Линклар

Блэр Ироқда даъво қилинган оммавий қирғин қуроллари топилмагани хусусида танқидга учрамоқда.


Акрам Файзулло

Британия Бош вазири Тони Блэр ўз ҳукумати Ироқнинг оммавий қирғин қуроллари таҳдиди борасида парламент ва жамоатчиликни атайин алдади, деган хабарларни рад этди.

Чоршанба куни Британия парламентида чиқиш қилган Блэр Ироқ таҳдидини бўрттириб кўрсатмаганини қайд этди.

- Менинг ҳукуматимдан ҳеч бир расмий ëки вазир Ироқ хусусидаги разведка маълумотларини соҳталаштиришга урингани йўқ, - деди Блэр.

Британия Бош вазири бу масалада парламент комиссияси билан ҳамкорлик қилишга тайëр эканини билдирди. Аммо мазкур текширув натижалари оммага ошкор этилмаслигидан хавотирланилмоқда.

АҚШ президенти Жорж Буш ва Британия Бош вазири Тони Блэр Бағдод режимига қарши уруш бошлашдан олдин, собиқ Ироқ президенти Саддам Ҳусайни БМТ резолюцияларига хилоф равишда ядровий, кимëвий ва биологик қуроллар ишлаб чиқаришга уринаëтганликда айбладилар. Улар Ироқ урушини оқлаш учун мазкур айбномалардан фойдаландилар.

Бироқ Ироқдаги Америка ва коалициянинг юзлаб инспекторлари ҳали ҳам даъво қилинган оммавий қирғин қуролларини топишгани йўқ.

Чоршанба куни Блэр Ироқда таъқиқланган қуроллар топилмаганини эътироф этди, аммо текширув ишлари яқиндагина бошланганини билдирди.

- Саддам Ҳусайн оммавий қирғин қуролларига эга бўлгани ва жаҳон хавфсизлигига таҳдид солгани фақат БМТ Хавфсизлик Кенгаши эмас, балки бутун халқаро ҳамжамият томонидан тан олинди. Шунинг учун ҳам БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўтган ноябрда 1441 рақамли резолюцияни қабул қилди, - деди Блэр.

Айрим кузатувчиларнинг фикрича, ҳатто оммавий қирғин қуроллари топилмаган тақдирда ҳам сабабсиз уруш қилинди, деб бўлмайди. Чунки, дейди улар, Саддам Ҳусайн таъқиқланган қуролларга эга бўлмаган бўлсада, ўзини худди бундай қуролларга эга бўлгандек қилиб кўрсатган ва БМТ инспекторлари билан ҳамкорлик қилмаган. Бошқа кузатувчиларнинг қайд этишларича, қуроллар масаласини бир четга суриб, ҳозир асосий диққат-эътиборни Ироқдаги қайта қуриш ишларига қаратиш керак.

Бироқ Ироқда даъво қилинган оммавий қирғин қуроллари ҳали ҳам топилмагани Блэр ва Бушни ноқулай аҳволда қолдирмоқда.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси Ироқнинг тахмин этилган оммавий қирғин қуроллари тўғрисида ўтган кузда тарқатилган ҳисоботни қайта кўриб чиқмоқда. Унда АҚШ Мудофаа вазирлиги мазкур ҳисоботда келтирилган маълумотларни соҳталаштирган, деган эҳтимол ҳам текширилмоқда.

Ўтган ҳафтада АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Саддам Ҳусайн оммавий қирғин қуролларини йўқ қилган бўлиши мумкин, деди. Аммо кейинчалик Рамсфелд бу фикридан қайтиб, Ироқ борасидаги разведка маълумотлари ишончли ва эртами-кечми Ироқда оммавий қирғин қуроллари топилади, деб баëн қилди.
XS
SM
MD
LG