Линклар

ШҲТнинг МОСКВА САММИТИ РОССИЯ МАТБУОТИ КЎЗГУСИДА

  • Сарвар Усмон

29 май куни Россия пойтахти Москвада Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар - Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Саммитда бир қатор ташкилий масалалар муҳокама қилинди, ташкилотнинг идорий котиби тайинланди, эмблемаси қабул қилинди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Москва саммитига Россиянинг етакчи газеталари ошиғич эътибор билан ёндошдилар. Баъзи газеталар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўзининг долзарблигини йўқотди, деб ёзсалар, бошқалари - ШҲТ - Ернинг шарқий ярим шаридаги асосий кучдир, деб ёздилар.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) 1996 йили тузилган ва ўша пайтда у ҳал қилиши лозим бўлган муаммо битта - собиқ совет республикалари билан Хитой ўртасидаги чегарага доир муаммоларни ҳал қилиш эди. Кейинроқ, ташкилот ўз зиммасига Марказий Осиё мамлакатларига қўшни Афғонистондан келаётган таҳдидларга қарши курашиш вазифасини ҳам олди. Пекинга эса Шинжон-уйғур мухтор вилоятининг мустақиллиги учун курашаётган уйғурларга - сепаратчиларга қарши курашиш ўта муҳим эди. Шунинг учун бу масала ҳам Шанхай ташкилоти ҳал қиладиган масалалардан бирига айланди.

Ташкилот низоми тузилди. Бишкекда терроризмга қарши кураш маркази таъсис этилди. Шундай қилиб, қадамба-қадам куч олиб келаётган ташкилотнинг, Россияда чиқадиган "Время МН" газетаси фикрича, Афғонистонда ўтказилган аксилтеррор амалиётлари ниҳоясига етгач, "юлдузи бироз хиралашиб қолди":

- Ислом Каримов ва унинг Остона, Бишкек ва Душанбедаги ҳамкасблари эндиликда жангари исломчиларнинг олға силжишини тўхатата олувчи куч сифатида америкаликларга кўз тикмоқдалар. Каримов ҳатто бир неча танқидий ўқни Шанхай ташкилотига қараб отишга ҳам жазм эта олди, - деб ёзди Время МН.

Москва ва Пекин учун, деб давом этади газета, ШҲТнинг аҳамияти янада ортиб кетди. Минтақада Американинг мавқеи ортиб бораётган бир пайтда, ШҲТ Россия билан Хитойга ўз мавқеларини сақлаб қолишлари учун қўл келиши мумкин. Владимир Путин ва Ху Цзинтаоларнинг 28 май куни бўлиб учрашувлари пайтида "кўп қутбли дунё" тарафдорлари эканликларини таъкидлаганлари ҳам мана шу фикрнинг тасдиғидир. Бу таъкид, деб ёзди "Время МН", "АҚШнинг гегемонлигига қарши кураш демакдир".

Россиядаги нуфузли газеталарнинг аксарияти ШҲТ саммитига ошиғич кўтаринки руҳ билан ёндошдилар. Масалан, "Коммерсант" газетаси "Время МН"дан фарқли ўлароқ, ШҲТ тарихидаги сўнгги икки йилни энг самарали йил бўлди, деб баҳоласа, "Гудок" газетаси муштарий эътиборини ташкилотга аъзо мамлакатлар ҳудуди ер шари қуруқлигининг бешдан учини эгаллашига, бу мамлакатлар аҳолиси эса дунё аҳолисининг қарийб чорак қисмини ташкил қилишига қаратади.

Газета шама қилаётган маҳобат ШҲТнинг Москва саммитида қабул қилинган эмблемасида ҳам ўз ифодасини топди. Саммит якунида бўлиб ўтган матбуот анжуманида иштирок этган журналист Аркадий Дубнов ШҲТ эмблемаси ҳақида мана бундай хабар берди:

- Эмблемага ШҲТга кирувчи 6 мамлакат ҳудуди яққол кўриниб турган Ернинг шарқий ярим шари тасвири туширилган. Эмблема устига Россиянинг герби - икки бошли бургути ўрнатилиб, ёнига учта сўз – "Худо биз билан", деб ёзиб қўйилган, - деб хабар берди журналист Дубнов.

"Гудок" газетасига қайтамиз. ШҲТнинг аҳамияти унга аъзо давлатлар хавфсизлигини таъминлаш учун бемислдир, деб ёзди газета.

- Бугун ҳам Афғонистондаги вазият ўта хавфлидир. АҚШ ва унинг иттифоқчилари қўшинлари бу мамлакатда тартиб ўрнатишда, террорчилик ва тобора авж олаётган наркобизнесга тўсиқ қўйишда оз самара берди. Мана шундай вазиятда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг самарали ҳамкорлиги уларнинг хавфсизлигини таъминлашда ўта долзарб аҳамиятга эгадир, - деб ёзди "Гудок" газетаси.

Бироқ, ўзбекистонлик баъзи кузатувчилар, хусусан, сиёсатшунос Малик Абдураззоқов "Коммерсант", "Гудок" каби газеталарнинг оптимизмига шерик бўлмайди. Бу ҳақда у радиомизга куни-кеча берган интервьюсида батафсил фикр билдирган эди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистон энг кейин қўшилган аъзодир. "Труд" газетасига кўра, янги аъзо бироз "ийманаяптими" ёки "кўнгли чопмай турибдими", ҳар ҳолда "депсиниброқ" турибди. Газета ШҲТ га аъзо давлатларни поездга ўхшатади:

- Москва ва Пекин Шанхай ташкилотининг локомотиви ролини бажармоқда, уларнинг ортидан эса Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон бормоқда. Бу мустаҳкам занжирда фақат Ўзбекистон депсиниб турибди. У бошқалар билан битта йўлдан кетаётган бўлса ҳам, нуқул бошқа йўлга, АҚШ танлаб берадиган йўлга ўтишни кўзлаяпти, - деб ёзди "Труд".

ШҲТ нинг Москва саммити 29 май куни ўз ишини якунлади. Учрашувда ташкилотга аъзо давлатлар ҳукуматлари раислари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши тузилди. Бундан ташқари, хабар беради Москвадаги мухбиримиз, ташкилотнинг идорий котиби тайинланди. Бу лавозимга Хитой халқ республикасининг Россиядаги элчиси, 64 ёшли Жан Дегуанни тайинладилар.

ШҲТнинг навбатдаги саммити Тошкентда ўтадиган бўлди, деб хабар берди Москвадаги мухбиримиз.
XS
SM
MD
LG