Линклар

Ироқлик шиалар мамлакатда исломий ҳукумат ташкил қилинишини талаб этмоқдалар.


Акрам Файзулло

Ироқ Исломий инқилоб кенгаши ироқлик шиаларнинг асосий сиëсий партияси ҳисобланади. Ироқ аҳолисининг тахминан 60 фоизини шиалар ташкил қилади.

Ироқ Исломий Инқилоб кенгаши мамлакатда Шариат қонунлари жорий этилишига чақирмоқда. Мазкур партиянинг юқори лавозимли вакили Аҳмад Али Ал Хафадги, агар келгуси сайловларда унинг партияси ғолиб чиқса, Ироқда Исломий тартиб-интизом ўрнатишини қайд этди.

- Биз Ироқда Исломий тартиб-интизом ўрнатилиши тарафдоримиз. Бошқа айрим ҳаракатлар бу фикрга қўшилишади, чунки Ироқдаги Исломий ҳаракатларнинг аксарияти шиалардан ташкил топган, - деди Хафадги. У “Исломий тартиб-интизом”, деганда нимани назарда тутганини тилга олмади. Чунки АҚШ маъмурияти Ироқ Исломий инқилоб кенгашининг мақсадлари ва бу партиянинг расмий Теҳрон билан алоқалари хусусида хавотирланмоқда.

Аҳмад Али Ал Хафадгининг маълум қилишича, яқинда Ироқ Исломий Инқилоб кенгаши ўз низомини эълон қилади. У агар Шариат қонунлари жорий этилса, Ироқда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари нима бўлади ëки спиртли ичимликлар истеъмол қилган кишилар қандай жазога тортилади, деган саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Буш маъмурияти Ироқда Эрондагига ўхшаган тизим яратилишига йўл қўймаслигини билдирди. Аммо АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл демократик принципларга риоя қилган диний ҳаракатлар келажакдаги Ироқ коалиция ҳукуматига қабул қилиниши мумкинлигини қайд этди.

Хозирча расмий Вашингтоннинг Ироқдаги бирор бир сиëсий партияга ҳукуматда қанчалар рол бериши аниқ эмас. Оқ Уй Ироқ мувақат ҳукуматини ташкил қилиш режасини бекор қилди. Ироқ бошқарувчиси америкалик Пол Бремер бунинг ўрнига яқинда маслаҳат берувчи кенгашга аъзолар танланишини эълон қилди. Маълумотларга кўра, мазкур кенгаш иқтисодий ва сиëсий масалаларда ҳукуматга маслаҳат беради. Мазкур кенгаш, шунингдек, Ироқ вазирлари учун маслаҳатчилар тайинлайди, бу маслаҳатчилар эса Америка расмийлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Аксарият кузатувчиларга кўра, Ироқ ҳукумати бир неча йилдан кейингина тўлиқ мустақил бўлиши мумкин.

Аҳмад Али Ал Хафадгининг қайд этишича, Ироқ Исломий инқилоб кенгаши ва АҚШ расмийлари ўртасида бирор бир жиддий муаммо йўқ. Аммо у Америка расмийларини Ироқ партиялари иштирокида коалиция ҳукуматини тузиш режасини бекор этганини танқид қилди.

- Биз америкаликларга қарши эмасмиз, ўртамизда ҳеч қандай муаммо йўқ. Америкаликлар бизга коалиция ҳукумати тузилиши ҳақида ваъда беришган эди, аммо улар ўз ваъдасини бажаришмади, - деди Аҳмад Али Ал Хафадги.

Бағдодлик Надги Ироқ Исломий Инқилоб кенгаши Саддам Ҳусайн режимига қарши курашиб, шиа жамоаси орасида катта обрў қозонганини гапиради.

- Саддам Ҳусайн режимига қарши курашда асосан Ироқ Исломий инқилоб кенгаши аъзолари ҳалок бўлди. Саддам даврида қатл этилган одамларнинг аксарияти мазкур партия тарафдорлари эди, - деди бағдодлик Надги.

Суннийлар орасидаги кайфият, умуман, бошқача. Сунний мазҳабига мансуб Ҳусайн: “Ироқда шиалар ҳеч қачон ҳокимиятда бўлишмаган ва иншаоллоҳ келажакда ҳам шундоқ бўлади”, деди.
XS
SM
MD
LG