Линклар

Теҳронда ҳукуматга қарши студентлар норозилик намойиши давом этмоқда.

  • Ҳасанжон

Эронда таълим масаласида бошланган намойишлар тез фурсатда ҳукуматга қарши норозилик намойишига айланиб кетди. Пайшанбага ўтар кечаси Теҳрон университети студентлари ва полиция кучлари ўртасида иккинчи кун тўқнашувлар юз берди. Хабарларга кўра, 500га яқин студент тун бўйи полиция кучлари ва диний гуруҳлар аъзолари билан тўқнашган. Полиция тўқнашув жойига қараб кетаётган яна уч мингга яқин студентлар тарафдорларининг йўлини тўсган. Воқеа жойига бора олмаганларидан сўнг улар машина сигналларини чалиб, Эрон раҳбарларига қарши шиорлар айтдилар.

Эрон мухолифатининг Лос Анжелес шаҳрида жойлашган хусусий ахборот воситалари одамларни ҳукуматга қарши намойишга қўшилишга чақирди. Озод Европа Озодлик радиолари қошидаги эшиттиришларини форс тилида олиб борувчи Фарда радиоси мухбири Сиёвуш Ардалан икки кун давомида воқеаларни диққат билан кузатиб борди. У тўқнашувлар қандай бошланганини шундай тасвирлади. “Кўпгина студентлар университетни кўча билан ажратиб турган девор бўйлаб юрдилар ва кўчада турган хавфсизлик кучларига қарши шиорларни айтдилар. Кейин бир неча жасурроқ студент девордан ошиб кўчага тушди. Улар машина ғилдираклари ва университет хоналаридан олиб чиқилган стол-стулларни ёқдилар. Баъзи студентлар ҳукуматга қарашли ва хусусий биноларнинг томига чиқиб, тош ва ёқилғи қуйилган шишаларни ота бошладилар”.

Ардаланга кўра, кўчада юз берган тўқнашувда студентлар диний гуруҳ аъзоларидан уч нафарини гаровга олганлар. Эроннинг Разведка вазири тўқнашувлар юз берган биринчи кечада 18 шахс қўлга олинганини эълон қилди. Аслида студентлар давлатга қарашли университетдаги айрим бўлимларнинг хусусийлаштирилиши режасига қарши норозилик билдирганлар. Агар мазкур бўлимлар хусусийлаштирилса, ўқиш учун ҳозирда тўланаётган оз миқдордаги ҳақ ошиб кетишидан студентлар ҳавотирга тушганлар. Бироқ таълим тизимида амалга оширилиши мўлжалланган ўзгаришлардан студентлар норозилиги ҳукуматга қарши танқидлар айтилишига туртки бўлди.

Али Ансари Англиядаги Дурҳам университетида Эрон сиёсати бўйича мутахассис. Унга кўра, мўътадил сиёсатчи, президент Муҳаммад Хотамий қаттиққўллик сиёсати тарафдори бўлган консервативлар босимига дош беролмай ислоҳотлар ўтказа олмагани ислоҳотчи студентлар норозилигига сабаб бўлган. Маълумки, феврал ойида бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда ислоҳотчилар шаҳар кенгашларидаги кўпчилик ўринни консервативларга бой берди. Ислоҳотчилар мағлубиятга учрашининг яна бир сабаби, Эронда ислоҳотлар амалга оширилмаётганидан ҳафсаласи пир бўлган фуқароларнинг кўпчилиги овоз бериш учун сайлов участкаларига келмаганида.

Ансарига кўра, ислоҳотчи студентлар ўз ҳатти-ҳаракатлари билан Ҳотамийнинг сабр-тоқатли бўлиш ҳақидаги чақириқларига бундан буён чидай олмасликларини кўрсатганлар.

“Уларнинг ҳатти-ҳаракатлари, Ҳотамийнинг чақириқларини бундан буён жиддий қабул қилмасликларини англатади. Агар Ҳотамий, илтимос тинчланинглар ва келаси сайловларда овоз беринглар, деса улар, йўқ биз бу ишларнинг барчасини қилдик, деб жавоб беришади”, - деди Али Ансари.

Президент Муҳаммад Ҳотамий номзодлар учун сайловолди талабларини юмшатиш, фаолларни таъқиб қилаётган қаттиққўллик тарафдори бўлган судяларни жазолаш учун ўз салоҳиятларини ошириш ҳақидаги қонун лойиҳаларини ислоҳотчилар ҳукмрон бўлган Парламентга тақдим этди. Бироқ, конституция бандлари амалда бажарилишини назорат қилиб борувчи консерватив Васийлар Кенгаши ҳар икки чорани рад этди.
XS
SM
MD
LG