Линклар

Ахборотга ташна ироқликлар сунъий йўлдош антенналари сотиб олишмоқда.


Акрам Файзулло

Абу Меҳди Бағдодда сунъий йўлдош антенналари савдоси билан шуғулланади. У ироқликлар ахборотга ташна эканликларини гапиради:

- Ироқликлар араб тилида кўрсатувлар олиб борадиган Ал-Жазира, МБС ва Ливан телеканалларини кўришни хоҳлайдилар, - деди Абу Меҳди.

Абу Меҳдининг қайд этишича, кўплаб одамлар сунъий йўлдош антенналари сотиб олишаëтганининг иккита сабаби бор: биринчидан, Саддам Ҳусайн даврида сунъий йўлдош антенналаридан фойдаланиш таъқиқланган эди ва энди одамлар эсдан чиқарилган меванинг таъмини татиб кўришни хоҳлайдилар. Бундан ташқари, ҳозирча Ироқ давлат телевидениеси ишламаяпти ва одамлар ҳар қандай телекўрсатувни кўришни истайдилар.

Ўтган ойда Ироқ президенти Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилгандан бери, Бағдоддаги хонадонларда сунъий йўлдош антенналари кўпайиб бормоқда. Ҳеч ким телекўрсатувни томоша қилиш учун қўшнисиникига ўтишни хоҳламайди. Ҳамма одам ўзининг телевизори ва сунъий йўлдош антеннасига эга бўлишни истайди.

Қизиғи шундаки, ироқликлар зўрға кун кечираëтганларидан тез-тез шикоят қилишаëтганига қарамай, улар сунъий йўлдош антенналарини бир амаллаб сотиб олишмоқда. Бағдод дўконларида сунъий йўлдош антенналари нархи - 150-250 доллар. Мисрда ишлаб чиқарилган “Тошиба” телевизори эса 200 доллар туради.

Абу Меҳди сунъий йўлдош антенналарини қўшни Иорданиядан импорт қилади. У кунига 5-6та антенна сотади ва уларнинг ҳар биттасидан тахминан 20 доллар фойда кўради. Меҳдининг айтишича, собиқ Ироқ ҳукумати расмийлари сунъий йўлдош антенналарини мусодара қилишган ва бундай антеннадан фойдаланган кишига 200 доллар жарима солишган.

Фирас ҳам Бағдодда сунъий йўлдош антенналари савдоси билан шуғулланади. У кунига 15-20та антенна сотмоқда. Фираснинг қайд этишича, бағдодликлар, асосан, араб каналларини кўришади, чунки Ғарб каналларини томоша қилиш учун 100 долларга декодер сотиб олиш керак.

Фирас дўконига сунъий йўлдош антеннаси сотиб олиш учун келган 30 ëшли Муханед фақат кўнгилочар дастурларни эмас, балки ахборот учун телевидениени тамоша қилишини гапиради:

- Мен дунëда ва Ироқда нималар бўлаëтганини билишни хоҳлайман. Менга Ал-Жазира, Абу Даби ва СНН телеканналари ëқади. Лекин СНН учун декодер керак, - деди Муханед.

Абас Мархуннинг иши бир оз бошқачароқ. У 1991 йилдан буëн Бағдоддаги уйида сунъий йўлдош антенналари ишлаб чиқариш ва уларни таъмирлаш билан шуғулланади. Абас Мархун Саддам Ҳусайн ҳокимиятдалигида қийин шароитларда ишлаганини эслайди:

- Мен гаражда эшикни беркитиб, сунъий йўлдош антенналари ясар эдим ва буни ҳеч ким кўрмас эди. Ярим кечадан кейин антеннани харидорга сотардим, - деди Абас Мархун. Бир марта Абас Мархуннинг дўсти полиция унинг ишидан хабар топгани ҳақида огоҳлантирган. Абас Мархун барча асбоб-ускуналарини яшириб, қамалишдан қутулиб қолган.
XS
SM
MD
LG