Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:48

Боку-Тбилиси-Жайҳон нефт қувури лойиҳаси танқид этилмоқда.


Акрам Файзулло

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва табиатни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар Озарбайжоннинг Боку портидан Туркиянинг Жайҳон портигача 1 минг 800 километр узунликда қувур ëтқизиш лойиҳасини танқид қилмоқдалар. 3 миллиард долларлик Боку-Тбилиси-Жайҳон нефт қувурини 2005 йилда ишга тушириш режалаштирилган.

Аммо Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, қувур ëтқизиш ва уни бошқариш борасидаги шартномалар, айниқса, Туркияда ишчилар ҳуқуқларини поймол этиши мумкин.

Амнистия ташкилоти вакили Сара Гриннинг қайд этишича, агар қувур ëтқизиш ишлари кечиктирилса, Туркия British Petroleum нефт компанияси бошчилигидаги консорциумга товон тўлашга рози бўлган. Хатто бу кечикишга ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатлари сабаб бўлган тақдирда ҳам Туркияга жарима солинади.

- Агар Туркия ҳукумати қувур ëтқизиш ишлари қандай олиб борилаëтганига, шу жумладан, иш жойларидаги шароитларни текширишга ëки лойиҳа учун еридан воз кечадиган 30 минг одамга товон тўлаш шартларига аралашса, консорциумдаги компанияларга жарима тўлайди. Бу нарса Туркия учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта тўсиқ бўлади, - деди Сара Грин.

Туркия, Озарбайжон ва Грузия ҳукуматлари қувур ëтқизиш ишлари ва уни бошқариш инсон ҳуқуқлари ва табиатни муҳофаза қилиш халқаро қоидалари талабига жавоб бериши ҳақидаги шартномани аллақачон имзоладилар.

British Petroleum нефт компаниясининг матбуот вакили Роди Кеннедэга кўра, нефт қувури ер остига кўмилади ва қувур устидаги ер ўзининг асл ҳолига келтирилади. Аммо Грузияда табиатни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи нодавлат ташкилот вакили Манана Кочладзе консорциумни экология масалаларига етарли эътибор бермаганликда танқид қилди.

- Қувур учун алтернатив йўл танланмаган. Лойиҳа ҳомийлари фақат бир йўлни таклиф қилишди. Улар бу йўлни табиатга зарар етказмайди, дея оқлашга уриндилар. Аммо ҳеч ким қувур ишга туширилгандан кейин ҳалокат юз бермаслигига кафолат беролмайди. Нефт қувури сув манбаларига ҳам жиддий таҳдид солади, - деди Манана Кочладзе.

Лондонда жойлашган Курдистон Инсон ҳуқуқлари жамиятини вакили Андерс Лустгартен British Petroleum компанияси бошчилигидаги консорциум Туркиянинг курд аҳолисига қувур ëтқизилиши ҳақида етарли маълумот бермаган.

- Биз қувур ўтадиган ҳудудлардаги аҳволни яқиндан ўргандик ва British Petroleum компанияси Туркиянинг шимоли- шарқий минтақаларида яшовчи курд аҳолисига қувур ҳақида етарли маълумот бермаганига амин бўлдик. Тўғри, танқидларимизни инобатга олган British Petroleum айрим ҳудудларда аҳволни тузатмоқда. Бундан ташқари, Озарбайжон давлат нефт компанияси бошлиғининг ўринбосари, президентнинг ўғли Илҳом Алиев телевидение орқали қилган чиқишида қувур ëтқизиладиган ҳудудларда яшовчи маҳаллий аҳолини мазкур лойиҳада ҳамкорлик қилиши кераклиги ҳақида огоҳлантирди, - деди Андерс Лустгартен. Унинг қайд этишича, Боку-Тбилиси-Жайҳон нефт қувуридан олинадиган фойда маҳаллий аҳоли билан баҳам кўрилмайди ва ишчилар четдан келтирилиши туфайли, бу лойиҳа янги иш жойларини яратмайди.
XS
SM
MD
LG