Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:44

31-май жаҳонда “Тамакига – йўқ!” шиори остида ўтди


Фарангис Саид

Тамаки чекаётган одам кўзимизга қандай кўринади? Замонавий, бадавлат ва чиройлими? Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу саволга жавоб қатъий бўлиши керак, деб ҳисоблайди: тамаки ўлимни англатади. Унинг ҳеч қандай чиройли тарафи бўлиши мумкин эмас. Кинофилмлар, видеороликлар ва кўплаб бошқа турдаги рекламада тамаки тарғиб қилинади, ҳолбуки тамаки кашандаларнинг ярмини ўлдиради. Шундай статистикани келтирар экан, Жаҳон соғлиқни сақлаш тақшкилоти тамаки саноатини қўллаб-қувватловчи ва тарғиб қилувчи рекламага чек қўйиш керак, деб таъкидламоқда. Хусусан, киноиндустрияда тамаки чекиш образлари ишлатилмаслиги лозим, кинокомпаниялар тамаки ишлаб чиқарадиган ширкатлардан ҳеч қандай маблағ олмасликлари, уларни ўз лойиҳалари учун ҳомий сифатида жалб этмасликлари керак. Аксинча, кинотеатрларда филмлар бошланишидан олдин тамакига қарши лавҳалар намойиш қилиш лозим. Бадиий филмларни эса уларда, масалан, секс саҳналари қанча кўрсатилганига қараб, турли гуруҳларга ажратиш каби, тамаки чекиш саҳналарига қараб, гуруҳларга ажратиш керак. Бу каби шартлар мода олами намоёндаларига ҳам тааллуқли бўлиши шарт, деб ҳисоблайди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти. Уни дунёнинг 192 мамлакати қўллаб-қувватлади ва 21 май куни Тамакини назорат қилиш ҳақдаги халқаро конвенцияга расман қўшилди.

Конвенция мақсадлари ҳақида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг аксил-тамаки кампанияси раҳбари Дерек Ях мана бундай дейди:

- Конвенциянинг икки мақсади бўлиб, ўлардан биринчиси - тамакини назорат қилиш бўйича миллий сиёсат ва стратегияларни амалда қўллай бошлашдан иборатдир. Бу сигареталарга солинадиган солиқларни ошириш, тамаки рекламасини таъқиқлаш, чекиш ман этилган жойларни кўпайтириш, кашандаларга чекишни ташлашда ёрдам бериш ва бошқа ишларни англатади. Иккинчи мақсад эса шундан иборат-ки, ҳеч бир мамлакат бугунги кунда тамаки назоратини бир ўзи, бошқа мамлакатлардан мустақил равишда олиб бора олмаслигини исботлаш керак. Бу глобал муаммо бўлиб, уни интернет, телевидение, матбуотда ёритиб бориш ва муштарак ҳаракатлар билан ҳал этиш мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, биргина Европа қитъасида тамаки йилига 1,6 миллион одам ҳаётига зомин бўлмоқда. Ёшларнинг 30 фоизи сигарета чекади. Ёш қизлар орасида ҳам тамакига кўнгил қўйганлар сони тобора кўпаймоқда.

Тамаки маҳсулоти ишлаб чиқарадиган ширкатлар мода ва кино дунёси орқали харидорлар сонини кўпайтириш мумкинлигини яхши тушунишади. Шу сабабдан, улар турли кўргазмалар, фестивалларга ҳомийлик қиладилар, ёшларга маҳсулотларини бепул, реклама сифатида таклиф этадилар, улар маҳсулотини реклама қилган кинокомпанияларга катта-катта пул ажратадилар. Сўнгги 10 йил давомида Голливуднинг энг машҳур 28 кинофилмида Малборо сигареталари реклама қилинган. Таниқли кино юлдузларнинг у ёки бошқа турдаги сигарет чекаётганини кўрган ўсмирлар бу қилиқни қайтаришлари эҳимоли жуда баланд. 1996 йилдан 2000 йилга қадар энг машҳур филмларнинг 80 фоизида тамаки чекиш саҳналари кўрсатилган. 90-йилларда филмлардаги бундай саҳналар 50 фоизга кўпайган.

Мода дунёсида ҳам айни вазият. Машҳур аёл ва эркак моделлар сигаретларни реклама қиладилар. Мода журналларида тамаки рекламаси кўп учрайди. Тамаки ишлаб чиқарувчи ширкатлар ёш ва ҳали элга танилмаган дизайнерлар кўргазмаларига ҳомийлик қилиб, бу орқали ўз маҳсулотларини реклама қиладилар. Сўнгги пайтларда эса ёшлар йиғиладиган жойлар, хусусан тунги клубларда тамаки рекламаси кўпайган.

Бунга чек қўйиш керак, деб ҳисоблаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва унга аъзо 192 давлат тамакини назорат қилиш ҳақдаги конвенцияни имзолаганидан 10 кун ўтиб, 31 майни “Тамакига – йўқ!” шиори остида ўтказишга қарор қилди ва бу билан жамоатчиликни бу муаммодан бохабар қилишга ва тарғибот кампаниясини бошлаб юборишга келишди. Тадбирлардан бири тамакига қарши курашга энг катта ҳисса қўшган шахсларни мукофотлашдан иборат бўлди. 2003 йил ғолиблари орасида Испания, Нидерландия, Хорватия, Эстония ва Украина билан бир қаторда МО республикаси вакили ҳам бор. Қирғизистон радио ва телевидениеси симфоник оркестри дирижёри Асанхан Жумақматов ўзининг тамакига қарши курашга қўшган ҳиссаси учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мукофотини олишга муваффақ бўлди.

Шарқий Европа ва Марказий Осиё аҳолиси жаҳон аҳолисининг 8 фоизини ташкил қилса-да, бу мамлакатларда яшовчи кашандалар жаҳон кашандаларининг 16 фоизини ташкил этади. Тамаки компаниялари Марказий Осиё республикалари мустақилликка эришганларидан кўп ўтмай бу ерда иш бошлаб юбордилар, ўз завод ва фабрикаларини очдилар, турли тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқармоқдалар, ёшларни чекишга жалб қилмоқдалар ва бу амалиётда муваффақиятга эришмоқдалар. Бунинг сабаби нимада? Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг аксил-тамаки кампанияси раҳбари Дерек Ях фикрича, бу минтақа мамлакатларида тамаки маҳсулотларига солинаётган солиқлар ниҳоятда паст. Ҳукуматлар тамакига қарши курашдан манфаатдор эмас кўринадилар, дер экан Дерек Ях, Марказий Осиё республикаларининг ҳеч бири Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Тамакини назорат қилиш конвенциясига қўшилмаганини айтади:

- Биз Марказий Осиё республикаларида иш бошлаганимизда, улардан ҳеч бири конвенцияга оид музокараларда иштирок этиш хоҳишини билдирмаган эди.

Шундай дер экан Дерек Ях, сўнгги пайтда МО мамлакатлари ҳукуматлари тамакига қарши кураш йўлида энг биринчи қадамларни қўйишга, яъни миллий қонунларни ўзгартиришга рози бўлганларини айтади. Чунки расмийлар статистик маълумотларни кўздан кечирганда, тамаки ўлимнинг кўпайишига олиб келаётгани, бу эса ҳукуматлар учун қимматга тушаётганини англайдилар. “Тамаки ширкатлари одамларга бир нарса берадилар. У ҳам бўлса ўлимдир”, - дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Дерек Ях.
XS
SM
MD
LG