Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 06:00

Ханс Бликс Ироққа қайтадими


Пайшанба куни БМТ хавфсизлик кенгаши йиғилишида Ханс Бликс маърузасини эшитиш режалаштирилган.

Ханс Бликс маърузасида, Ироқда оммавий қирғин қуроллари бормиди, Ироқ уруши арафасида бу ҳавф бўрттирилиб кўрсатилмадими, деган саволларга жавоблар акс этиши кутилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги Россия элчиси Сергей Лавров шундай гапиради:

- Ироқда оммавий қирғин қуроллари бўйича дастур бор ë йўқлигини биз аниқ билишимиз керак. Агар бундай қуроллар ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлса, биз ўзимизни хавфсиз ҳис қила олмаймиз.

Лавровга кўра, америкалик ва британиялик дипломатлар БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ироқдаги ядровий,кимëвий ва биологик қурол заҳиралари ҳақида тўлиқ маълумотларни эълон қилишга ваъда беришган.

АҚШ ҳукумати ўз навбатида ҳарбий мутаҳассислар ëрдамида Ироқдаги оммавий қирғин қуролларини қидиришда давом этмоқда. Уруш тугагандан бери Ироқда 230дан зиëд қурол борлиги гумон қилинаëтган ҳудудлар текширувдан ўтказилган.Аммо бу текширувлар самарасиз бўлгани айтилмоқда.

Буюк Британия мулозимлари Бликс бошчилигидаги инспекторлар гуруҳининг яна Ироққа қайтишини маъқул кўрмоқда. Америкалик мулозимлар эса Бликс гуруҳи фаолияти тикланишига зарурият йўқ, деб ҳисоблашаëтир.

Бундан бир ой олдин лавозимдан истеъфо берган Бликс, инспекторлар ўз фаолиятини бир ҳафта ичида қайта тиклаб, ишга киришишлари мумкинлигини айтган.

Фаолиятнинг тикланиши учун БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарори ва бу қарор коалиция кучларининг бу қарорни қувватлашлари зарур бўлади.

Ироқни 18 март куни тарк қилган Бликс текширишлар ҳали ниҳоясига етмаганлигини айтади. Бунга асосий сабаб, дейди Бликс, Ироқ режими бизга ўз вақтида етарли ҳужжатларни тақдим қилмаганлиги билан боғлиқдир.

Ироқда оммавий қирғин қуроллари мавжудлигини ўрганиш лойиҳаси мутахассиси Валерия Линсу инспекторлар фаолиятини қайта тиклаш зарурлигини айтади:

- Улар ҳар ҳолда Ироқдаги оммавий қирғин қуроллари борасида батафсил маълумотларга эга.Агар биз бу маълумотлардан тўғри фойдалана олсак, айни муддао бўлар эди.

Линси инспекторлар тажрибаси ва билимидан шу кунларда тезлик билан фойдаланиш керак, акс ҳолда кеч бўлиши мумкинлигини айтади:

- Биз қурол борлиги таҳмин қилинаëтган ҳудудлар ҳақида жуда кам маълумотга эгамиз.Оммавий қирғин қуроллари оддий xонадонларда ҳам сақланаëтган бўлиши мумкин.Балки бу қуролар аллақачон террорчи ташкилотлар қўлидадир, ëки бошқа давлатлар ҳудудига ўтиб кетгандир.

Жума куни Ҳалқаро атом энергияси агентлиги Бағдодга текширув гуруҳини жўнатганини маълум қилган. Бу гуруҳ ядро қуролларининг дунëга тарқалишини чеклаш бўйича иш олиб боради.Ушбу гуруҳ вакили Томас Грем Бликс гуруҳи Ироққа қайтиб борса, маъқул бўларди деб ҳисоблайди:

- Ҳеч бўлмаганда маслаҳат гуруҳи тарзида қайтиб борса бўлармиди.Ҳар ҳолда,50 нафар БМТ инспекторининг Бағдодда бўлиши фойдадан ҳоли эмас.

"Таймс" газетасида эълон қилинган мақолада Саддам Ҳусайн оммавий қирғин қуроллари дастурига эга бўлганлиги таъкидланади.АҚШ ва Буюк Британия ҳаракатлари, дейилади мақолада, ушбу дастур ҳақидаги ҳақиқатларни рўëбга чиқаришга қаратилиши керак.
XS
SM
MD
LG