Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:54

Лўя Жиргадан бир йил ўтиб


А. Аррал

2001 йилнинг 11 июнида Афғонистоннинг турли минтақаларидан сайланган бир ярим мингдан кўпроқ вакил иштирокида пойтахт Кобулда йиғилиш бўлиб ўтган эди. Афғонларнинг Лўя Жирга деб аталувчи ушбу йиғилишида қатнашган мутахассислар, сиëсатчилар, қабилалар оқсоқоллари ва дин пешволаридан иборат вакиллар 2004 йилга белгиланган демократик сайловларга қадар Афғонистонни бошқарувчи Ўтиш даври ҳукумати аъзоларини сайлаган эдилар.

Ўша воқеадан бир йил ўтиб, бугун Лўя Жирга қандай эсланмоқда?

Лугар вилоятининг вакили сифатида Лўя Жиргада қатнашган журналист Муҳаммад Усмон Ториққа кўра, Ўтиш даври ҳукумати Афғонистон халқи кутганидек бўлиб чиқмади.

Оддий халқ ҳаëтида ўзгариш йўқ. Тажовуз ва қонунбузарликлар давом этмоқда. Марказий ҳукуматнинг пойтахтдан ташқарида куч-салоҳияти йўқ. Мамлакат бюджети ташқи ëрдамларга қарам бўлиб қолмоқда.

Бир ҳафтага чўзилган Лўя Жиргада Ҳомид Карзай Ўтиш даври ҳукуматининг президенти этиб сайланди. Ўшанда Карзайнинг таъкидлаган сўзларига тўхталади Ториқ:

- Жаноб Карзайнинг ишора қилганича, агарда у ўз ишларида муваффақият қозонолмаса, Лўя Жиргани чақириб, истеъфо бериши мумкин. Бахтга қарши ҳукуматда ҳам ривожланиш бўлмади ва Карзай ҳам истеъфо бермади. Бонн келишуви, шунингдек Лўя Жиргада эътибор қаратилиши керак бўлган масала – инсон ҳуқуқлари масаласига келсак, инсон ҳуқуқлари қўмитаси ташкил этилди, бироқ, катта молиявий имкониятга эга бўлган бу қўмита ҳеч қандай муҳим ишни амалга оширгани йўқ.


Журналист Ториқнинг айтишича, Афғонистон ҳукумати пойтахт Кобулда эмас, балки, бугун мамлакат бўйлаб хавфсизлик ўрнатмагунгача мамлакатни қайта қуришга ҳам, халқаро ëрдамларни қўлга киритишга ҳам эришолмайди. Унга кўра, фақат АҚШ марказий ҳукуматга бўйсунмаëтган кучли маҳаллий қўмондонлар билан муомала қила билиш салоҳиятига эгадир.


Покистоннинг Лоҳур шаҳридаги минтақа бўйича мутахассис Аҳмад Рашид ҳам Афғонистон Ўтиш даври ҳукуматининг ўтган йил давомидаги катта муаммоси мамлакатда хавфсизлик бўлмагани, деб билади.

"Менимча, бутун айб, Кобулдан ташқари бошқа жойларни ҳам халқаро тинчликни сақловчи кучлар билан таъминлаш бошқарувини рад этаëтган АҚШ ташқи сиëсатига юкланиши керак. Мамлакатда осойишталикнинг йўқлиги, янги конституция қабул қилишга, сиëсий партияларни рўйхатга олиш ва келаси йили ўтказиладиган сайловларга катта хавф солади".

Оддий афғонистонликлар эса, ўтган 12 ой ичида уларнинг ҳаëтида ҳеч қандай иқтисодий ўзгариш юз бермаганини таъкидлайдилар.

"Отим Нажиб, бизнинг Лўя Жиргадан кутганларимиз рўëбга чиқмади. Жуда кўп ваъдалар берилган эди, аммо, ўтган йил ичида ҳеч нарса амалга ошмади".

Ўтиш даври ҳукумати тарафдорларининг айтишларича, ҳукумат ҳамма нарсани нолдан бошлади. Бу албатта, уруш майдонига айланган мамлакатда қийин бўлиши мумкин. Шунга қарамай, Афғонистон сўнги ўн йилдан кўпроқ муддат мобайнида биринчи бор халқаро миқëсда тан олинди. Мамлакат ўзининг янги пулига эга бўлди. 2 миллиондан ортиқ муҳожирлар ватанларига қайтиб келишди. Тақрибан 4 миллион бола учун мактаб эшиклари очилди.

Эркин ва демократик сайловлар эса, 2004 йилнинг июн ойига бегиланган. Айни пайтда конституцион Лўя Жирга йиғилиб, мамлакатнинг янги конститциясини қабул қилади.
XS
SM
MD
LG