Линклар

logo-print

Ўзбекистон чегараларни нега беркитмоқда?


Абдуллоҳ Эргаш

Куни - кеча Москвада “Хизб - ут Таҳрир” партиясининг 55 аъзоси қўлга олинди. Россия Федерал қидирув бюросига кўра, қўлга олинганларнинг асосий қисми Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидир. Улар Россия ҳудудида “Хизб - ут Таҳрир” партияси бошланғич ташкилотларини ташкил этиб, ўз ғоялари тарғиботи билан шуғулланганлар.

Айни пайтда, Марказий Осиё мамлакатларида ҳам “Хизб - ут Таҳрир” партияси аъзолари устидан ўткизилаётган маҳкама жараёнлари кўпайди. Кузатувчилар бундан “Хизб - ут Таҳрир” партияси фаолияти кучаймоқда, деган хулосага келмоқдалар.


Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудида “хизбчи”ларнинг фаоллашуви ҳукуматларни ташвишга солмоқда. Қирғизистон ҳукумати “Хизб - ут Таҳрир”нинг фаоллашуви минтақадаги хавфсизликка таҳдид туғдириши мумкин, деб ҳавотир билдирди. Ўзбекистон ҳукумати эса Қирғизистон ва Тожикистон билан чегараларини мустаҳкамлашга киришди.


Европада ҳавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти эксперти Светлана Гафарова, кейинги ойларда Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистон чегарасида қуролли кучларни кўпайтирганлиги тўғрисида маълумот берди.


- Президент Каримов Ўзбекистон- Қирғизистон чегарасидаги қуролли кучлар таркибини кучайтирди. Бунинг натижасида аҳолининг чегаралардан ўтиши қийинлашди. Чегара- божхона пункитларида жанжаллар, зиддиятли вазиятлар пайдо бўлмоқда. Худди шундай вазиятни Ўзбекистон билан Тожикистон чегарасида ҳам кузатиш мумкин. Бу ерда жуда кўп чегара божхона пунктлари бира тўла ёпиб қўйилди, - дейди Светлана Гафарова.


“Новости” ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон томонидан чегараларнинг ёпиб қўйилиши, кўплаб одамларни чегарадан ноқонуний тарзда ўтишга мажбур қилмоқда. Бунинг натижасида фожеали воқеалар содир бўлмоқда. Масалан, 1999 йилдан то шу кунгача, Ўзбекистон- Тожикистон чегарасини ноқонуний тарзда кесиб ўтиш оқибатида пиёдаларга қарши миналардан 50 киши ҳалок бўлган, 40 киши оғир жароҳатланган.

Ўзбекистон - Қирғизистон чегарасига Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан кўмилган миналар 10 га яқин қирғизистонликнинг ҳаётига зомин бўлди.


Ўзбекистон ҳукумати чегараларни ёпиш мамлакат ҳавфсизлиги учун зарур, Қирғизистон ва Тожикистондан турли экстремистик гуруҳлар Ўзбекистонга суқилиб кириши мумкин, қабилидаги баёнотларни бераётир. Хўш, Ўзбекистон ҳукуматининг ҳавотирлари ўринлими? Яна сўз навбатини Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти эксперти Светлана Гафаровага берамиз.


- Бундан икки ҳафтача аввал Бишкекда бўлиб ўтган йиғилишда, Қирғизистон мудофаа вазирлиги бўлим бошлиғи Владимир Бережной ташвишли хабарни билдирди. Унинг айтишича, Афғонистондан Ўзбекистон Исломий ҳаракати қуролли гуруҳлари аъзоларининг чегарани бўзиб ўтаётганлиги ҳолатлари аниқланган. Бунинг натижасида Фарғона водийсида ташвишли вазият юзага келиши мумкин, - дейди Светлана Гафарова.


Лекин ғарблик кузатувчиларга кўра, ҳавотирларга ўрин йўқ. Кузатувчилар “Хизб - ут Таҳрир” мамлакат хавфсизлигига раҳна сололмайди, демоқдалар. Франциялик Марказий Осиёшунос олим, ислом масалалари бўйича бир қанча асарлар муаллифи Оливе Руа ҳам ана шундай фикрда.


- “Хизб - ут Таҳрир” зўравонликка қаршидир. Улар мафкуравий жиҳатдан радикал бўлганларига қарамай, террорчиликка алоқалари йўқ. Демак, савол туғилади? “Хизб - ут Таҳрир”нинг террорчиликка алоқаси йўқ экан, унда нега улар таъқиб қилинмоқда? – дейди Оливье Руа.


Олим ўртага қўйган саволга бошқа манбалардан жавоб излаб кўрамиз.


“Маҳаллий кузатувчиларнинг фикрларича, Марказий Осиёда радикал исломий оқимларнинг ривожланиши учун ҳеч қандай омил йўқ. Аммо диний экстремизмга қарши кураш баҳонасида, бу мамлакатларнинг ҳукуматлари сиёсий муҳолифатни йўқ қилмоқчилар”, деб ёзади GazetaSNG интернет нашри.


Кузатувчилар расмий Тошкент “Хизб - ут Таҳрир”га қарши курашни кучайтириш баҳонасида мамлакатда ўзгача фикрловчиларга қарши курашни авж олдираётганлигини қайд этмоқдалар.
GazetaSNG интернет нашрининг ёзишича, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон билан чегараларнинг ёпилиши расмий Тошкентнинг муҳролифатга қарши курашида қўл келади.
XS
SM
MD
LG