Линклар

logo-print

Ироқда кўпчилик ўз қуролини топширишни истамаяпти.

  • Ҳасанжон

Бағдодда ўқ овозининг эшитилиши одатий ҳолга айланиб қолди. Ироқ полицияси тахминига кўра, Саддам режими ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин, аҳоли қўлида уч миллионга яқин ўқотар қурол тўпланиб қолган. Пойтахт Бағдод ва Ироқнинг бошқа жойларини ўқотар қуроллардан тозалаш умидида, АҚШ расмийлари етакчилигидаги Ироқнинг муваққат ҳукумати қуролларни йиғиб олиш учун икки ҳафталик амнистия эълон қилди. Мазкур амнистия, ироқликларга жазо олишдан қўрқмай, ўз қуролларини топшириш имкониятини яратади. Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги маълумотига кўра, уйида ноқонуний равишда қурол сақлаётган шахслар 14 июнгача ўз қуролларини кўнгилли равишда топширишлари лозим. Акс ҳолда улар бир йилга озодликдан маҳрум этиладилар ва яна минг доллар жарима тўлайдилар.

Бироқ, хавфсизликни таъминлаш ва мамлакатда тартиб ўрнатиш йўлидаги бу чорага ироқликлар бефарқ қарамоқдалар. Чунки, амнистия эълон қилинганидан кейинги бир неча кун ичида Ироқ бўйича бор-йўғи 300га яқин қурол полиция идораларига топширилган. Бу қуролларнинг юзга яқинини бағдодликлар топширган. Ироқликлар, АҚШ ҳукумати уларни ўз оилалари ва бизнесини ҳимоя қилишнинг сўнгги воситасидан жудо қилишга уринаётганидан шикоят қилмоқдалар.

Капитан Ҳаким Ризоқ Бағдоднинг Ал-Карх маҳалласи полиция идорасида ишлайди. Унга кўра, юзга яқин киши ўз қуролини рўйхатдан ўтказиш учун полиция идорасига келтирган. Аммо уларнинг деярли барчаси ўз қуролини полицияга топширишни хоҳламаган. Ризоқ, ироқликлар ўзларини хавфсиз сезмаётганини, шу сабабли қуролларни топширишни истамаётганларини айтди: Одамлар буни нотўғри тушунишяпти ва тортинишяпти. Одамлар ўз қуролини қандай топшириш тартибини билмайдилар.

АҚШ армияси офицери Жош Клийланд, қуролларни йиғиб олишда ироқлик полиция ходимлари билан бирга ишлаётган АҚШ аскарлари қўмондони. У ҳам ҳозиргача эришилган натижадан қониқмаслигини айтди: Биз сўнгги тўрт кундан бери шу иш билан шуғулланяпмиз. Биз бир нечта Калашников автомати, граната ва бошқа қуролларни тортиб олдик. Бори шу холос.

Қонунлар ўзгараётгани қурол амнистияси амалга ошишида тушунмовчиликка сабаб бўлмоқда. “Ню Йорк Таймс” газетасининг ёзишича, уйма-уй тинтув ўтказаётган АҚШ аскарлари ироқлик бир оила учун битта автомат сақлашга рухсат бермоқда.

Капитан Ризоқ келаси ҳафталар ичида қаттиқроқ чоралар кўришга тайёр эканини билдирди. Агар Ал-Карх полиция идорасидаги икки минг полиция ходимининг 450 нафари автомат, 500 нафари тўппонча билан қуролланган бўлса ва қолгани қуролсиз бўлса, улар халқни қандай қилиб қуролсизлантира олади?

Саддам ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг Бағдод бозорларида Калашников автоматини 70 АҚШ долларига, гранатани 3 долларга ва минамёт ўқини икки АҚШ долларига бемалол сотиб олиш мумкин бўлди.
Бағдод аҳолисининг қуроллар амнистиясига муносабати бутунлай бошқача. Вассам Муҳаммад Бағдоднинг АҚШ қўшинлари доимий назорат қилиб юрадиган кўчаларидан бирида ўзининг хусусий дўконига эга. У амнистия яхши чора эканини айтди.

Биз ўз қуролларимизни топширишга тайёрмиз. Чунки, шу орқали вазият анча хавфсиз бўлади. Бу жуда яхши режа.

Унинг фикрига барча бағдодликлар қўшила олмайдилар. Бошқа дўкондор Васийм Юсуф эса қуролланган АҚШ аскарлари олдида ўзини ожиз сезишни хоҳламаслигини айтди. “Бу хато чора. Биз ўз қуролларимизни топширмаймиз. Агар топширсак, биз худди фаластинликларга ўхшаб қоламиз. Биз америкаликларга тош отамиз, улар эса бизга ўқ отади”,-деб сўзига қўшимча қилди Васийм Юсуф.

Унга кўра, қурол - ироқликлар маданиятининг ажралмас бир қисми ҳамда ғурури тимсолидир. Шу сабабли, дейди у, қуроллар учун эълон қилинган амнистия самара бермайди.
XS
SM
MD
LG