Линклар

logo-print

Ироқ: оммавий қирғин қуроллари ҳақида Бликс ва Чалабий гаплари


Фарангис Саид

Саддам Ҳусайн эгалик қилгани тахмин этилган оммавий қирғин қуроллари қаерда?

Ироқ миллий конгресси, деб номланаётган ва Вашингтон таянчига эга бўлган гуруҳ раҳбари Аҳмад Чалабий фикрича, АҚШ Саддам Ҳусайн қаердалигини аниқласа, оммавий қирғин қуролларини ҳам топади. Чалабий Саддам Ҳусайн ҳамон тириклигини таъкидлар экан, ядровий, биологик ва кимёвий қурол беркитилган жойнинг калити Саддам ва унинг кичик ўғли Қусай қўлида, деб айтди.

Урушдан олдин Вашингтон режаларини қўллаб-қувватлаган ва Ироқда оммавий қирғин қуроллари борлигини таъкидлаган Чалабийни эндиликда баъзилар хатарни ошириб кўрсатганликда айблашмоқда. Ўзини оқлашга уринган Чалабий эса авваламбор оммавий қирғин қуроллари ҳақдаги маълумотларга эга бўлган олимларни топиш кераклигини айтаётир:

- Энг муҳими – маҳфий гуруҳни топишдир. Ўша одамлар сизни қуролга олиб борадилар. Саддам ва оммавий қирғин қуроллари – айни нарсадир. Бирини топиш - иккинчисини ҳам ошкор этишни англатади.

Чалабий Саддамни топиш кераклигини айтаётган, Вашингтон расмийлари эса жамоатчилик диққатини Ироқ келажаги ва шунга оид дастурларга қаратиб, оммавий қирғин қуролларидан чалғитишга уринар эканлар, кўплаб саволлар БМТнинг қурол-аслаҳа бўйича инспекторлари раҳбари Ханс Бликсга берилмоқда.

Доимо ўта дипломатик бўлиб келган Бликснинг эса сўнгги пайтда сабр косаси тўлган кўринади. Ҳеч бир саволга қатъий жавоб бермайдиган, ҳеч бир тарафни қоралаш ёки оқлашга одатланмаган Ханс Бликс Британиянинг сўл қанот намоёндаси бўлмиш “Гардиан” газетасига берган эксклюзив интервьюсида Вашингтон ва Ироқ расмийларидан ниҳоятда норозилигини айтган.

Сўнгги 3 йил давомида БМТ бош инспектори бўлиб хизмат қилган Бликс АҚШ унга босим ўтказгани, объектив маълумот бермоқчи бўлганида, Оқ Уй унга таъсир кўрсатмоқчи бўлгани, бундай қила олмаганидан сўнг Бликсни қоралашга уринганини айтади. “Ироққа боришим маълум бўлганидан сўнг АҚШ ва Ироқ расмийларининг нақадар нопок ўйин олиб бораётганлари аён бўлди”, - дейди Ханс Бликс. Мана, унинг “Гардиан” газетасига берган интервьюсидан парча:

“Куз бошларида Бағдодда менинг бесоқолбозлигим ҳақда миш-мишлар тарқалди. Бундан ташқари, менинг Вашингтон “одами” эканлигим ва инструктаж олиш учун ҳар икки ҳафтада бир марта Вашингтонга бориб туришим ҳақда гапирилди”.

Шундай дер экан, икки ўғил отаси Ханс Бликс, мамнуният билан рафиқаси Ева бу маълумотга умуман эътибор бермаганини айтади.

БМТ инспекцияларини уч йил бурун бошқара бошлаган, бундан олдин эса 16 йил давомида Атом энергияси бўйича халқаро агентлигикка раҳбарлик қилган, асл швециялик Ханс Бликс шахсий таасуротлар ва ҳиссиётлардан яна Ироқ оммавий қирғин қуроллари масаласига қайтади:

- Ироқда оммавий қирғин қуроллари бўлган, менинг бунга ишончим комил. Вақт келиб, улар албатта топилади.

“Ироқда эса, АҚШ бунга қарши чиқаётганига қарамай, БМТ алоҳида рол ўйнаши керак”, - дея таъкидлайди уч ҳафтадан сўнг истеъфога чиқиши кутилаётган Ханс Бликс.
XS
SM
MD
LG