Линклар

Тожикистон: тамаки саноати ёмон аҳволда


Фарангис Саид

Жорий йилда Тожикистоннинг Зарафшон водийсида 2 минг гектар ерда тамаки ўрнига буғдой, картошка ва кунгабоқар экилди.

Тамаки Зарафшоннинг кўплаб оилалари учун ягона даромад манбаси бўлиб келган. Фермерлар ерни давлатдан ижарага олиб, унда тамаки етиштирардилар ва ҳосилни давлатга қарашли Озиқ-овқат корпорациясига сотар эдилар. Бироқ сўнгги икки йил давомида тожикистонлик фермерлар тамаки маҳсулоти учун харидор топишга қийналишмоқда.
Тожикистонда етиштирилган тамаки асосан Россияга экспорт қилинар эди. Аммо кўплаб Россия компаниялари Тожикистон тамакиси сифати пастлиги боис, ундан воз кечишга ва эътиборни бошқа мамлакатлар маҳсулотига қаратишга қарор қилдилар. Натижада тамаки саноатининг етти энг йирик ширкати синди. Ҳозирда бу соҳада фақат Панжикент тамаки фабрикаси фаолият олиб бораётир.

Тожикистон Озиқ-овқат корпорацияси раҳбари муовини Нуриддин Маҳмудовнинг Озодлик радиосига билдиришича, ўтган йилда Тожикистон бор-йўғи 220 тонна тамаки баргини хорижга сотишга муваффақ бўлди:

- Мана бир неча йилдирки, Айний ва Панжикент туманларидаги омборхоналарда 5 минг тонна тамаки сақланмоқда. Маҳсулотни одамлардан сотиб олиш учун бизнинг маблағимиз йўқ. Ҳукумат бизга 100 минг АҚШ долларига тенг кредит ажратди. Биз бу маблағни фермерлардан тамаки сотиб олишга ва сўнг Россияга юборишга ишлатяпмиз.

Совет даврида тамаки етиштириш Бадахшон ва Зарафшон водийлари деҳқонлари зиммасига юклатилган эди. Минглаб гектар бодомзор, узумзор, буғдой ва картошка далалари ўрнига тамаки экилган. Бадахшон вилояти Поршнев қишлоғи фуқароси Соҳибдавлат Шоҳисматова унинг оиласи йиллар давомида тамаки етиштирганини айтади:

- Тамаки давлат учун фойдали маҳсулотдир, лекин биз учун унинг фойдаси йўқ. Тамаки етиштириш нақадар оғир меҳнатлигини билсангиз эди. Биз болаларимиз ва қариялар билан кун бўйи тамаки баргларини терар, кечқурунлари эса баргларни ипга тизиб, қуритардик. Режа бажарилмагунича, бизга бир тийин ҳам тўланмасди. Биз хоҳлаймизми, йўқми, тамаки етиштиришга мажбур эдик.

Матбуотда келтирилаётган маълумотларга кўра, тамаки етиштирган фермерларнинг кўпчилигида саратон, экзема ва дерматит каби тери касалликлари учрайди. Эркак ва аёллар, айниқса ёш болаларнинг ўпка ва нафас олиш йўллари ишдан чиқади, аёллар ҳомиласига ҳам бу жуда ёмон таъсир қилади. Буларни ва тамакининг атроф-муҳитга зарарини ҳам инобатга олган Тожикистон ҳукумати Бадахшон водийсида тамаки ўстирмаслик ҳақда қарор қабул қилди. Зарафшонлик фермерларнинг кўпчилиги эса тамаки етиштиришда давом этмоқдалар. Чунки, ишсизлик жуда баланд, даромад эса паст Зарафшон водийсида, деҳқоннинг бошқа чораси йўқ.
XS
SM
MD
LG