Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:19

Туркманбоши “Руҳнома”ни кимдан кўчирди


Абдуллоҳ Эргаш

“Гўрўғлининг руҳи бор, аниқ йўли бор миллат бахтлидир...”

Эшитганингиз, Сапармурот Туркманбошининг “Руҳнома” асаридан олинган парча эди.

Туркманистон президенти Сапармурот Ниёзов ўзида адабий иқтидор бор эканлигини кашф этгач, бу иқтидорни фалсафий тафаккури билан уйғунлаштирган ҳолда “Руҳнома” деган асар яратди. Туркман олимлари томонидан “Қурондан кейинги муқаддас китоб”, деб кўкларга кўтарилган “Руҳнома” инглиз, араб, белорус, хитой, немис, рус, турк, француз, япон ва бошқа бир қатор тилларга таржима қилинди.


Туркманбоши “Руҳнома”сини ўқиб чиққан одам, асарнинг фалсафий, тарихий, адабий жиҳатдан мукаммал эканлигини эътироф этмай иложи йўқ. Адабиётшунослар фикрича, ҳақиқатан ҳам асарни ўқишга арзийдиган китоблар сирасига қўшиш мумкин.


Бироқ айни кунларда Туркманбошининг адабиёт осмонида пайдо бўлган юлдузи сўнадиганга ўхшаб қолди. Москвадаги Экстремал журналистика маркази тарқатган хабарга қараганда, “Руҳнома”нинг бир неча боби машҳур инглиз олими Босворднинг “Мусулмон династиялари. Хронология ва генеалогия маълумотномаси” асаридан кўчирилган, кўчирмалар асарнинг 1971 йили Москвадаги “Наука” нашриёти томонидан чоп этилган нусҳасидан олинган.


Москвада яшаётган туркман тарихчи олими Муҳаммад Бердиев, Туркманбоши ҳамма нарсани ўзлаштиришга ўрганиб қолган, деган фикрни билдиради.


- Ниёзов Туркманистонда ҳокимиятни ўзлаштириб, Туркманбоши мақомини олди ва бир умрлик президент қилиб сайланди. У иқтисодни ўзлаштирди, мамлакат даромади унинг шахсий мулкидир. Шундай экан, Туркманбоши халқнинг онгини ҳам турли мафкуравий йўллар билан, алдов билан ҳам ўзлаштиришга ҳаракат қилишига шубҳа йўқ.


Туркман этнограф олими Чоушир Топпиевнинг ёзишича, Туркманбоши “Руҳнома” бобларини фақат инглиз олимларидангина кўчириб қўя қолмади. У асарига туркманча руҳ ва жозиба киритиш мақсадида бўлса керак, Туркманистоннинг машҳур олимлари асарларини ҳам иккиланмай кўчириб қўя қолган. “Сапармурот Ниёзов 2003 йилнинг март ойида Туркманистон миллий қўлёзмалар институти олимларига 100 минг доллар маблағ ўтказиб берди. Бунинг эвазига олимлар Туркманбошининг “Руҳнома” асари уларнинг илмий ишларидан кўчирилганлигини унутишлари лозим эди”, деб ёзади Чоушир Топпиев. Шу ўринда Туркманбоши “Руҳнома”сидан бир парча келтирсак.


- Сен туркман миллатининг олтин даврини яратасан. Бу сенинг таълимотингдир, бу сенинг йўлингдир, Сапармурод, - дейилади бу парчада.


Туркманбоши таълимоти туркман халқига нақадар наф келтирганини билмадиму, лекин Сапармурот Ниёзовнинг йўли суд идорасидан ўтиши аниққа ўхшаб қолди.


Экстремал журналистика маркази хабарига кўра, Туркманбоши “Руҳнома”нинг 75 саҳифасини инглиз олими Босворд асарларидан кўчирган. Бу билан “туркманлар отаси” инглиз олими Босворднинггина эмас, унинг асарларини рус тилига таржима қилган таржимон Грязневич ҳамда Британиянинг “Эдинбург Университет Пресс” ва Россиянинг “Наука” нашриётлари муаллифлик ҳуқуқини бузган.


Туркманбошининг адабий ўғирлик билан шуғулланганлиги фош этилгач, дунё услубчи олимлари ҳам енг шимариб унинг “Руҳнома”сини ўқишга киришсалар ва яна кўплаб машҳур муаллифларнинг Сапармурот Ниёзов томонидан ўзлаштирилган фикрларини топсалар, ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG