Линклар

logo-print

Миналар афғонистонликлар ҳаëтига таҳдид солмоқда.


Акрам Файзулло

Афғонистон жаҳонда миналар энг кўп кўмилган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бугун мамлакатдаги 720 миллион квадрат метр майдонда 8 миллиондан ортиқ мина борлигига ишонилмоқда. Ой сайин Афғонистонда миналар портлаши оқибатида 150-300 одам нобуд бўлмоқда ëки яраланмоқда.

Кобулда жойлашган Mine Detection Center мина майдонларини тозалаш билан шуғулланади. Мазкур марказ бошлиғи Шаҳоб Ҳакимий маҳаллий ва халқаро нодавлат ташкилотлар бир неча йилдан бери мамлакатдаги мина майдонларини тозалаëтганини гапиради.

- Ўтган 10 йил мобайнида тахминан 263 миллион квадрат метр майдон миналардан тозаланди. Аммо Афғонистонда яна камида 420 миллион квадрат метр ер миналардан тозаланиши керак, - деди Шаҳоб Ҳакимий.

Афғонистон ҳудудлари бўйлаб мина майдонларини тозалаш ишларида саккиз мингдан ортиқ мутахассис қатнашмоқда. Биргина Европа Комиссиясининг ўзи Афғонистондаги мина майдонларини тозалаш ишлари учун 10 миллион долларлик ëрдам берди.

Шунга қарамай, Афғонистон фуқаролари мина майдонларини тозалаш ишлари секин олиб борилаëтганидан шикоят қилишмоқда. Улар айрим нодавлат ташкилотларни халқаро ҳамжамият томонидан берилаëтган маблағларни суиистеъмол қилаëтганликда айбламоқдалар.

Кобул атрофидаги Майпар ҳудудида яшовчи Қоҳир исмли йигит мина майдонларини тозалаш ишлари минтақанинг аҳамиятига қараб олиб борилаëтганини танқид қилди.

- Мина майдонларини тозалаш билан шуғулланувчи мутахассисларнинг нима учун Кобулда ишлашаëтганини тушуна олмаяпман. Чунки пойтахтда мина йўқ. Мутахассислар вилоятларга боришлари керак. У ерларда жуда кўп мина майдонлари бор. Мисол учун, яқинда Майпар ҳудудида бир дўстим мина қурбони бўлди, - деди Қоҳир.

Айрим афғонистонликларнинг айтишларича, мамлакатдаги қуролли кучлар мина кўмишни давом эттирмоқда. Шаҳоб Ҳакимийга кўра, нодавлат ташкилотлар баъзи маҳаллий қўмондонларни улар иҳтиëридаги миналарни зарарсизлантиришга кўндирган. У қўшимча қилиб, Мудофаа вазирлиги билан ҳам шундай музокаралар олиб борилаëтганини қайд этди.

- Мудофаа вазирлиги билан олиб борилаëтган музокаралар ижобий натижалар бермоқда. Ўтган ойда вазирликка қарашли омборлардан биридаги барча миналар кучдан чиқарилганига журналистлар гувоҳ бўлишди. Вазирликнинг Кобулда 49та шундай омбори бор. Яқинда фуқаролар, журналистлар ва халқаро кузатувчилар кўз олдида вазирликка тегишли яна минглаб мина кучдан чиқарилади, - деди Шаҳоб Ҳакимий.

Аммо айни пайтда Афғонистонда миналардан майиб-мажруҳ бўлиб қолган 150 минг одам оғир шароитларда кун кечирмоқда. Ногиронларнинг бир ойлик нафақаси бор-йўғи 100 афғоний, ëки икки доллардир. Мамлакатда ногиронлар аравачалари ва протезлар етишмаяпти. Мина қурбонларидан бири Рўзигул Паштунëр ўз аҳволи ҳақида шуларни айтади:

- Мина – дўст ва душман ўртасидаги фарқни билмайдиган хавфли қуролдир. Руслар томонидан кўмилган минани босиб, икки оëғимдан ажралдим ва бир қўлим шол бўлиб қолди. Бош ва бел оғриқларидан ҳали ҳам қутулганим йўқ. Бир куни етти яшар ўғлим “Дада оëқларингизга нима бўлди”, деб сўради. Жавоб ўрнига кўзларим ëшга тўлди, - деди Рўзигул Паштунëр.

Мина майдонларини тозалаш – жуда узоқ давом этадиган хавфли жараëндир. Афсуски, Афғонистон аҳолисининг 20 йиллик фуқаролар уруши давридан қолган миналар балосидан қутулишига ҳали яна кўп вақт борга ўхшайди.
XS
SM
MD
LG