Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:53

Марказий Осиёда сув муаммоси


Абдуллоҳ Эргаш

Яқинда Киев ва Москва шаҳарларида Марказий Осиёда мавжуд сув муаммолари бўйича анжуманлар бўлиб ўтди. Бу анжуманларда халқаро ташкилотлар ва Марказий Осиё расмийлари иштирок этдилар. Киев анжуманида ривожланган давлатлар Марказий Осиё сув хўжалигини ислоҳ қилиш орқали сув танқислигига барҳам бериш дастурини таклиф қилдилар. Москвада эса Россия сиёсатчилари Сибир дарёларини Орол денгизига буриш ғоясини яна бир бор ўртага ташладилар. Бу таклифларнинг қай бири Марказий Осиё учун манфаатли бўлади?

Май ойи якунида Украинада Сув муаммолари бўйича умумевропа бешинчи конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда иштирок этган Марказий Осиё расмийлари, инвесторлар ва халқаро ташкилотларни сув заҳираларини сақлаш дастурини молиялаштиришни илтимос қилдилар. Бу дастурда сувни иқтисод қилиш, сув омборларини таъмирлаш орқали, Марказий Осиёда сув муаммосини бартараф этиш кўзда тутилган. Дастур БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси томонидан қувватланди.

Айни пайтда, Россия сиёсатчилари Сибир дарёларини Марказий Осиёга буриш ғоясини яна кўтариб чиқа бошладилар. Бундан 32 йил аввал Об дарёси ва Орол денгизи оралиғида канал қуриш масаласи кўтарилган, аммо бу лойиҳа амалга ошмай қолиб кетган эди. Май ойи бошида сув муаммоси бўйича Москвада бўлган конференцияда бу лойиҳага қайтиш таклиф қилинди.

Москва шаҳри мэри, нуфузли рус сиёсатчиси Юрий Лужков конференцияни очар экан, “ Сибир дарёлари сувини Орол денгизига оқизиш лойиҳаси албатта амалга оширилади”, деб билдирди. Шунингдек, Лужков “Биз сувни товар сифатида баҳолаймиз. Бундай товар эса Россияда меъёридан ортиқроқдир”, деди ўз нутқида. Рус сиёсатчисининг бу фикрига Марказий Осиё расмийлари эътироз билдирганлари йўқ.

Бош қароргоҳи Белгияда жойлашган Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи эксперти Филип Нубел “Марказий Осиё сув муаммолари” тадқиқоти муаллифидир. У Сибир дарёларини Марказий Осиёга оқизиш лойиҳасига шундай баҳо беради:

- Бу ақл бовар қилмайдиган лойиҳадир. Чунки, ўз вақтида олимлар бу каби катта лойиҳа амалга оширилса, Марказий Осиё ва жанубий Сибир экологиясига катта зиён келтирилади, деб огоҳлантирганлар. Бу ғоянинг яна қайтадан кўтарилиши, Россия ва Марказий Осиё раҳбариятининг ҳамон эскича, советларча тафаккур юритаётганидан дарак беради. Ҳолбуки, бу ўринда мутахассислар ва жамоатчилик фикрига эътибор бериш ўринли бўларди, - дейди Филип Нубел.

Сибир дарёларини Марказий Осиёга буриш лойиҳаси, мутахассислар фикрича, 34 миллиард долларни талаб қилади. Россия иқтисодчиларига кўра, бу ҳаражат беш йилда ўзини оқлайди , Сибир дарёларининг Марказий Осиёга бурилиши эса Россия учун иқтисодий кўприк бўлади.

Украинада бўлиб ўтган Умумевропа конференциясида Марказий Осиё сувдан фойдаланишда катта исрофгарчиликларга йўл қўяётганлиги қайд этилди. Масалан, ривожланган мамлакатларга нисбатан Марказий Осиё мамлакатларида жон бошига сув истеъмол қилиш икки баробарга кўпдир. Ҳолбуки, Амударёнинг қуйи оқимидаги сув миқдори керагидан кўра 50 фоиз камдир. Мутахассисларга кўра, Амударё суви аҳоли ўсиши, иқлим ўзгариши, чўлнинг кенгайиши ва Афғонистонда сувга бўлган эҳтиёжнинг кўпайиши оқибатида янада камайиб бораверади. Филип Нубел ўтказган тадқиқот натижалари ҳам Марказий Осиёда сув исрофгарчилиги жуда катта эканлигини кўрсатди.

- Сув иншоотларининг таъмирга муҳтожлиги туфайли 50 фоиз сув Ўзбекистон ва Туркманистонга етиб бормасдан қумга сингиб йўқ бўлиб кетади. Қирғизистон ва Тожикистон сув заҳираларига жуда бой, аммо сув хўжалигини ёлғиз ҳолда молиялаштиришга ожизлик қилади. Марказий Осиё мамлакатлари биргаликда Қирғизистон сув хўжалигини тиклашлари, бу соҳада туб ислоҳотлар ўтказишлари талаб қилинади. Афсуски, Марказий Осиё ҳукуматлари бу борада бир қарорга кела олмаяптилар, - дейди Филип Нубел.

Туркманбоши Сапармурот Ниёзов томонидан амалга оширилиши мўлжалланаётган “Олтин аср” лойиҳаси эса кўплаб халқаро кузатувчиларни ташвишга солмоқда. Бу лойиҳага кўра, Қизилқумда сунъий денгиз яратилиши лозим. Агар лойиҳа амалга ошса, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги зиддият кучайиши мумкин. Москвада сув муаммоси юзасидан ўтказилган конференцияда иштирок этган халқаро кузатувчилар зиддият қуролли тўқнашувга айланиб кетиши мумкин, деб хавотир билдирдилар.

- “Олтин аср” сунъий кўли лойиҳаси Ашхабод томонидан реал лойиҳа сифатида кўрилмоқда. Лекин лойиҳанинг сиёсий жиҳати ҳам бор. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида сув ресурсларидан фойдаланишда ҳал қилинмаган муаммолар бир талай. Бу икки мамлакат ҳукуматлари мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун музокаралар ўтказишни истамаяптилар. Кўлнинг қурилиши мавжуд муаммони янада кучайтиради, - дейди Филип Нубел.

Ҳамсуҳбатимизга кўра , Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги зиддият қуролли тўқнашувга айланиб кетмаслиги ҳам мумкин, лекин бундай хавф йўқ, деб ҳам бўлмайди.

Марказий Осиёда сув танқислиги туфайли юзага келиши мумкин бўлган зиддиятларнинг олдини олиш халқаро ташкилотлар ва ривожланган мамлакатлар ҳукуматлари диққат -эътиборида турибди. Британия Қирғизистон ва Қозоғистон чегарасидаги сув иншоотларидан фойдаланишни ислоҳ қилиш бўйича махсус комиссия фаолиятини молиялаштирмоқда. БМТнинг Қирғизистон ваколатхонаси Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги аҳолини сув билан таъминлаш бўйича бир қанча лойиҳаларни амалга оширди. Бу ҳаракатга бошқа ривожланган мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг ҳам қўшилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG