Линклар

Ироқлик насронийлар ўз келажагидан хавотирланишмоқда.


Акрам Файзулло

Ироқлик насронийлар Саддам Ҳусайн ҳақида турлича қарашдалар. Уларнинг бир қисми Саддам Ҳусайнни диктатор, деб ҳисоблашади ва у ҳокимиятдан ағдарилганiдан хурсандлар. Бошқа ироқлик насронийлар эса, Саддам Ҳусайнни ўзларининг ягона ҳимоячи сифатида эслайдилар.

Саддам Ҳусайн режими ва санкциялар даврида кўплаб ироқликлар дуч келган оғир қийинчиликларни бошдан кечирмаганлардан бири Уилям Нурвиндир. У собиқ режимдан азият чекмаганини ва бошқа насронийлар ҳам қийинчиликларга учрамаганини гапиради.

- Бизни ҳеч ким камситгани йўқ, чунки Саддам Ҳусайн бизни қўллаб-қувватлади. У насронийларни ëқтирарди ва уларни барча эркинликлар билан таъминлаган эди, - деди Уилям Нурвин.

У Саддам Ҳусайн ҳукуматида бир неча насроний юқори лавозимларга тайинлангани, хусусан Ториқ Азиз Бош вазир ўринбосари бўлганини эслатиб ўтди. Аммо бошқа одамларнинг фикрича, Ториқ Азиз насроний бўлгани учун эмас, балки ўзининг сиëсий қобилияти туфайли, юқори лавозимда хизмат қилган.

Арман Проваслав черковининг аъзоси Ара Карабед насроний сифатида собиқ режимдан бирор-бир таҳдидга учрамаганини тилга олди. Аммо у насроний жамоасига айрича муносабат қилинмагани ва Саддам Ҳусайн ироқликларга, улар қайси динга мансуб бўлишларидан қатъий назар, бир хил муносабатда бўлганини қайд этди.

- Саддам Ҳусайн ироқлик насронийларни маълум даражада ҳимоя қилган бўлиши мумкин. Аммо агар кимдир унинг режимига қарши чиқан бўлса, у насроний, шиа ëки сунний бўладими Саддам Ҳусайн томонидан ўлдиртирилди ëки қаматилди,- деди Ара Карабед.

Бағдоддаги Ал Фикр Ал Масих католик черковининг руҳонийси Юсуф Томас Миркисга кўра, Ироқда яшовчи тахминан бир миллион насронийлар кўпинча ҳимоясизликларидан ташвишланишган ва Саддам Ҳусайннинг раҳм-шафқатига муҳтож бўлганлар. “Саддам Ҳусайн насронийларни қўллаб-қувватлади, деб айтиш нотўғридир”, - дейди Миркис. Унинг қайд этишича, ўтган 20 йил давомида Ироқда ҳар-хил камситишларга учраган 200 мингдан ортиқ насроний мамлакатни тарк этган.

Руҳоний Юсуф Томас Миркис ироқлик насронийлар ҳар доим билим ўрганишга интилганларини гапиради.

- Бағдод аҳолисининг тахминан 10 фойизини насронийлар ташкил қилади. Аммо пойтахтдаги жами инженерлар, шифокорлар ва зиëлиларнинг 35-40 фойизи насронийлардир, - деди Миркис.

Унга кўра, мамлакатдаги насронийлар ҳамиша ўзларини Ироқнинг яхши фуқаролари, деб ҳисоблашади. Уларнинг аксарияти АҚШ бошчилигида Ироққа қилинган урушга қарши чиқишган. Миркиснинг таъкидлашича, Ироқдаги насроний жамоаси ўз келажагидан хавотирланмоқда.

- Америка Ироққа қарши урушда ғолиб чиқди, аммо у мамлакатда ҳақиқий тинчлик ўрната оладими? Америкаликлар мамлакатимизни оккупация остида сақлашмоқда. Улар Ироқда тинчлик ўрнатишга ва халқ ишончини қозонишга муваффақ бўлишганича йўқ, - деди Миркис.

Унга кўра, агар Ироқда кўпчиликни ташкил этган шиалар ҳокимиятни эгалласа, мамлакатдаги насроний жамоасининг манфаатларига зарар етади. Яқинда Ироқда спиртли ичимликлар билан савдо қилган насронийларнинг кўплаб дўконлари вайрон этилди. Бағдоддаги Ал Фикр Ал Масих католик черковининг руҳонийси Юсуф Томас Миркис ироқлик насронийлар келажаги ҳар доимгидек, ҳокимиятга келадиган томоннинг сиëсатига боғлиқ бўлишини қайд этди.
XS
SM
MD
LG