Линклар

logo-print

Эронликларнинг ҳукуматга қарши намойишлари


А. Аррал

Кеча кечқурун яна минглаб эронликлар пойтахт Теҳрон марказида тўпланиб, мамлакат раҳбарларига қарши намойиш ўтказдилар. Полиция намойишчилар ва уларга хайрихоҳ бўлган оломонни тарқатиб юбориш учун кўздан ëш оқизувчи газ ишлатди. Мутаассиб миршаблар эса, мотоциклларда намойишчиларнинг изидан қувиб, уларни калтаклашди.

Тўполон шу ҳафта бошларида талабаларнинг университетни хусусийлаштирилиш режаларига кўрсатган қаршиликларидан бошланди. Кўп ўтмай намойишчилар очиқдан-очиқ сиëсий талаблар билан чиқа бошладилар.

Намойишчилардан айримлари Олий руҳоний лидер Оятулло Али Хоманаийга қарши шиорлар кўтариб, бошқалари Президент Муҳаммад Хотамийнинг ижтимоий ислоҳотларига норозилик билдиришди.

Радиомиз мухбири Шоëн Жобирийнинг айтишича, намойишчилар ортида ҳеч қандай алоҳида раҳбар бўлмаган. Намойишда нафақат талабалар, балки жуда кўп оддий эронликлар ҳам иштирок этишган.

"Бизнингча, бу намойишларга талабаларнинг норозиликлари сабаб бўлди. Бошқа томондан эса, сиëсий, ижтимоий ва иқтисодий босим остига тушиб қолган эронликлар ўз муносабатларини билдириш учун шундай бир шароитни кутиб турган эдилар".

Эроннинг олий раҳбари Оятулло Ал Хоманаий эса, намойиш ва тўполонлар учун АҚШни айблайди:

"Америкаликлар бутун дунëга диктаторлик қилмоқчилар. Қурол-аслаҳа кучи билан ўрнатиладиган бундай диктаторликни дунëнинг озод ва мустақил миллатлари ер билан яксон қилишлари мумкин. Ҳеч бир миллат агарда у озод, мустақил ва иродали бўлса, диктаторликни қабул қилмайди".

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Ричард Баучернинг бу борадаги шарҳи мана бундай:

"Биз Эрон халқининг демократия, қонун устуворлиги ҳақидаги овозлари эшитилади ва Эрондаги ўзгаришлар минтақа барқарорлиги учун хизмат қилади, деб умид қиламиз. Биз намойишчиларнинг сиëсий қарашлари учун қамоққа олинганидан ташвишланиш билдирамиз ва Эрон режими уларнинг инсоний ҳуқуқларини бузмай, қамоқдан озод этишини кутамиз".

Бундай намойишлар 1999 йили ҳам бўлиб ўтган ва ўшанда намойишчилар билан хавфсизлик кучлари ўртасида юз берган тўқнашувларда бир талаба ҳалок бўлган эди. Аммо, ўтган намойиш билан бу галги намойиш ўртасидаги муҳим бир фарққа эътибор қаратади Теҳрон университити профессори Содиқ Зибокалом. Унга кўра, ҳозирги намойишларда талабалар Президент Хотамий ислоҳотларига ҳам қаршилик билдирмоқдалар.

"Бу ижтимоий ва сиëсий кўринишдаги аралаш-қуралаш намойиш бўлди. Аммо бу намойиш хорижда акс этганичалик катта ва кенг кўламли бўлгани йўқ".

Кузатувчиларга кўра, бу намойишлардан кейин Хотамий талабалар ва ëш авлод орасида ўз шуҳратини йўқотиши мумкинлигидан хавотирланмоқда. Намойишларни давом эттиришга аҳд қилган талабалар шанба куни Теҳрон кўчаларида кўринмадилар.
XS
SM
MD
LG