Линклар

“Катта саккизлик” Эронда инспекция ишлари олиб борилишини хоҳламоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Франциянинг Эвиан шаҳрида учрашган "Катта саккизлик" етакчилари Эрон ва Шимолий Кореяни ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги халқаро меъёрларга амал қилишга даъват этдилар. "Жаҳолат ўқи" номини олган бу давлатларнинг ядровий қурол ишлаб чиқаришга қаратилган хуфёна ҳаракатлари кўпдан бери Вашингтонни ташвишлантириб келаётган эди. Эндиликда, Россия ва Франция ҳам АҚШ хавотирларига қўшилган ҳолда, Теҳрон расмийларидан мамлакатда инспекция ишлари олиб бориш учун ижозат беришларини талаб этиб қолди. "Катта саккизлик"нинг Эвиан саммитида қатнашган Россия президенти Владимир Путин ядро қуроли тарқалиши инсониятга катта хавф туғдираётганини эътироф этар экан: "Ўйлашимча ядро қуролини тарқатмаслик муаммоси 21 асрнинг энг чигал муаммоларидан биридир. Ядро қуролининг тарқалиши инсониятга хавф туғдираётган экан, ушбу муаммони биргалашиб ҳал этишимиз керак", - деди.

Маълумки, Россия узоқ йиллар давомида Эрон билан ядровий энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиб келди. Жумладан, Форс кўрфази яқинидаги Бушер атом реакторининг қурилишида Россиянинг улуши салмоқли бўлган ва буни Москва расмийлари ҳам инкор этишмаган. Келажакда эса Россия Эронда яна бешта ана шундай атом станциясини қуриб беришни зиммасига олган. Гарчи, Теҳрон ҳам Москва ҳам бундай ҳамкорлик ортида тинч мақсадлар туришини таъкидлаб келган бўлсаларда, Вашингтон булар ортида ядровий қурол ишлаб чиқишга интилиш борлигини таъкидлайди. Шу боисдан Америка Қўшма Штатлари Эронда БМТнинг Халқаро атом энергияси бўйича агентлиги иштирокида инспекция ўтказилишини хоҳламоқда. Якшанбадан эътиборан Россия ҳам Эронда инспекция ишлари олиб борилишини ва Теҳрон бу ҳақдаги халқаро протоколга имзо қўйишини талаб этаётган давлатлар сафига қўшилди. Эвиан саммитида чиқиш қилган Россия Президенти Владимир Путин токи Теҳрон халқаро инспекцияга розилик бермас экан, унинг давлати Эронга ядровий материлар экспортини тўхтатади, деб баён қилди.

- Ядро қуролини тарқатмаслик масаласида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ҳал қилувчи рол ўйнаши керак, деб ўйлаймиз. Ва биз Эроннинг ядровий соҳадаги барча дастурлари ушбу ташкилот назорати остига олинишини талаб этамиз, - деди Россия президенти Владимир Путин.

Теҳрон расмийларига келсак, "Катта саккизлик" етакчиларининг даъватлари уларни унчалик ташвишлантирмаётган кўринади. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мулозимининг айтишича, Теҳрон аллақачон Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани имзолаган ва бу борада бошқа қўшимча ҳужжат имзолашга хожат йўқ. Яна бир Теҳрон расмийси, Эроннинг Атом энергия бўйича вазирлиги раҳбари Ғуломирзо Оғазода Францияда чиқадиган "Le Monde" газетасига берган интервюсида, Эронга нисбатан жорий этилган Америка санкциялари бекор этилмас экан, унинг давлати инспекция ишлари олиб борилишини назарда тутувчи қўшимча протоколни имзоламаслигини айтган.

Шу ўринда кўпчиликни бу ерда Ироқ сценарийси такрорланмаяптимикан, агар Эрон халқаро инспекцияга рози бўлмаса, унда нима бўлади, деган саволлар қизиқтириши табиий. Аммо, "Катта саккизлик" саммитида бўйсунмас давлатларга нисбатан куч ишлатилиши кераклиги ҳақида гап бўлмаган. Сешанба куни матбуот анжуманида журналистларнинг бу ҳақдаги саволларига жавоб қайтарар экан Франция Президенти Жак Ширак: "Эронга келсак, унга нисбатан куч ишлатиш масаласи саммитда кўтарилгани йўқ. Биз Эрон билан зарурий мулоқотни хоҳлаяпмиз холос. Биз, инсониятга хавф туғдираётган хуфёна қурол ишлаб чиқариш жараёни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик назоратига ўтиши борасида Теҳрон билан конструктив мулоқот йўлга қўйилишини хоҳлаяпмиз", - деди.

Эроннинг ядровий дастури борасидаги хавотирлар Атом энергияси бўйича халқаро агентлик раҳбари Муҳаммад Эл-Барадэйнинг Эронга феврал ойидаги сафари ва ташриф хулосаларидан сўнг кучайди. Барадей Эронга сафари давомида мамлакатнинг Натанз вилоятида 160та центрифуга, яъни бойитилган уранни ажратиб чиқаришга мослаштирилган анжомлар борлиги, Арак вилоятида эса плутоний ишлаб чиқариш учун сув иншооти қурилаётгани гувоҳи бўлган.
XS
SM
MD
LG