Линклар

logo-print

Президентлар жилмайишлари АҚШ ва Европа алоқаларини яхшилайдими?


Фарангис Саид

Шу ҳафта охирида Россиянинг Санкт-Петербург ва Франциянинг Эвиан шаҳрида бўлиб ўтадиган учрашувлар сиёсатшунослар ва журналистлар диққат марказида бўлади. Эътибор мазмунга эмас, балки кўпроқ шаклга, яъни қўл бериб кўришишлару жилмайишларга қаратилади. Чунки бу саммит Франция, Германия, Россия ҳамда АҚШ раҳбарларининг Ироқда уруш тугаганидан буён биринчи учрашуви бўлади. Ироқ эса Европа ва Америка орасидаги тафовутнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлган масаладир. Учрашув аҳамияти нақадар катталигига ҳеч ким шубҳаланмаётган кўринади. Бундайлардан бири – Германиянинг Ташқи алоқалар кенгаши Трансатлантик алоқалар дастури директори Бернард Майдир:

- Учрашувлар жуда муҳим бўлиб, улар биринчи навбатда давлатларга ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш имконини бериши мумкин. Чунки Атлантика океанининг ҳар иккала тарафида одамлар ҳукуматлар ўзаро алоқаларни яхшилашмаса, бу ҳамма учун зарарли эканини тушунишмоқда. Шундай қилиб, раҳбарларнинг Санкт-Петербург ва Эвиандаги учрашувларини фақат ижобий баҳолаш мумкин.

Шундай дер экан, Бернард Май энг муҳим масала – АҚШнинг жаҳон саҳнасидаги роли эканинини таъкидлайди.
Германиялик мутахассиснинг фикрига Александр Коновалов ҳам қўшилади. У - Москвада жойлашган Стратегик баҳолаш институти раҳбаридир:

- Жаҳон жуда тез ўзгармоқда. Биз яшаётган давр – “сиқилган тарих” номини олган. Биз янги муаммоларни тезда ҳал қилишимиз керак. Улар эса БМТнинг янги роли, терроризмга қарши курашдаги заиф тарафларидан тортиб АҚШга ажратилиши мумкин бўлган ролгача оид масалалардир. Уларни халқаро ҳуқуқ доирасида ҳал қилиш ва айни вақтда ҳуқуқ нормаларига ҳам ўзгартиришлар киритиб, уларни замон талабларига жавоб берадиган даражагача кўтариш лозим.

Александр Коновалов, Бернард Май ва бошқа сиёсатшунослар фикрича, бу масалаларни ҳал этишда АҚШ, Франция, Германия ва Россия раҳбарлари жуда муҳим ўйин ўйнашлари шубҳасиз. Уларнинг орасидаги муносабатларни эса ҳозирги вақтда ижобий баҳолаш қийин, дейишмоқда мутахассислар. Ироқ масаласи атрофидаги келишмовчиликлар Европани иккига бўлиб қўйди. Франция ва Германия урушга қарши чиққан бўлса, Британия Испания, Италия, Дания ва Европа Иттифоқига қўшилиши кутилаётган кўплаб бошқа давлатлар мазкур масала бўйича АҚШ тарафини олдилар. Бу эса Европа Иттифоқи тақдирига салбий таъсир қилмай қолмаяпти.

Шу сабабдан, - дейди Германиянинг Ташқи алоқалар кенгаши Трансатлантик алоқалар дастури директори Бернард Май, - Санкт-Петербург ва Эвианда учрашажак лидерлар тафовутни камайтириб, муросага келишга ҳаракат қилишлари лозим:

- Баъзилар ҳамма нарсани фақат оқ ва қора бўёқларда тасвирлайдилар. Ҳолбуки, амалда давлатларнинг турли манфаатлари мавжуд бўлиб, улар орасида ҳам фарқлар мавжуд бўлади. Реал ҳаётда, президент Жорж Буш айтганидек, “ёки биз билан ёки бизга қарши”, қабилидаги қонун кўпинча ишламайди.

АҚШ ва Россияни оладиган бўлсак, улар ўртасидаги муносабатларнинг келажакда яхшиланишига умид катта, дейишмоқда кузатувчилар. Москванинг Эрон билан ҳамкорлик қилаётганидан ҳамда Саддам Ҳусайн режими билан чуқур алоқаларга эга бўлганлигидан норози бўлса-да, Вашингтон келажакда Кремл билан шерикликни давом эттиради. Россия АҚШга на иқтисодий, на сиёсий соҳада тенг кела олади. Шу боис у Вашингтон учун таҳлика туғдирмайди. Буни яхши англаган Оқ Уй раҳбарияти Россия билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилишда давом этади. Хуллас, кузатувчилар фикрича, Санкт-Петербург ва Эвианда Жорж Буш ва Владимир Путин бир-бирига қараб, кўп жилмаяди. Агар Буш ва Европа давлатлари раҳбарлари ҳам кўп жилмайиб, кўп қўл силкитсалар, учрашувлар муваффақиятли, ўтган деб айтса бўлади.
XS
SM
MD
LG