Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:16

Тан жароҳатларидан ҳар йили 5 миллион одам ўлмоқда.


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунё бўйлаб юз бераётган ҳар ўнта ўлимнинг биттасига тан жароҳати сабаб бўлар экан. Аниқроқ айтганда, дунёда ҳар йили 5 миллион одам турли жароҳатлар ва шикастлар оқибатида оламдан ўтади. Бу эса, кўплаб мамлакатларга катта миқдорда иқтисодий зарар етказмоқда.

Доктор Этиен Краг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Жароҳатлар ва зўравонликлар масалалари билан шуғулланувчи бўлими директори. У Женева шаҳридан Озод Европа – Озодлик радиоси мухбирига телефон орқали берган интервюсида, ҳисоботда одамларга жисмоний жароҳат етиши мумкин бўлган барча ҳолатлар инобатга олинганини таъкидлади. Унга кўра, натижа анча ташвишли бўлган. 2000 йилда дунё бўйлаб 5 миллион одам турли жароҳат натижасида оламдан ўтган. Хусусан, 1.2 миллондан ортиқ одам транспорт ҳалокатлари натижасида ўлган. 815 минг одам ўз ҳаётига ўзи суиқасд қилган. 520 минг одам бошқалар томонидан ўлдирилган. 450 минг одам сувга чўкиб ўлган. Уруш харакатлари ва бошқа можароларда тахминан 310 минг одам ўлган. 283 минг киши йиқилиб ўлган. Ниҳоят 238 минг одам куйиш туфайли оламдан ўтган. Этиен Краг танага етган жароҳат туфайли ҳар йили кўплаб одамлар оламдан ўтишини, ўз навбатида бу катта иқтисодий зарар келтиришини айтди: “Жароҳатлар инсоният учун қимматга тушмоқда. Турли жароҳатлар йилига 5 миллион одамнинг оламдан бевақт ўтишига сабаб бўлмоқда. Айни пайтда, жароҳатлар туфайли жамиятга ҳам катта моддий зарар етмоқда”,-деди.

Доктор Краг, турли жароҳатлар оқибатида оламдан ўтаётган одамлар, асосан, оила боқувчилари эканини айтди. Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб турли жароҳатлар натижасида ўлаётганларнинг 50 фоизини 15 ёшдан 44 ёшгача бўлган одамлар ташкил этади. Дунёда турли жароҳат ва шикастлар сабабли йилига 5 миллион одам ўлишидан ташқари, тан жароҳати олган, аммо тирик қолган бир неча ўн миллион одам касалхоналарнинг реанимация бўлимларида даволанадилар. Краг сўзига қўшимча қилиб: “Бу, жароҳатлар келтираётган зарар ўнлаб миллион долларни ташкил этишини кўрсатади”,-деди.

Олиб борилган тадқиқот натижалари, эркаклар аёлларга нисбатан икки баробар кўп тан жароҳати олишини кўрсатган. Одамларга тан жароҳати ва шикаст етиш турли минтақаларда турлича. Масалан, Африка ва Осиё давлатларида йўл ҳаракати ва куйиш билан боғлиқ ўлим сони юқори. Европада эса, йиқилиб ўлганлар сони кўп. Доктор Крагга кўра, тан жароҳати туфайли ўлганларнинг 90 фоизи камбағал ва ривожланаётган давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Масалан, дунё бўйича собиқ Совет Иттифоқи республикаларида тан жароҳати оқибатида ўлганлар сони юқори. Шимолий Америка, Ғарбий Европа, Австралия ва Янги Зеландияда бу кўрсаткич анча паст. Аммо, Европада ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари Африка ёки Америкадагига қараганда уч баробар кўп.

Доктор Крагга кўра, собиқ Совет Иттифоқи давлатларида қотиллик ва ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари дунёдаги энг юқори кўрсаткичга эга. Мутахассисларга кўра, қотиллик сони юқори бўлса, ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кам бўлади ёки ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кўп бўлса, қотилликлар кам бўлади. Аммо, собиқ Совет Иттифоқи республикаларида вазият бундай эмас. Доктор Краг буни шундай изоҳлайди: “Бунинг сабаби нимада? Бизда мазкур саволга жавоб йўқ. Аммо жамиятнинг шиддат билан ривожланиши бунга ўз хиссасини қўшмоқда. Бойлар ва камбағаллар ўртасида катта тафовут бор. Ишсизлик юқори бўлгани эса алкоголизм ва у билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради. Ўз навбатида, бундай ҳолат тан жароҳати етиши мумкин бўлган вазиятларни келтириб чиқаради”.

Доктор Этиен Краг, тан жароҳати туфайли одамлар ўлишини камайтириш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё давлатлари ҳукуматлари билан бирга ишлаш ниятида эканини айтди. Краг, хавфсизлик камарларини тақиш, йўл ҳаракати ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш каби оддий чоралар, фалокатлар сонини ва демак, йўл ҳаракати туфайли ўлаётганлар сонини камайтиришини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG