Линклар

logo-print

Ироқ: оммавий қирғин қуроллари қаерда?


Фарангис Саид

Расмий Вашингтоннинг сўнгги баёнотига кўра, ўтган ойда Ироқда кимёвий қурол ишлаб чиқаришга қаратилган ишлар олиб борилган икки кўчма лаборатория топилган. Дастлабки текширув юк машинасида жойлашган ушбу лабораторияларда кичик ҳажмдаги кимёвий моддалар, шу жумладан антракс моддасини ишлаб чиқиш мумкин бўлганини кўрсатди. Аммо текширувлар натижасида лабораторияларда инсон саломатлиги учун хавфли бўлган моддаларнинг ўзи топилмади. АҚШ расмийларининг билдиришларича, БМТ қурол-аслаҳа инспекторлари Ироқда ишлаётган даврда Саддам Ҳусайн ҳукумати вакиллари лабораторияларда метеорологик ишлар учун зарур бўлган водород моддаси ишлаб чиқарилганини таъкидлаганлар. Лабораторияларни текшириб чиққан АҚШ Марказий разведка бошқармаси ходимлари уларда биологик ва кимёвий қурол ишлаб чиқарилганини айтмоқдалар. 29 май куни Оқ Уй матбуот котиби Ари Флайшер бу хусусида мана бундай деди:

- Эндиликда Саддам Ҳусайн бу кўчма лабораториялар жойлашган юк машиналаридан биологик қурол ишлаб чиқариш учун фойдаланганига далилимиз бор.

АҚШ Мудофаа котиби Доналд Рамсфелд ҳам пайшанба куни айнан шундай баёнот берди.

Айни вақтда жаҳонда “Саддам Ҳусайн ҳақиқатан ҳам оммавий қирғин қуролларига эга бўлганми”, деган савол устида мубоҳасалар кучаймоқда. Ғарб оммавий ахборот воситаларининг баъзилари Ироқда бу турдаги қуроллар бўлмаган, дея таъкидлаб, Ғарб разведка хизматларини буни яхши билганликда ва шунга қарамай урушнинг олдини олмаганликда айбламоқдалар. Албатта, бу масаланинг муҳимлиги шубҳасиз. Чунки АҚШ президенти Жорж Буш ҳам, Британия раҳбари Тони Блэр ҳам Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатларни айнан у ерда оммавий қирғин қуроллари мавжудлиги ва Саддам Ҳусайн уларни йўқ қилишдан бош тортаётгани билан тушунтирган эдилар. Ироқда Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилиб, ҳарбий ҳаракатлар тугаганига мана бир неча ҳафта бўлди. Лекин мамлакат ҳудудида биологик, кимёвий ёки ядровий қуроллар топилмади. Урушга азалдан қарши чиққанлар Буш ва Блэрга қаратилган танқидларини янада кучайтирдилар. Ҳар иккала раҳбар эса ўзини оқлашга уриниб, Ироқ ҳудуди жуда катта эканлиги ва у ерда яширилган қуролнинг топилиши анча вақт талаб қилажагини таъкидламоқда ва айни вақтда турли далилларни келтиришга ҳаракат қилмоқда. Куни кеча топилган кўчма лабораториялар ҳам шулар жумласидан. Бироқ АҚШ раҳбарларининг лабораторияларга оид баёнотларига ишонмаётганлар ҳам бор. Улардан бири – Вашингтонда жойлашган Халқаро Карнеги тинчлик жамғармаси ходими Жон Волфсталдир:

- Бу лабораториялар биологик қурол ишлаб чиқариш учун мўлжалланганидан шубҳам йўқ. Аммо Марказий разведка бошқармаси келтираётган далиллар Буш ва умуман АҚШга нисбатан билдирилаётган танқидни йўқ қилиш учун етарли эмас.

Шундай дер экан, вашингтонлик мутахассис Доналд Рамсфелд ва бошқа АҚШ расмийларининг Саддам Ҳусайн оммавий қирғин қуролларини уруш бошланмасидан олдин йўқ қилгани ҳақдаги баёнотларига ишонмаслигини айтади:

- Саддам Ҳусайн режими оммавий қирғин қуролларини уруш олдидан АҚШ ва Британия ёрдамисиз йўқ қила олмаган. Ахир бу қурол юзлаб тонна, минглаб литр кимёвий моддани ташкил қилган. Улар йўқ қилинганида, бунинг излари топилиши керак эди. Лекин излар, далиллар ҳамон топилмади.

Жон Волфстал фикрича, Жорж Буш ва Тони Блэр ўз нуфузини сақлаб қолиш учун Ироқда оммавий қирғин қуролларини топиши керак.

Собиқ разведкачи, разведка хизмати фаолияти ҳақида қатор китоблар ёзган америкалик муаллиф Энтони Кордсмен бу фикрга қўшилмайди. Унинг таъкидлашича, Ироқда оммавий қирғин қуроллари борлигини БМТ қурол-аслаҳа инспекторлари 90-йилларда исботлаганлар. Ханс Бликс раҳбарлигидаги сўнгги инспекция натижасида эса бу хулоса яна бир бор тасдиқланди.

- Биз ҳозирда Ироқда оммавий қирғин қуроллари ишлаб чиқарилганми, деган саволга жавоб изламаяпмиз. Чунки бу саволга БМТ инспекторлари уруш бошланмай туриб жавоб берганлар. Бизни қизиқтираётган масала қўйидагича: АҚШ ва Британия БМТ хулосаларига таянганларми ёки Ироқ оммавий қирғин қуролларини ошириб кўрсатган сохта маълумотларга таяниб, уруш бошлаганларми?

Ҳудудида оммавий қирғин қуроллари борлигидан ҳеч қачон шубҳаланмаган Кордсмен Ироққа қарши уруш бошлангани ҳамда Саддам Ҳусайннинг ҳокимиятдан ағдарилганини ҳам ижобий баҳолади.
XS
SM
MD
LG