Линклар

АҚШ президенти Жорж Буш Европа, Россия ва Яқин Шарқ сафарига жўнаб кетади.

  • Ҳасанжон

Дастлаб, АҚШ президенти Жорж Буш Франциянинг Эвиан шаҳрида ўтадиган саноати тараққий этган саккиз давлат саммитига боришдан олдин, Полша ва Россияда тўхтаб ўтиши режалаштирилган эди. Бироқ, кун тартиби тиғиз бўлишига қарамай, Оқ Уй Бушнинг Яқин Шарққа сафар қилиши ва Қатардаги АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлигини бориб кўришини ҳам кун тартибига киритди.

Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот брифингида Оқ Уй матбуот котиби Ари Флейшер, президент Жорж Буш Полша, Россия ва Францияга сафаридан сўнг Иорданияга боришини маълум қилди. Буш Иорданияда Исроил Бош вазири Ариел Шарон ва Фаластиннинг янги Бош вазири Маҳмуд Аббос билан уч томонлама олий даражали учрашув ўтказади.

Оқ Уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолизза Райс Яқин Шарқ тинчлик жараёни ҳақида гапириб: “АҚШ президенти Ироқда уруш ниҳоясига етгани ва айниқса, Фаластин раҳбариятида ўзгариш бўлганидан сўнг, ҳозир тинчлик учун янги имконият пайдо бўлганига ишонади. Бундан ташқари, Исроил ҳукумати янги Яқин Шарқ тинчлик дастурини қабул қилди. Бош вазир Ариел Шарон эса, келажак - фаластинликлар билан бўлиши ҳақида баёнотлар берди”,-деди.

Оқ Уй матбуот котиби Ари Флейшер, АҚШ президенти саммит ўтишига ҳалал бериш йўлидаги ҳар қандай уринишнинг олдини олишга ҳаракат қилишини билдирди. Жорж Буш саноати тараққий этган саккиз давлат саммити тугашидан бир кун олдин, яъни душанба куни Франциядан жўнаб кетади. Бушнинг араб давлатлари раҳбарлари билан учрашуви Мисрнинг Шарм ал-Шайҳ курорт шаҳрида бўлади.

Чоршанба куни Буш Иорданиянинг Қизил денгиз соҳилида жойлашган Ақаба порт шаҳрида Иордания қироли Абдуллоҳ билан учрашади. Шундан сўнг, АҚШ президенти Исроил ва Фаластин Бош вазирлари билан учрашишни режалаштирган. Музокаралар чоғида янги Яқин Шарқ тинчлик дастурини амалга ошириш муҳокама этилиши кўзда тутилган.

Буш саноати тараққий этган саккиз давлат саммити сўнггида бериладиган зиёфат ҳамда қўшма баёнот ўқиб эшиттирилиши маросимларида қатнашмайди холос. Оқ Уй матбуот котиби Ари Флейшер, бу Ироққа қарши урушни қўллаб-қувватламагани учун Францияни камситиш эмаслигини айтди. Матбуот брифингида Флейшер АҚШ ва Франция муносабатлари ҳақида берилган саволга шундай жавоб берди: “Менимча, бу - президент умид қилаётган учрашув бўлади. Аслида, муносабатлар бироз таранглашган. Бироқ, АҚШ ва Франция ўртасида муҳим савдо-сотиқ масалалари бор. Менимча, икки президент бир-бирлари билан иттифоқчилар сифатида сўзлашадилар”.

Ўзининг кўплаб шифобаҳш булоқлари билан машҳур бўлган Франциянинг Эвиан шаҳридаги Саккизлик саммитида бошқа масалалар қатори жаҳон иқтисодиёти, Яқин Шарқ тинчлик жараёни, халқаро терроризмга қарши кураш, Ироқни қайта тиклаш ва қишлоқ хўжалиги соҳасига оид масалалар муҳокама этилади. Бундан ташқари, саммитда ривожланаётган давлатлар ва Африкада ОИТСга қарши кураш ва камбағаллик муаммоси ҳам кўриб чиқилади. Бушнинг Саккизлик саммитида қатнашишига пухта тайёргарлик кўрилган. Сешанба куни президент Буш Африкадаги ОИТСга қарши курашиш дастурлари учун 15 миллиард доллар ажратилганини эълон қилди.

АҚШ президенти Жорж Буш саккиз кунлик сафарининг биринчи босқичида дастлаб Полшанинг Краков шаҳрида тўхтайди. У ерда Бушнинг трансатлантик алоқалар ҳақида нутқ сўзлаши режалаштирилган.

Радек Сикорский Полшанинг собиқ Ташқи ишлар ва мудофаа вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган. У Озод Европа – Озодлик радиосига берган интервюсида, ўтган йили Бушнинг Франция ва Германияга ташрифи чоғида норозилик намойишлари уюштирилганини, бироқ АҚШ раҳбарининг Полшага сафари бунинг акси бўлишини таъкидлади. Сикорский сўзида давом этиб: “Унинг ташрифига Полшада катта тайёргарлик кўрилмоқда. Полша нафақат Европада, балки бутун дунёда Америкага тарафдорлиги билан алоҳида ажралиб туради. Шу сабабли, сафар давомида юз минглаб одамлар йиғилиши кутилмоқда. Менимча, АҚШ раҳбарининг Полшага ташрифи чоғида кўтаринки кайфият ҳукм суради”,-деди.

Президент Буш 2001 йилда Полшада трансатлантик муносабатлар ҳақида сўзлаган нутқида НАТОни шарққа томон кенгайтириш ҳақида биринчи бор гапирган. Орадан икки йил ўтиб, бу гап амалга ошди.

АҚШ президенти Полша ва Эвиан шаҳрида ўтадиган учрашувлар ўртасида, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига боради. У ерда Буш шаҳар ташкил этилганининг 300 йиллик юбилейи тантаналарида қатнашади. Тантанали маросимлардан ташқари Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Жорж Буш ўртасида алоҳида учрашув бўлиб ўтади. Музокара чоғида Россиянинг Теҳрон расмийлари билан ядро соҳасидаги ҳамкорлиги тобора кучайиб бораётгани масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG