Линклар

logo-print

Ироқ аҳолиси орасида америкаликларга қарши кайфият кучаймоқда.


Акрам Файзулло

Якшанба куни Америка ҳарбийлари Ироқнинг Фаллужа, Тикрит, Рамади ва бошқа бир неча ҳудудларида собиқ президент Саддам Ҳусайнга содиқ бўлган қуролли шахсларга қарши кенг кўламли ҳарбий кампания бошладилар. АҚШ ҳарбийларига кўра, “Чўл Чаëни” деб аталган мазкур кампания бир неча ой давом этиши мумкин.

Кузатувчилар фикрича, америкаликлар ўзларига қаршилик кўрсатаëтган кучларни бутунлай тор-мор этмас эканлар, уларга қарши ҳужумлар тўхтамайди, деб ҳисобламоқда.

Ройтер ахборот агентлиги маълум қилишича, якшанба куни Балад минтақаси атрофида Америка автоколоннасига ҳужум қилингани оқибатида бир неча АҚШ аскари яраланган. АҚШ Сенати қошидаги разведка қўмитаси раиси Пат Робертс Ироқда барқарорлик ўрнатилмагунича, хавфсизлик муаммоси ҳал бўлмаслигини қайд этди.

АҚШ полковники Девид Перкинснинг маълум қилишича, якшанба куни Фаллужа шаҳрида 10 одам хибсга олинган ва бир неча қурол мусодара қилинган. Бошқа тўртта жойда қўлбола бомба тайëрлаш билан шуғулланган етти киши ушланган ва бир неча бомба зарарсизлантирилган. Яқинда Тулуя минтақасида тахминан 400 ироқлик ҳибсга олинган эди. Ҳозир улардан фақат 32 нафари қамоқда сақланмоқда, қолганлари эса озод этилган.

Кузатувларга кўра, Ироқда америкалик аскарлар уйма-уй ўтказаëтган текширув давомида баъзан бегуноҳ фуқаролар нобуд бўлмоқда, яраланмоқда, ҳибсга олинмоқда ëки моддий зарар кўришмоқда. Бунинг оқибатида Ироқ аҳолиси орасида америкаликларга қарши кайфият тобора кучаймоқда.

Озодлик радиоси Ироқ шуъбаси директори Девид Нютон ироқликларнинг Америка аскарларига нисбатан муносабатини қуйидагича изоҳлайди:

“Менимча, аксарият ироқликлар Америкага тарафдор, фақат баъзилари қаршидир. Ироқнинг аксар ҳудудларида осойишталик ҳукм сурмоқда. Аммо сўнгги пайтларда Ироқдаги Америка аскарлари тез-тез ҳужумларга учрамоқда. Бунинг оқибатида америкаликлар ва ироқликлар ўртасидаги муносабатларда айрим кескинлик кузатилмоқда”, - деди Девид Нютон.

Маълумотларга қараганда, ўтган икки ой мобайнида Ироқда тахминан 40 нафар америкалик аскар ҳалок бўлган, ўнлаб ҳарбийлар яраланган. Вашингтон расмийларига кўра, собиқ Баас партияси аъзолари, Американи ëқтирмайдиган ақидапарастлар ва ëлланган жиноятчилар америкалик аскарларни нишонга олишмоқда.

Ўтган ҳафтада Балад шаҳри атрофида юз берган отишмада Америка аскарлари етти нафар ироқликни отиб ўлдиришди. Бироқ АҚШ полковники Энди Фоулер душанба куни бир баëнот тарқатиб, мазкур ҳужумда отиб ўлдирилганлардан фақат икки нафари жангари бўлгани, қолган беш одам эса бегуноҳ бўлиши мумкинлигини билдирди.

Айрим кузатувчилар фикрича, Америка аскарлари Ироқда йўл қўяëтган хатоларини тўғрилаш ва ҳамда ироқларнинг уларга муносабатини яхшилашнинг турли усулларини ишга солмоқда. Мисол учун, якшанба куни бир неча минтақада Америка аскарлари ëқилғи шахобчаларида кўплаб ироқликларга бепул бензин тарқатишди ва ëшларга футбол тўпларини ҳадия қилишди.
XS
SM
MD
LG