Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:39

Тожикистон барқарорлиги унинг иқтисодига боғлиқ


Абдуллоҳ Эргаш

Тожикистон расмийларига кўра, 1992- 1997 йиллардаги фуқаролар уришидан кейин, мамлакатда барқарорлик тикланиши қийин кечмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, 6 миллионли Тожикистон аҳолисининг 80 фоизи қашшоқликда умр кечирмоқда. Беш ёшгача бўлган тожик болаларининг 46 фоизи доимий равишда қорни тўйиб овқат емайди. Қашшоқлик эса ўз навбатида банг моддалари савдосининг ривожланишига ва диний экстремизмнинг кучайишига олиб келмоқда.

“Азия Плюс” ахборот агентлигининг Тожикистон ички ишлар вазирлигига таяниб маълумот беришича, 2003 йилнинг биринчи чорагида , ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробар кўп наркотик моддаси мусодара қилинган. АҚШ Тожикистонга наркотрафикка қарши кураш олиб бориш учун 2, 4 миллион доллар маблағ ажратган. Банг моддаларини назорат қилиш агентлиги раҳбари Аваз Йўлдошев, бу маблағ банг моддалари савдосига қарши кураш учун камлик қилишини айтди. Бирлашган миллатлар ташкилоти Тожикистонни барқарорлаштиршга кўмаклашиш дастури раҳбари Владимир Сотиров , банг моддалари савдоси ва диний экстремизм Тожикистон барқарорлигининг биринчи сонли душмаидир, деган фикрни билдирди:

- Аҳоли қўлида кўп миқдордаги қурол - аслаҳанинг мавжудлиги Тожикистон барқарорлигига биринчи таҳдиддир. Иккинчидан, коррупция ва банг моддалари савдосига қарши курашни кучайтириш зарур. Диний экстремизм ҳам Тожикистоннинг қаттиқ бош оғриғидир. Бу иллатларнинг барчаси қашшоқлик натижасида пайдо бўлган. Уларга қарши курашнинг энг мақбул йўли, мамлакат иқтисодини тиклаш ва ривожлантиришдир, - деди Владимир Сотиров.

Тожикистон расмий статистикаси, иқтисоднинг ривожланаётганлиги тўғрисидаги рақамларни эълон қилмоқда. Ҳукумат тарқатган маълумотномада, 2003 йилнинг биринчи чорагида саноатда ўсиш 10,2 фоизни ташкил қилган. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) га кўра, Тожикистонда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2002 йилда 9 фоизга ўсган. Бу йил бу ўсиш 6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Бироқ , шунга қарамай, мамлакатда ишсизлик муаммоси долзарб бўлиб турибди. Тожикистон халқаро ташкилотларга молиявий жихатдан қарам бўлиб қолган. Май ойининг бошида Душанбе шаҳрида йиғилиш ўткизган халқаро ташкилотлар, Тожикистонга уч йил мобайнида 900 миллион доллар миқдорида молиявий кўмак кўрсатишга келишиб олдилар. Жорий йилда АҚШТожикистонга 10 миллон , Эрон 25 миллон долларлик ёрдам кўрсатади. Халқаро банк Тожикистон маориф тизими ислоҳоти учун 20 миллон доллар ажратди. Жорий йилнинг биринчи чорагида Тожикистонга кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами 50 миллон долларни ташкил этди.


Тожикистон ҳукумати ўз иқтисодий сиёсатини амалга оширишда халқаро ташкилотларнинг кўмагидан умидвор бўлмоқда. Айни пайтда Тожикистоннинг Халқаро Савдо ташкилотига аъзолик масаласи кўриб чиқилмоқда. Тожикистон Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Маъруф Сайфиев фикрича, бу ташкилотга аъзо бўлиш орқали мамлакат экспорт қилиш ҳажмини ошириши мумкин.


- Агар Тожикистон Халқаро савдо ташкилотига аъзо бўлса, экспорт ҳажмининг кўпайишига умид қилса бўлади. Европа Иттифоқи томонидан алоҳида стандартлар ишлаб чиқилган. Бизнинг саноат маҳсулотларимиз бу стандартларга жавоб бермаслиги сабабли, экспорт имкониятлари чекланган. Ҳалқаро савдо ташкилотига аъзо бўлиш орқали маҳсулотларимизни шу стандартларга мослаштирамиз ва натижада экспорт ҳажми ҳам кўпаяди, - дейди Маъруф Сайфиев.
XS
SM
MD
LG