўткир респиратор синдроми касаллиги тарқалишининг олдини олиш мумкин, деган фикрни билдирмоқдалар. Бу тавсияга амал қилган ҳолда, Қирғизистон ҳукумати чегарадаги тиббий назоратни кучайтирди.

Озод Европа - Озодлик радиосининг Бишкекдаги мухбири Бурулкан Досалиева бу ҳақда шундай хабар беради:

- Ҳукумат раҳбарининг фармойишига кўра, чегарадан ўтаётган юк автомашиналари ва ҳайдовчилар дезинфекция қилинмоқда. Шунингдек, улар 10 кун мобайнида шифокорлар назоратида бўладилар. Ҳозиргача уларнинг орасида ўткир респиратор синдроми касаллигига чалинганлар аниқланмади.

Хитойнинг Қирғизистондаги элчихонаси ходими Чин хонимнинг айтишича, икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқалари бу йил янада ўсиши кузатилмоқда. Бу жараёнга юқумли касалликнинг тарқалиши хавфи ҳам тўсиқ бўлолмайди:

- Охирги тўрт ой давомида Қирғизистон билан Хитой ўртасидаги савдо обороти 64 миллион АҚШ доллари атрофида бўлди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда анча кўпдир. Демак, бу йил икки мамлакат ўртасидаги савдо обороти 200 миллион долларлик кўрсаткичдан ошиб кетади,- дейди Чин хоним.

Қирғизистон савдо оборотида Хитой биринчи ўринни эгаллайди.
XS
SM
MD
LG