Линклар

Қирғизистонда сўз эркинлиги тугатилмоқда


Абдуллоҳ Эргаш

Куни-кеча Қирғизистон парламенти - Жогорку Кенеш “Эркин ва мустақил оммавий ахборот воситалари” мавзуси муҳокама этишни бошлади. Муҳокамани Жогорку Кенеш ахборот сиёсати қўмитасининг раиси Кабай Карабеков очди. У ўз сўзида кейинги йилларда Қирғизистон сўз эркинлиги тамойилларидан бир оз ортга чекинганлигини қайд этди. Депутатнинг фикрича, сўз эркинлигининг чинаккамига ривожланишига Қирғизистон жиноят кодексининг 127 моддаси тўсқинлик қилмоқда. Бу моддага кўра, шубҳали ва туҳматдан иборат маълумотларни тарқатганлиги учун журналистлар уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши кўзда тутилган. Жогорку Кенеш ахборот сиёсати қўмитаси бу моддани Жиноят кодексидан чиқариб ташлаш таклифини ўртага қўйган.

Ҳозирча бу борада депутатлар мунозараси давом этмоқда. Бундан бир йил аввал ҳам шу масала кўтарилган ва 127 модданинг бекор қилиниши учун 2 овоз етмай қолган эди. Бу сафарги муҳокамада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган бу модда олиб ташланадими? Бу савол бугунги кунда Қирғизистондаги барча журналистларни қизиқтирмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Қирғизистон Жиноят кодексининг 127 моддаси шу кунгача ҳукумат учун хизмат қилиб келди. “Политика”, “Свободние гори”, “Ордо” каби мустақил нашрлар ушбу модда кўмагида таъқиқлаб қўйилди. “Қирғиз ордо”, “Асаба”, “Моя столица” газеталари айнан мана шу модданинг ёрдами билан хонавайрон қилинди. “Моя столица” газетасининг бош муҳаррири Александр Ким бу ҳақда шундай дейди:

- Чегара жуда аниқ қилиб чизиб берилган. Президентни, унинг оиласини танқид қилиб бўлмайди, олий даражадаги раҳбарият ўртасидаги коррупция ҳақида ёзиш мумкин эмас. Мана шу чегарадан ўтган нашрлар ё суд томонидан ёпилади, ёки мисли кўрилмаган жарималар туфайли хонавайрон этилади, - дейди Александр Ким.


“Моя столица” газетаси устидан ўтказилган маҳкама жараёнида иштирок этган адвокат Сергей Воронцов, газетанинг хонавайрон бўлишга “Мерлисайд” фирмаси даъво арзи сабаб бўлди, деб фикр билдиради.Воронцовнинг таъкидлашича, газета “Мерлисайд” фирмаси кўп йиллардан бери солиқ тўламай ишлаётганлиги тўғрисида танқидий мақола чоп этган. Суд бу мақоланинг ҳақиқатга қанчалик тўғри эканлигини текширмай туриб, газетага 500 минг сўм, яъни 12 минг АҚШ доллари миқдорида жарима солган.

- Қизиғи шундаки, Миллий ҳавфсизлик хизматининг Қоракўл шаҳар бўлими “Мерлисайд” фирмаси устидан жиноий иш очган. Аммо судда бу далил инобатга олинмади. Бунгача “Моя столица” газетаси устидан судга 20 дан ортиқ даъво аризаси тушган. Уларнинг орасида Бош вазир Николай Танаевнинг аризаси ҳам бор. Хуллас, суд ҳукумат томонидан газетани хонавайрон қилиш ҳақида кўрсатма олган, - дейди адвокат Сергей Воронцов.

Кузатувчиларга кўра, Қирғизистон ҳукуматининг эркин нашрларни тазйиқ остига олиши, мамлакат ва президент имиджига салбий таъсир кўрсатмоқда. Чунки, бундан бир неча йил олдин халқаро ташкилотлар томонидан Қирғизистонни Марказий Осиёдаги сўз эркинлиги мавжуд мамлакат сифатида эътироф этишган эди. Аммо жорий йилда Озодлик уйи ташкилоти ҳисоботида Қирғизистон сўз эркинлигига тўсқинлик қилаётган мамлакатлар қаторидан жой олган.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, Қирғизистон парламенти Жиноят кодексининг шубҳали маълумотларни чоп этган нашрлар ва журналистларга нисбатан қўлланадиган 127- моддасини бекор қилса, мамлакатда сўз эркинлиги учун қулай шароит пайдо бўлади. Бироқ, кузатувчилар фикрича, шу кунгача бу модданинг ёрдамида барча мустақил нашрлар йўқ қилиб бўлинган. Шунинг учун Қирғизистон парламенти - Жогорку Кенеши бу моддани иккиланмасдан бекор қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG