Линклар

logo-print

Британия еврони қабул қиладими?


Фарангис Саид

Британия Молия вазири Гордон Браун ўзининг душанба куни парламентда қилган чиқишида Британия еврони қабул қилишга ҳозирча тайёр эмаслигини айтди.

Бу баёнотни эшитганлар ҳайрон бўлмадилар. Чунки кўплар Брауннинг евро валютасига ишончсизлик билан қарашини яхши биладилар.

Бироқ Британия Бош вазири Тони Блэр Брауннинг фикрига қўшилмади. У евро ҳудудига кириш мамлакат олдидаги ягона имконият, деб таъкидлади. Бош вазир билан муроса топишга ҳаракат қилган Гордон Браун евро аҳамияти катталиги ҳақда гапирди ва еврони қабул қилиш масаласи ҳозирча бир томонлама ҳал этилмаганини айтди:

Келаси йилда биз бюджет бўйича ҳисобот берамиз ва ундан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қиламиз. Ҳисобот хулосалари ижобий бўлса, еврони қабул қилиш масаласи Британия халқи муҳокамасига референдумга қўйилади.

Шароитлар қулай бўлганидагина, Британия еврони қабул қилиши керак, дер экан Браун, бундай шароитлар сирасида келаси 30 йилда евро ҳудудидаги савдо-сотиқ ҳажми 50 фоизга ошиши, фоиз ставкалари пасайиши, валюта курслари эса барқарорлашиши кераклигини айтиб ўтди.

Хуллас, Молия вазири Гордон Браун Британиянинг евро ҳудудига киришини номаълум муддатга кечиктиришга қарор қилди. Бу эса еврони тезда қабул қилиш керак, деяётган Тони Блэр раҳбарлигидаги Лейбористлар партиясини ҳам қониқтирмади, еврога мутлақо қарши чиқаётган Консерваторларга ҳам маъқул бўлмади.

Консерваторлар партиясининг молия масалалари бўйича масъул вакили Майкл Ховард бу вазиятдан Лейбористлар партиясини танқид қилиш учун фойдаланди:

- Блэр бир йўлни танласа, Браун бошқасини, партия вакиллари эса учинчи йўлни танладилар. Натижада сиёсатда можаро, муросасозлик ва чалкашлик ҳукм сурмоқда. Шу боис бу ҳукумат ҳеч нарсанинг уддасидан чиқа олмайди.

Мустақил кузатувчилар фикрича, Ховард танқиди унчалик асоссиз эмас. Ҳукумат ҳақиқатан ҳам евро масаласини қандай ҳал этишни билмаётган кўринади. Танқид остида ҳукумат референдум ўтказишга қарор қилган тақдирда ҳам, мутахассислар фикрича, британияликлар еврони эмас, фунт стерлингни афзал кўрадилар. Бундан ташқари, евро ҳудудидаги мамлакатлар, хусусан Европа Иттифоқи локомотиви бўлган Германия иқтисоди ҳозирда анча заифдир. Шу сабабдан, “Таймс” газетаси ўзининг 10 июнги сонида жорий йилда ўтказилган референдум ўз жонига суиқасд қилиш билан баробар бўлади, деб ёзди.
XS
SM
MD
LG