Линклар

logo-print

Хитойнинг Марказий Осиëга бўлган қизиқиши тобора ортмоқда.


Акрам Файзулло

3 июн куни Остонада Хитой халқ республикаси раиси Ху Цзинтао Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан икки кунлик музокаралар билан олиб борди. Икки раҳбар иқтисодий ва бошқа қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиш тўғрисида шартномалар имзоладилар.

Музокаралардан кейин матбуот анжуманида сўз юритган Цзинтао у ва Назарбоев Хитой ва Қозоғистон ўртасида алоқалар ривожланаëтганидан мамнун эканларини қайд этди:

- Мен Хитой халқ республикаси раиси этиб тайинланганимдан сўнгра биринчи чет эл сафарим доирасида Қозоғистонга келдим. Бу ташриф Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик ва ҳамкорлик масалаларида муҳим аҳамият касб этади. Ўтган 11 йил давомида президент Назарбоев ва президент Цзян Цземиннинг ҳаракатлари туфайли, Хитой ва Қозоғистон ўртасидаги алоқалар муваффаққиятли равишда ривожланмоқда ва Хитой халқи бундан жуда мамнундир, - деди Цзинтао.

Хитой ва Қозоғистон президентлари минтақада экстремизм, сепаратизм ва терроризм таҳдидларига қарши биргаликда кураш олиб боришга келишдилар. Аммо энергетика ва савдо соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш кун тартибида бош мавзу сифатида муҳокама этилди.

- Бугун Қозоғистон ва Хитой ўртасида ижтимоий, иқтисодий ëки сиëсий соҳаларда ҳал этилмаган бирорта ҳам масала йўқ. Биз имзолаган ҳужжатлар, айниқса, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги беш йиллик дастур мамлакатларимиз орасидаги иқтисодий ва савдо алоқаларини ривожлантиришда катта ҳисса қўшишига ишонаман, - деди президент Назарбоев.

Цзинтао ва Назарбоев Қозоғистоннинг Каспий қирғоғидан Хитойгача нефт қувури, ҳамда Туркманистондан Қозоғистон орқали газ қувури ëтқизиш имкониятларини ҳам кўриб чиқдилар.

4 июн куни Боку расмийлари Пирсаат ҳавзасини ривожлантириш учун Хитой ва Озарбайжон давлат нефт компаниялари 80 миллион долларлик келишув имзолаганини маълум қилди. Боку жанубидаги Пирсаат ҳавзасида 7 миллион тонна нефт борлигига ишонилмоқда.

Хитой раҳбари Ху Цзинтао Остонага боришдан аввал 30 май куни Москвада Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти учрашуви доирасида Марказий Осиë раҳбарлари, шу жумладан Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов билан ҳам учрашди. Тожикистон давлат телевидениесининг билдиришича, Душанбе ва Пекин ҳукуматлари кўплаб масалалар бўйича бир хил ëки бир-бирига яқин позиция тутган.

Кузатувчиларга кўра, расмий Пекиннинг Марказий Осиëга бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда, чунки Хитой иқтисодиëтидаги жадал ўсишни сақлаб қолишда мазкур минтақа муҳим рол ўйнаши мумкин.

Хитой саноати учун зарур бўлган нефтнинг қарийб 50 фойизи нотинч Яқин Шарқ минтақасидан импорт қилинмоқда. Хитойда нефтга бўлган ички талаб тобора ортиб борар экан, Пекин Марказий Осиëни ўта муҳим энергия манбаси сифатида кўрмоқда. Мамлакат 2002 йилда 60 миллион тонна нефт импорт қилди. Аммо Хитой Молия вазирлигининг ҳисоб-китобларига қараганда, 2010 йилга қадар мамлакат ўзининг энергияга бўлган эҳтиëжини қондириш учун йиллига 120 миллион тонна нефт импорт қилиши керак.
XS
SM
MD
LG