Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:39

Каспийнинг ноёб экосистемасига таҳдид солинмоқда.


Каспий денгизининг ҳайвонот дунёси ўта бой. Денгиз ҳавзасида яшайдиган қушлар, балиқлар, ҳайвонлар тури 700дан ортади. Дунё давлатларида сотилаётган балиқ икрасининг асосий қисмини Каспийда яшайдиган бакра балиғи икраси ташкил этади ва бу катта даромад манбаи ҳисобланади. Бироқ, Каспийнинг ранг-баранг флора ва фаунасига денгиз бўйида жойлашган давлатлар ҳукуматлари олиб бораётган турли йўналишдаги сиёсат таҳдид солмоқда. Масалан, Каспий атроф-муҳитини муҳофаза қилиш бўйича қонунлар суст, шунингдек, бор қонунларга кўпинча риоя қилинмайди. Бунинг устига Каспий мақоми ҳозиргача белгиланмаган. Натижада, Каспийдаги 20га яқин ҳайвон турининг бутунлай йўқ бўлиши хавфи пайдо бўлган. Заҳарли чиқиндилар Каспий қирғоқларини ифлослантирган. Бу эса ҳам одамлар, ҳам ҳайвонлар саломатлигига зиён етказмоқда.

Парвин Фарши Эроннинг Атроф-муҳитни сақлаш департаментида маслаҳатчи бўлиб ишлайди. Айни пайтда, Фарши хоним Каспий атроф-муҳити лойиҳаси қатнашчиси. Яқинда мазкур лойиҳа иштирокчилари минтақадаги экологик муаммолар ҳақидаги ҳисоботни эълон қилдилар. Бу хусусда Фарши хоним шундай деди: “Ҳисоботда Каспий атроф-муҳити бўйича асосий муаммолар белгиланган. Хусусан, бакра балиғи сони камайиб кетгани, биологик ранг-баранглик камаяётгани, нефт ва газ қазиб чиқаришнинг Каспий экологиясига етказаётган зарари, соҳил минтақаларидаги инфраструктурага етган зарар, соҳилбўйи минтақаларида планлаштириш ишларининг нотўғри олиб борилиши натижасида ерларнинг саҳролашиши каби муаммолар ҳисоботда ўз аксини топган”.

Бироқ, Каспий денгизи экологияси яхшиланишига умид бор. Чунки, Каспий бўйида жойлашган беш давлат, яъни Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Эрон экологик муаммоларни якка тартибда эмас, балки минтақа миқёсида биргаликда хал этиш режасини ишлаб чиқди. Мазкур режа – халқаро агентликлар ёрдами билан минтақа экологияси тобора ёмонлашиб бориши жараёнини тўхтатиш ҳамда барқарор тараққиётни рағбатлантиришни кўзда тутган. Фарши хонимга кўра, мазкур режа жорий йил октябр ойигача бешта каспийбўйи давлати томонидан тасдиқланади.

Айни пайтда, Россия Каспийга қуйиладиган Волга дарёсига тозаланмаган канализация сувлари ҳамда турли саноат чиқиндиларини оқизишда давом этмоқда. Алексей Яблоков Москвада жойлашган давлатга қарашли бўлмаган Россия атроф-муҳит сиёсати марказининг бошлиғи. Яблоковга кўра, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин амалга оширилган хусусийлаштириш, янги мустақил давлатлар саноатини атроф-муҳитга зарар етказмаслик масъулиятидан озод қилган. Бу ҳақда Алексей Яблоков шундай дейди: “Сувни тозалаш мажбурияти заводлар зиммасида бўлган. Кейинчалик мазкур заводлар юзлаб хусусий корхоналарга айланди. Битта йирик завод ўрнига юзлаб хусусий корхоналар пайдо бўлди. Айни пайтда, сув тозалаш учун ҳеч ким маблағ ётқизмади. Бунинг учун шаҳар ҳокимиятида пул йўқ. Шу сабабли ҳозирда сувнинг ифлосланиши бундан ўн йил аввалгига қараганда анча юқори”.

Каспий денгизи экологиясининг ифлосланишида Туркманистон ва Эроннинг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Ашхободда жойлашган Катена номли экология клуби ходими Тимур Беркелиев Туркманистондаги нефт заводлари атроф-муҳитни ифослантираётганини айтди.

“Туркманистонда ҳам атроф-муҳитни ифлослантирувчи манбалар бор. Туркманбоши номидаги нефт заводи шулар жумласига киради. Ҳозирда вазият ўзгаряпти. Бундан тахминан икки йил олдин заводга тозалаш ускунаси ўрнатилди. Шунга қарамай сув, Каспий денгизи бўғози ва унга туташ ерлар ифлосланган. Бундан ташқари, денгиздаги нефтни тозалаш заводлари ҳам ифлослантириш манбаси ҳисобланади”,- деб сўзига қўшимча қилди Тимур Беркелиев.

Каспий экологиясини муҳофаза қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилганига қарамай, Беркелиев ундан умидвор эмас.

Яблоковга кўра, Каспий минтақасидаги ёввойи ҳайвонот дунёсини сақлаб қолишга ёрдам бериш учун ҳукуматлар маҳаллий жамоаларни кўпроқ қўллаб-қувватлаши ҳамда уларга кенгроқ иқтисодий имкониятлар яратиши лозим. Айни пайтда, Каспий минтақасида тобора ривожланиб бораётган энергия секторининг атроф-муҳитга етказаётган зарарини камайтириш учун зарурий чоралар кўриш мумкин.
XS
SM
MD
LG