Линклар

logo-print

АҚШ, Исроил ва Фаластин раҳбарлари Яқин Шарқ тинчлик режаси ҳақида музокаралар олиб борадилар.


Акрам Файзулло

Исроил Бош вазири Ариэл Шарон ва Фаластин Бош вазири Маҳмуд Аббос чоршанба куни Иорданияда АҚШ президенти Жорж Буш билан Яқин Шарқ тинчлик режаси ҳақида музокаралар олиб бориш учун тайëрланмоқдалар.

Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Россия томонидан олға сурилган мазкур уч босқичли режада, Исроил ва Фаластин ўртасида зўравонлик хатти-ҳаракатларини тўхтатиш, 2005 йилгача Фаластин давлатини яратиш ва Фаластин ҳудудларига кўчириб келтирилган исроилликларни қўриқлаш учун ўрнатилган постларни йўқ қилиш назарда тутилади.

АҚШ президентининг Яқин Шарқ сафаридан олдин, ҳам Исроил ва ҳам Фаластин раҳбариятлари муросавий ҳаракатларни бошладилар. Якшанба куни Исроил ҳукумати ҳар куни тахминан 25 минг фаластинликка ишлаш учун Исроил ҳудудларига киришларига рухсат беришини эълон қилди.

Айрим Фаластин расмийлари Исроилнинг мазкур муросасини дарëдан бир томчи сифатида баҳолаган бўлсалар-да, фаластинликларга қарши жорий этилган чекловларни юмшатиш Исроил томонидан кўриладиган биринчи мухим қадам бўлади.

Жорж Вашингтон университети профессори Мурхаф Жужати Яқин Шарқ тинчлик истиқболи ҳақида шуларни баëн қилди.

“Қизиғи шундаки, АҚШ президенти ҳар икки томондан мазкур тинчлик режасига тўғаноқ бўлмасликни талаб этмоқда. Натижада аста-секин ижобий мухит яратилмоқда ва ҳар икки томон муроса қилишга мажбур бўлмоқда”, – деди профессор Жужати.

Маҳмуд Аббос келаси бир неча ҳафта давомида Фаластиннинг жангари гуруҳлари билан Исроилга қарши барча зўравонлик хатти-ҳаракатларини тўхтатиш борасида келишувга эришилишини билдирди. Илгари Фаластин раҳбариятидан жангари гуруҳларини бутунлай тор-мор этишни талаб қилган Исроил мазкур келишувни қабул қилишига ишора этди.

Бундан ташқари, яқинда Шарон биринчи марта “оккупация” иборасини тилга олиб, Исроил қўшинлари эртами-кечми Фаластин ҳудудларидан чиқиб кетиши кераклигини таъкидлади. Маҳмуд Аббос эса террорни кескин қоралади ва бу фақат фаластинликлар ўлимига сабаб бўлаëтганини қайд этди.

Вашингтондаги таҳлилчи Дэвид Маковскига кўра, булар кичик, аммо тинчлик жараëнини қайта бошлашда мухим қадамлардир.

“Биз Исроил ва Фаластин раҳбариятлари ижобий ҳаракатлар бошлаганига гувоҳ бўлаяпмиз ва бу ниҳоятда мухимдир. Шарон Исроил Фаластин ҳудудларини оккупация остида сақлаб турганини эътироф этди. Маҳмуд Аббос эса, террорчилик фаластинликларга зарар етказаëтганини баëн қилди. Менимча, масалага бундай ëндошиш орқали келажакда икки томон ўртасида чинакам ҳамкорлик яратишга эришиш мумкин”, - деди таҳлилчи Маковски.

Кўплаб араблар президент Бушнинг Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш ҳаракатларига шубҳа билан қарашмоқда. Аммо профессор Мурхаф Жужати Оқ Уй Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш ишига ҳар қачонгидан кўра жиддийроқ киришганини гапиради.

“АҚШ президенти Яқин Шарқ тинчлик режасини олға суриш ишларида шахсан ўзи иштирок этмоқда. Буш нафақат Исроил ва Фаластин раҳбарлари билан, балки минтақадаги бошқа давлат бошлиқлари билан ҳам мунтазам алоқа қилмоқда. Буларнинг ҳаммаси АҚШ президенти Яқин Шарқ тинчлик режасига нисбатан жиддий ëндошаëтганини кўрсатмоқда”, - деди Жорж Вашингтон университети профессори Мурхаф Жужати.
XS
SM
MD
LG