Линклар

logo-print

АҚШ президенти Мисрда бир неча араб давлати раҳбарлари билан учрашди.


Акрам Файзулло

АҚШ президенти Жорж Буш сешанба куни Мисрда бир неча араб давлати раҳбарлари билан учрашиб, Яқин Шарқ тинчлик режасига кўра Фаластин ҳудудларига кўчириб келтирилган исроилликларни қўриқлаш учун ўрнатилган постларни Исроил йўқ қилиши кераклигини таъкидлади.

- Исроил ҳукумати исроилликларни Фаластин ҳудудларига кўчиришни тўхтатиши керак ва у яқин келажакда Фаластин давлатини яратишда жавобгардир, - деди Буш.

АҚШ президенти, шунингдек, айрим террорчиларнинг Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик ўрнатилишига ғов бўлишига йўл қуймаслик лозимлигини, ҳамда барча томонлар тинчликка эришиш учун жавобгар эканини қайд этди.

Ўтган эшиттиришимизда хабар берганимиздек, президент Жорж Буш чоршанба куни Иорданияда Исроил Бош вазири Ариэл Шарон ва Фаластин Бош вазири Маҳмуд Аббос билан Яқин Шарқ тинчлик режаси ҳақида музокаралар олиб боради.

Айни пайтда, кўплаб араб давлатлари Оқ Уйнинг Исроилдан фаластинликлар билан муроса қилишини жиддий талаб этишига шубҳаланмоқдалар. Араб таҳлилчиларига кўра, келаси йили Қўшма Штатларда президентлик сайлови ўтказилиши туфайли, Буш Исроилга қаттиқ босим қилиш билан овозларни йўқотишни истамайди.

Бундан ташқари, расмий Вашингтон Исроилнинг илтимоси билан Фаластин раҳбари Ясир Арафатни сиëсий саҳнадан бутунлай четга суришга уринмоқда. Исроил ва АҚШ расмийлари Арафатни Фаластиннинг жангари гуруҳларига қарши кескин чора-тадбирлар кўрмаганликда айбламоқдалар.

Аммо Европа Иттифоқи, Россия ва кўплаб араб давлатлари Арафатнинг четга сурилишини жиддий сиëсий хато, деб ҳисоблайдилар.

Сешанба куни Миср, Фаластин, Саудия Арабистони ва Иордания раҳбарлари билан ўтказилган учрашув давомида АҚШ президенти жангари гуруҳларнинг молия билан таъминланишига йўл қўймаслик масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

- Бу ерда ўтирган раҳбарлар террорчи гуруҳларни молия билан таъминлаëтган манбаларни йўқ қилишда жавобгардирлар. Мен бу раҳбарлар билан сўзлашдим ва улар бундай манбаларга қарши чора-тадбирлар кўришга рози бўлдилар, - деди Буш.

Вашингтонни хавотирга солаëтган гуруҳлар турли ғоялар ва мақсадларга эга. Улардан бири 2001 йил 11 сентябр терактларини уюштирган “Ал- Қайда” гуруҳидир. Қолганлари, жумладан Фаластиннинг Хамас, Исломий Жиҳод ва Ливаннинг Хизбуллоҳ гуруҳлари Исроил душманлари ҳисобланади.

Шотландиялик таҳлилчи Пол Уилкинсонга кўра, Вашингтон, хусусан Саудия Арабистони ва бошқа Форс кўрфази давлатларида террорчи гуруҳлар молия билан таъминланаëтгандан ташвишланмоқда.

- 11 сентябр воқеаларидан кейин террорчи гуруҳларни молиявий ëрдамдан маҳрум этиш учун бошланган кампания ҳали чинакам натижа бергани йўқ. Нафақат Саудия Арабистони, балки бошқа Форс кўрфази давлатларида Усама бин Ладинга ҳайрихоҳ бойлар маҳфий йўллар билан “Ал- Қайда” террор тармоғига пул жўнатишни давом эттиришмоқда. АҚШ президенти бунга чек қўйилишини истайди, - деди Пол Уилкинсон.

Таҳлилчининг фикрича, жангари гуруҳларини молия билан таъминлаш мақсадида фойдаланилаëтганган Исломий хайрия ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш лозим.

- Яқин Шарқ мамлакатларидаги кўплаб хайрия ташкилотлари ўз ваколатларини суиистеъмол этмоқдалар. Кўпинча одамлар хайрия ташкилотларига берган пуллари қандай мақсадларда сарфланганини билишмайди. Бундай хайрия ташкилотлари орқали ал-Қайдага ўхшаган террорчи гуруҳлар молиявий ëрдам билан таъминланмоқда”, - деди таҳлилчи Пол Уилкинсон.

Жангари гуруҳларнинг молия билан таъминланишига йўл қўймаслик йўлидаги ҳаракатлар Яқин Шарққа қараганда, Ғарб мамлакатларида самарали натижалар бермоқда. АҚШ маъмуриятига кўра, Ғарб давлатларидаги молия ташкилотлари ва хуқуқ-тартибот органларининг ҳамкорлиги туфайли, террорчи гуруҳлар учун ажратилган 121 миллион доллар музлатилган.
XS
SM
MD
LG