Линклар

НАТО ташкилоти истиқболларини аниқлаб олди


Фарангис Саид

НАТО ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари ташкилот ўзгартиришларга муҳтожлигини англаган ҳолда, 12 июн куни Брюсселда учрашдилар. Муҳокамалар якунида НАТО Бош котиби Жорж Робертсон мамнуният билан мана бундай деди:

- Мудофаанинг жуда муҳим масалалари бўлмиш терроризмга қарши кураш, ракеталар мудофааси ва ҳарбий ислоҳотлар каби масалаларда учрашув давомида катта силжиш бўлди.

Силжишлар эса, жумладан, қўмондонликлар сонини 20дан 11тагача қисқартиришни ва ягона стратегик қўмондонликка эга бўлишни англатади. НАТОнинг барча операцияларига масъул, деб белгиланган стратегик қўмондонликка АҚШ бошчилик қилади. АҚШнинг Виржиния штатида жойлашган иккинчи қўмондонлик эса тренинг масалалари билан шуғулланади.

Учрашув давомида, шунингдек, халқаро хавфсизлик масаласи муҳокама қилинди.

- Вазирлар, шунингдек, халқаро вазиятни ва хавфсизликка таҳдид солаётган омилларни муҳокама қилдилар. Афғонистондаги вазият алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Вазирлар бу мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик муҳимлигини якдиллик билан тан олдилар, - деди НАТО Бош котиби Жорж Робертсон.

Вазирлар эътибори Россия ва НАТО муносабатлари, хусусан Россия-НАТО кенгашининг фаолиятига қаратилди. Жорж Робертсон 12 июн куни кенгаш учрашуви бўлиб ўтганини маълум қилди:

- НАТО-Россия кенгашининг яна бир самарали учрашуви бўлиб ўтди. Бир йил ичида биз илгари тасаввур ҳам қилмаганимиз - Россия билан ҳамкорликни одатий амалиётга айлантирдик ва бугун Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов НАТО бўйича ҳамкасблари билан биргаликда бу ҳамкорликка янги туртки берди.

13 июн куни НАТОнинг Брюсселдаги бош қароргоҳида журналистлар саволларига жавоб берган Сергей Иванов НАТО ва Россия ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналиши – халқаро терроризмга қарши кураш эканлигини айтиб ўтди.

Учрашувда энг катта қизиқиш билан кузатилган шахслардан бири АҚШ Мудофаа котиби Доналд Рамсфелд бўлди. У ўз баёнотларининг бирида НАТО ташкилотининг бош қароргоҳи Белгия пойтахтида жойлашмаслиги керак, деб айтди. Чунки, Рамсфелднинг фикрича, Белгиянинг ироқликлар сўровини қондирган ҳолда АҚШ ҳукуматидан баъзи сиёсатчиларни суд қилишни сўраши у шахсларни Белгия ҳудудида таҳлика остига қўяди. Рамсфелд, албатта, АҚШ собиқ президенти Жорж Буш, вице-президенти Дик Чейни, Давлат котиби Колин Пауэлл, ва АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари бош қўмондони генерал Томми Фрэнксни назарда тутди.

Брюсселда жойлашган Халқаро криминал суди АҚШ ҳукуматидан ишларни кўриб чиқишни сўраган. АҚШ - судга қўшилмаган давлатдир. Агар у судга қўшилиб, унинг қонун-қоидаларига риоя қила бошласа, исмлари айтиб ўтилган таниқли сиёсатчилар биринчи Ироқ уруши давридаги қилмишлари учун Халқаро суд олдида жавоб беришлари мумкин. Бироқ Вашингтон шу дамгача расмий Брюссел сўровини кескин танқид қилиб келмоқда.

Рамсфелд эса НАТО учрашуви давомида нафақат Белгия, балки Ироқ урушига қарши чиққан Германия ва Франция вакиллари билан гаплашмай, буни журналистлар ва бошқа иштирокчиларга намойиш қилишга ҳаракат қилди ва бу билан кўпларни ранжитди.
XS
SM
MD
LG