Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:15

Россия ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар яна совуқлашди.


Акрам Файзулло

Куни кеча Россия Давлат Думаси қошидаги халқаро алоқалар қўмитаси раиси Дмитрий Рогозин Туркманистонни Афғонистондаги собиқ Толибон режимини ва террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаганликда, шунингдек, наркотиклар контрабандаси билан шуғулланганликда айблади.

Расмий Ашхобод ушбу айбномаларни рад этмоқда. Хўш, нима учун Туркманистон ва Россия ўртасида кейинги пайтларда яхшилана бошлангандек кўринган муносабатларга яна совуқлик тушди? Рогозин айбномаларидан кўзланган асл мақсад нималардан иборат бўлиши мумкин? Россиялик журналист ва Марказий Осиë масалалари бўйича мутахассис Борис Волхонский бу ҳақда шундай фикр билдиради:

“Жаноб Рогозин ҳар доим Кремл кўрсатмаларига биноан ишлаши Россияда ҳеч кимга сир эмас. Россия ва Туркманистон ўртасидаги муносабатлар ҳамиша мураккабдир. Кремл Туркманбошининг сиëсатини ëқтирмасада, унга чидаб келмоқда. Чунки туркман газини арзон нархда сотиб олмоқда. Аммо Туркманистон Каспий денгизи сув ости бойликларини тақсимлаш масаласида муроса қилмаяпти. Менимча, Россия бу масалада бир тўхтамга келишга қарор қилган кўринади”, - деди Борис Волхонский.

Дмитрий Рогозин Туркманистонда истиқомат қилувчи этник руслар ҳуқуқлари масаласи ҳам яқинда Россия Давлат Думасида муҳокамага қўйилишини маълум қилди.

Ўтган ойда Ашхобод ва Москва туркман газини Россияга сотиш тўғрисида узоқ муддатли келишувни имзолади. Аммо орадан бир неча кун ўтгач, Туркманистон мамлакатдаги этник русларга ҳам Туркманистон ва Россия фуқароси бўлиш ҳуқуқини берган шартномани бекор қилди.

Мазкур қарор Туркманистонда яшовчи 100 минг русий забон аҳолини ташвишга солиб қўйди. Россия матбуоти президент Владимир Путинни газ келишувини Туркманистонда яшовчи этник руслар ҳуқуқлари масаласидан устун қўйганликда айблади.

Бироқ мутахассислар фикрича, Россиянинг собиқ совет республикалари билан алоқаларида инсон ҳуқуқлари ҳеч қачон бош мавзу бўлмаган ва бунинг ортида бошқа сабаблар бор.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳининг Марказий Осиë бўйича мутахассиси Филип Нубелга кўра, Россия ҳукумати Туркманистон раҳбариятини танқид этишдан иккита мақсадни кўзлаган: биринчидан, Россия халқаро ҳамжамият томонидан инсон ҳуқуқлари масаласида кескин танқидларга учраëтган Туркманистон ҳукумати билан яқин алоқада бўлишни хоҳламайди. Иккинчидан, Путин келаси йилда президентлик сайловлари ўтказилишидан олдин, жамоатчилик ëрдамини олишга ҳаракат қилмоқда.

“Россия жамоатчилиги Туркманистондаги этник русларнинг аҳволини яқиндан кузатмоқда. Путинга келаси сайловларда ëрдам керак. Шунинг учун у собиқ Совет Иттифоқи республикаларида яшовчи этник руслар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи раҳбар сифатида ҳаракат қилиши лозим”, - дейди Филип Нубел.

Ҳозирча Туркманистон президенти Сапармурод Ниëзов халқаро ҳамжамият, шу жумладан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти танқидларига эътибор бермаяпти.

Россия ва Ғарб мутахассислари фикрича, Россия агар истаса Туркманистонга таъсир қила олади. Туркманистон иқтисодиëти газ экспортига қаттиқ боғланиб қолган ва асосий қувур Россия ҳудудларидан ўтган. Эксперт Филип Нубелга кўра, Москва мазкур экспорт қувури орқали расмий Ашхободга таъсир кўрсатиши мумкин:

“Туркманистон қисқа масофада Қозоғистондан ўтиб Россия ҳудудларига кирган қувурга қаттиқ боғланиб қолган. Ниëзов бу қувурсиз катта миқдорда газни экспорт қилолмайди. Чунки Афғонистон орқали қувур ëтқизилмаган. Эрон орқали эса жуда кам газ жўнатилмоқда. Менимча, Россия бу қувурни туркман гази учун ëпиб қўйиши, ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистонга мазкур қувур орқали кўпроқ газ экспорт қилишларига рухсат бериши мумкин. Россия Туркманистонга босим қилиш учун қулай позицияга эга. Ҳозир Россия Туркманистонга таъсир қила оладиган ягона мамлакатдир”, - деди Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи мутахассиси Филип Нубел.
XS
SM
MD
LG