Линклар

logo-print

Халқаро криминал судда Жорж Буш ва Дик Чейнилар суд қилинадими?


Фарангис Саид

БМТ Хавфсизлик кенгаши жаҳон давлатлари орасидаги жиддий келишмовчиликларни тан олган бўлса-да, америкалик ва судга аъзо бўлмаган бошқа мамлакатлар тинчлик сақловчи ҳарбийлари Халқаро криминал суд юрисдикциясига кирмаслиги ҳақдаги қарорни қабул қилди. Масала муҳокамаларида қатнашган 20 давлат вакиллари бу каби истиснолар Суд ҳамда Хавфсизлик кенгаши нуфузига путур етказишидан огоҳлантирдилар.

Франция ва Германия қарорни қўллаб-қувватлашдан бош тортди ва бетарафлигини билдирди. Шундай қилиб, қарорга Кенгашнинг 12 аъзоси овоз берди. Ӄаршилар бўлмади.

Шу ерда эслатиб ўтиш жоизки, Халқаро криминал суд жаҳоннинг кўплаб давлатлари томонидан таъсис этилган. АҚШ ва баъзи бошқа давлатлар унга қўшилмаганлар. Чунки мазкур тузилма вазифасига халқаро жиноятчиларни суд қилиш киради. АҚШ эса ўз фуқаролари, шу жумладан жаҳоннинг турли қисмларида тинчлик сақловчи қўшинлар таркибида хизмат қилаётган ҳарбийларининг бу судда суд қилинишини хоҳламайди.

АҚШ ва Европа давлатларининг Халқаро криминал суд бўйича позициялари бир-биридан фарқ қилса-да, Германия ва Франция вакилларининг таъкидлашларича, бу АҚШ ва Европа ўртасидаги рақобат ёки можаро мавжудлигини англатмайди. Сўнгги пайтларда АҚШни қўллаб-қувватлаётган ва шу боис европалик шериклари билан муносабатлари совуқлашган Британия эса пайшанба кунги қарорни мавжуд вазиятдаги энг қулай қарор, деб баҳолади:

- Биз АҚШнинг Халқаро криминал судга оид хавотирларини тушунсак-да, аммо уларга қўшилмаймиз. Бироқ айни вақтда биз 2002 йилда билдирилган ташвишлар ҳамон мавжуд ва Хавфсизлик кенгашининг позицияси ҳам ўтган йилдагидан фарқ этмаслиги кераклигига ишонамиз, - деди Британиянинг БМТдаги элчиси Жереми Гринсток.

Покистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги вакили Мунир Акрам расмий Исломобод номидан гапириб, АҚШ хавотирлари тушунарли, деди. Покистон - БМТ тинчлик сақловчи қўшинларига энг кўп ҳарбий юборадиган мамлакатдир. “Шу боис у ҳам турли мамлакатларда тинчлик ўрнатаётган покистонликларнинг Халқаро суд томонидан суд қилинишларини хоҳламайди”, - деди Мунир Акрам:


- БМТ тинчлик сақловчи қўшинлари халқаро судда ҳам, ҳеч бир мамлакат ёки халқаро ташкилот томонидан ҳам суд қилинмаслиги керак.

Покистон вакилининг бундай дейиши, албатта, қисман, Белгия томон отилган тошдир. Чунки куни кеча Белгияда жойлашган суд ироқликлар сўровларини қондирган ҳолда АҚШнинг собиқ президенти Жорж Буш, вице-президенти Дик Чейни, Давлат котиби Коллин Пауэлл ва АҚШнинг Ироқдаги қўшинлари бош қўмондони генерал Томми Фрэнксни биринчи Ироқ уруши даврида содир этган жиноятлари учун судга беришга қарор қилди ва тегишли сўровни АҚШга юборди.

Агар АҚШ ўз фуқароларининг Халқаро криминал суди юрисдикциясига киритилишига рози бўлса, исмлари келтирилган таниқли сиёсатчилар қилган ҳаракатлари учун Брюссел судьялари олдида жавоб берадилар.
XS
SM
MD
LG