Линклар

logo-print

Халқаро ҳамжамият Эронга босим ўтказмоқда


Фарангис Саид

Душанба куни Австрия пойтахти Венада Атом энергияси бўйича халқаро агентлик учрашуви бошланди. Учрашувда агентлик инспекторларининг Эронда ўтказган текшируви натижалари муҳокама қилинди.

Агентлик раҳбари Муҳаммад Эл-Барадей Эрон раҳбариятини ядровий қуролларни тарқатмаслик ҳақдаги халқаро шартномага қўшимча протоколни имзолашга чақирди. Ушбу протокол халқаро инспекторларга Эрон ядровий объектларини текшириш ҳуқуқини беради. Текширувдан мақсад – мамлакатдаги ядровий объектларда ядровий қурол ишлаб чиқарилаётгани ёки чиқарилмаётганини ўрганишдир.

Агентлик матбуот котибаси Мелисса Флеминг Озодлик радиосига мазкур протоколни барча мамлакатлар имзолашлари кераклигини айтди:

- Бу Атом энергияси бўйича халқаро агентлик учун ниҳоятда муҳим шартномадир. У бизнинг муайян мамлакатда турли объектларга бориш ва керакли маълумотни йиғиш ҳуқуқимизни кенгайтиради. Протоколни нафақат Эрон, балки ҳамма мамлакатлар имзолаши керак. Айниқса Эрон бундай қилиши лозим. Чунки у ҳозирда ядровий дастур устида ишлар олиб бормоқда.

Теҳрон раҳбарияти эса БМТдан Эрон ядровий дастурига нисбатан жорий этилган таъқиқни бекор қилишни сўраб, акс ҳолда инспекторларга мамлакатда ишлашга рухсат бермаслигини маълум қилди.

Европа давлатлари Атом энергияси бўйича халқаро агентлик ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар масалалари бўйича масъули Хавер Солана Эроннинг протокол имзолашига умид билдирди:

- Менимча, Эрон қўшимча протоколни имзолаши лозим. Уни ҳамма имзолаши керак. Бу жуда муҳим ва мен Эрон протоколни имзолайди, деб умид қиламан.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик учрашувида қатнашаётган АҚШ расмийлари Теҳрон ҳаракатларини қораловчи баёнот қабул қилишга даъват этдилар. Вашингтон намояндалари, шунингдек, Эрон ядровий дастурига жиддий ёндашиш кераклиги, агар Теҳрон расмийлари халқаро инспекторлар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортса, масалани БМТ Хавфсизлик кенгашида муҳокама қилиш лозимлигини таъкидламоқдалар.

Буш маъмурияти фикрича, Эрон раҳбарияти ядровий объектларда ядровий қурол ишлаб чиқариш устида ишламоқда.

Европа давлатлари бундай айблов билан чиқишга шошилмаяптилар. Бироқ улар ҳам Теҳроннинг халқаро инспекторларга тақдим этган ҳисоботидаги хатолар ва бир-бирига зид маълумотлардан хавотирланмоқдалар. Айни вақтда улар агар Теҳрон инспекторлар билан ҳамкорлик қилмаса, Европа ва Эрон ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажми кескин қисқариши мумкинлигидан огоҳлантирдилар. Ваҳоланки, Европа ва Эрон ўртасидаги савдо ҳажми йилига 13 миллиард долларни ташкил этади.

Россия ташқи ишлар вазири Игор Иванов Ҳиндистон ташрифи давомида Кремлнинг Эрон масаласи бўйича позициясини ифода этаркан, Теҳрон Атом энергияси бўйича халқаро агентлик томонидан ишлаб чиқилган протоколни имзолашига ва инспекторларга мамлакат ичкарисида ишлашга рухсат этишига умид билдирди.

Россия Эроннинг ядровий соҳадаги йирик ҳамкорларидан бири бўлиб, расмий Теҳрон билан Бушеҳр шаҳрида ядровий реактор қуриш ҳақдаги 800 миллион долларлик контрактга эга. Вашингтон эса реакторда ядровий қурол ишлаб чиқарилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG