Линклар

Пентагон Германия ва Туркиядаги қўшинлари сонини қисқартиришни режаламоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Пентагон хориждаги ҳарбий қўшинлари жойлашувини тубдан ўзгартиришни режаламоқда. Бу ҳақда "Вашингтон пост" газетасида эълон этилган мақолада Америка қўшинларининг Шимолий ва Жанубий Корея давлатлари оралиғидаги демилитаризация худудидан чиқарилиши ва Саудия Арабистонидаги қўшинларнинг бошқа ерга олиб ўтилиши бундай ўзгаришлар дебочаси экани таъкидланади. Келажакда Қўшма Штатлар ўзининг Германия ва Туркиядаги йирик ҳарбий бўлинмаларини кичик гуруҳларга бўлиб, бошқа давлатларга кўчиришни режалаган. Мазкур дастур меъмори АҚШ Мудофаа вазири ўринбосари Энди Хоеннинг айтишича, Европада Совет тахдиди йўқолган бир пайтда Америка стратегияси террорчилик ва оммавий-қирғин қуроллари билан инсониятга хавф солаётган давлатлар тахдидига мослашиши керак. Вашингтондаги Брукингс институти ҳарбий таҳлилчиси Питер Сингер ҳам айни фикрга қўшилади.

- Биз ҳозир Совуқ уруши приоритетларини ифода этувчи ҳарбий тузилмага эгамиз. Ҳозир бу концепция эскирди. Ғарб ва Шарқ ўртасидаги Совуқ уруши хавфи йўқолган бир пайтда, бундай стратегия АҚШ миллий хавфсизлиги манфаатларига тўғри келмайди. Шундай экан, геосиёсий ўзгаришлар Америкадан хориждаги қўшинларини керакли жойларга олиб ўтишни тақазо этмоқда, - дейди вашингтонлик ҳарбий таҳлилчи Питер Сингер.

Пентагон ишлаб чиққан янги режа АҚШнинг Германия, Туркия, Саудия Арабистонидаги анъанавий ҳарбий базаларини кичик гуруҳларга бўлган холда Шарқий ва Жанубий Европа, Яқин Шарқ, Африка ва Осиё давлатларига кўчиришни назарда тутади. Шу йўл орқали Америка Қўшма Штатлари хориждаги ҳарбий қўшинларини мослашувчан ҳарбий тармоққа айлантиришни кўзлаган. Энг катта ўзгаришлар Германиядаги 70 минг аскарлик Америка қўшинларининг сони қисқартирилиши билан боғлиқ. Шунингдек, Штуттгард шаҳридаги АҚШ қўшинлари ҳарбий штабини Полша ёки бўлмаса Руминия, Болгарияга кўчириш масаласи ҳам кўрилмоқда.

"Озодлик" мухбири билан суҳбатда бўлган таҳлилчилар бундай силжиш ортида бошқа сабаблар ҳам борлигини назардан соқит қилишмаяпти. Гарчи, АҚШ расмийлари бундай ўзгаришлар кўпроқ стратегик характерга эга эканини айтишса-да, айрим кузатувчилар бундай сиёсатни Ироқ урушига қарши бўлган Германия ва Туркияга нисбатан Вашингтоннинг жазо сиёсати деб билмоқдалар. Аммо, Брукинг институти таҳлилчиси Питер Сингер АҚШнинг бундай кенг миқёсли ҳарбий реструктуризация ортида бошқа сабаблар ҳам борлигини айтади. Яъни, Сингер фикрича, АҚШ Германиядаги ўз ҳарбий бўлинмаларини Шарқий Европа давлатларига кўчириш орқали, бир томондан Ироқ урушига қарши бўлган давлатларга нисбатан ғазабини ифода этаётган бўлса, иккинчи томондан Вашингтон позициясини қўллаб-қувватлаган давлатларни тақдирламоқда. Айни фикрга Вашингтондаги Стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Януш Бугайски ҳам қўшилади.

- Ушбу давлатлари нафақат Ироқ уруши даврида, балки Афғонистонни қайта тиклаш ва умуман халқаро аксил-террор кампаниясида ўзларини Вашингтонга яхши стратегик ҳамкор бўла олишларини намаён этаолдилар, - дейди Бугайски.


Шу ўринда АҚШ қўшинларининг бошқа давлатларга олиб ўтилишига туртки бўлаётган бошқа омиллар ҳам бор. У ҳам бўлса Ироқ уруши боис Германия ва Туркияда аксил-америка кайфиятлари кучайганидир. Шундай экан, бу давлатлардан Америка қўшинларининг чиқарилиши у ерда яшовчи кўпчилик аҳолини хушнуд этади, аммо бошқа томондан ёмон иқтисодий оқибатларни ҳам келтириб чиқаради. Чунки, АҚШ ҳарбий базаларининг бирон бир давлатда бўлиши, бу ўша давлат учун катта даромад манбаи демакдир. Масалан, Туркияни олиб қарайлик. Анкара Ирок кампаниясининг дастлабки кунлари АҚШ қуруқлик қўшинларининг мамлакат орқали Ироқ шимолига ўтишларига ижозат бериш фурсатини бой берди. Энди эса Вашингтон Инжирликдаги 3 минг аскарлик ҳарбий қўшинини 500га қисқартириш ҳаракатини кўрмоқда. Узоқ йиллар давомида Инжирлик ҳаво базаси Вашингтон учун Яқин Шарқ сиёсатида муҳим стратегик аҳамият касб этиб келди. Аммо, Ироқ уруши арафасида Бахраин, Кувайт, Қатар, Аммон ва Бирлашган Араб Амирликларида янги ҳарбий базаларнинг очилгани Туркиянинг стратегик аҳамиятини бироз йўқотди.

Айни пайтда Америка Қўшма Штатларининг Марказий Осиёдаги қўшинларини яқин орада чиқариш нияти йўқ. Аксинча, Вашингтон 2001 йилги Афғон уруши арафасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда ташкил топган янги ҳарбий базаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришни режалаштирган. Ўтган хафта оҳирларида АҚШ вице президенти Дик Чейни Вашингтонда Қирғизистон Мудофаа вазири Аскар Аитматовни қабул қилди.Музокаралар чоғида томонлар Қирғизистоннинг Манас аэропортидаги Ганси ҳаво базасини кенгайтириш масаласини мухокама этдилар. Олдинроқ, Қирғиз парламенти мамлакатдаги АҚШ кучларига қўшимча ер бериш қарорини мақуллаган эди. Аммо, Брукинг институти таҳлилчиси Питер Сингер Вашингтоннинг Марказий Осиё давлатларида ҳарбий базаларини узоқ муддатга сақлаб қолиш режасига қўшилмайди.

- Чунки АҚШ қўшинларининг Марказий Осиёнинг авторитар далатларида қолиши, у ердаги ҳукуматлар юргизаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаш, уларга шерик белиш маъносини англатади, - дейди Сингер.

Айни пайтда Пентагон Грузия ва Озарбайжонга ҳам ҳарбий қўшинларини жойлаштиршни режалаган. Жами Кавказ минтакасига 15 минг аскарлик америка қўшини киритилиши кўзда тутилмоқда.
XS
SM
MD
LG